Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:42

Матбуот шарҳи: Андижонда наркоман милиционерлар ушланди


Андижонда гиёҳвандлик йўлига кирган икки милиция ходими фош этилди

Андижон тумани ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш инспектори, майор Улуғбек Отахожаев ва Улуғнор тумани ИИБ паспорт столи инспектори Жасурбек Бўстонов гиёҳвандлик моддаларига ружу қўйгани боис маҳкамага тортилди (“Постда”, 1 апрель). Икки милиция ходими биргаликда мунтазам равишда гиёҳвандлик моддалари истеъмол қилиб келган. Бундан ташқари, майор У.Отахожаев ИИБ ихтиёридаги, далилий ашё сифатида мусодара қилинган гиёҳвандлик моддаларини ўғирлаб сотган. Наркоманликда айбланган милиция ходимларига тайинланган жазо очиқланмаган. “Судланувчилар айбларига иқрорлигини, қилмишлари учун пушаймон эканликларини билдиришди. Аммо энди бундан не наф? Бинобарин, ички ишлар органи ходимлари бўлган бу инсонларнинг қилмишларини сира оқлаб бўлмайди” деб ёзади ИИВ нашри.

Хоразм вилояти солиқ идораси коррупцияга қарши курашиш бўлими раҳбари ўзи коррупцияга қўл урди

Хоразм вилояти давлат солиқ бошқармаси солиқ органларида хавфсизлик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими бошлиғи лавозимида ишлаб кетган шахснинг ўзи коррупцияга оид жиноятларга қўл урди (“Даракчи”, 6 апрель). Исми ошкор этилмаган мансабдор ўзининг яқин қариндошларига тегишли фирмаларнинг ноқонуний фаолияти учун шарт-шароит яратиб берган. Бошқа фирмалар фаолиятини мунтазам текшириб-назорат қилиб борган солиқ идораси бўлим бошлиғи ҳомийлигидаги фирманинг қонунбузарликларига кўз юмиб келган. Оилавий бизнесга солиқ тизимидаги ишлайдиган бошқа бир қариндош – Гурлан туман давлат солиқ идораси жисмоний шахсларга солиқ солиш бўлими бошлиғи ҳам кўмак бериб келган. Шу тариқа 2012-2016 йиллар давомида солиқ мансабдорлари 1 миллиард сўмдан ошиқ маблағни жиғилдонига урган, 4 миллиард сўмга яқин нақд пул кирим қилинмаслигига имкон яратиб берган. Солиқ мансабдорларига озодликдан маҳрум этиш ва ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани хабар қилинган.

Туғруқхоналардаги ўзбошимчалик ва тамагирлик танқид қилинди

Ўзбекистон туғруқхоналарида фаолият юритаётган айрим шифокор-ходимлар тамагирлик йўлига кириб, кўзи ёриган аёлларнинг яқинларидан суюнчи пули талаб қилмоқда (“Оила даврасида”, 6 апрель). Соғлиқни сақлаш вазирлиги оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Марат Содиқовга кўра, шифокорларнинг беморнинг яқинларидан пул талаб қилиши ноқонунийдир. Бундай ҳолат кузатилса, биринчи навбатда туғруқ муассасаси раҳбарига, у ҳам тамагирликни тўхтатмаса, вазирлик ва прокуратурага мурожаат қилиш керак. Туғруқхоналарда беморлардан дори-дармон ёки тиббий анжомлар олиб келишни сўраш ҳолларига муносабат билдирган вазирлик расмийси “Ажратилган бюджет маблағлари етарли эмаслиги сабаб, туғруқхоналар зарур барча анжомлар билан тўлиқ таъминланмаган. Шу боис бундай ҳолат ҳамма туғруқ муассасаларида кузатилади” деган.

XS
SM
MD
LG