Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 11:01

G7 Сурия ва Россияга қарши санкцияларни муҳокама қилади


G7 саммити Италиянинг Лукка шаҳрида 10, 11 апрел кунлари бўлиб ўтади.

Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсонга кўра, "Катта еттилик" (G7) вакиллари Сурияда амалга оширилгани айтилаётган кимёвий ҳужумдан сўнг Сурия ва Россия ҳарбий мулозимларига нисбатан қўшимча санкциялар киритиш эҳтимолини муҳокама қилишади.

Жонсон ўзининг баёнотини Италиянинг Лукка шаҳрида, 10 апрель куни, G7 мамлакатлари ташқи ишлар вазирларининг икки кунлик музокаралари бошланишидан олдин қилди.

Кутилишича, етти мамлакат вазирлари бутун эътиборни Москва Сурия президенти Башар Асадни жиловлаши учун унга қандай қилиб босим ўтказишга қаратган ҳолда, Сурия можаросини мувофиқлаштиришга ягона ёндашув излашади. G7 таркибига АҚШ, Япония, Германия, Буюк Британия, Италия, Франция ва Канада киради.

Сурия мавзуси кўриб чиқиладиган йиғинда Катта еттиликка аъзо давлатлардан ташқари Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Иордания ҳамда Қатар ташқи ишлар вазирлари ҳам қатнашадилар.

Матбуот хабарларига кўра, Италия ташқи ишлар вазири Анжелино Альфано 11 апрелга белгиланган йиғин Сурияда олти йил олдин бошланган жанглар “хавфли даражада ўзгариши” олдини олишни кўзлашини айтган.

7 апрелга ўтар кечаси АҚШ Суриянинг Идлиб вилоятида 86 одам ҳаётига зомин бўлган кимёвий қурол қўлланилган ҳужумга жавоб тариқасида мамлакат армияси ҳарбий базасига ўнлаб қанотли ракеталар билан ҳужум қилди.

Йиғинда G7 давлатлари Тиллерсондан АҚШнинг Сурия бўйича сиёсатини очиқлашни талаб қилишини кутиш мумкин.

АҚШ президенти Дональд Трамп 2016 йилги сайловолди кампанияси давомида ўз маъмурияти бошқа давлатлар ишларига озроқ аралашишини ваъда эди.

АҚШ ҳамкорлари Сурияда ҳаводан ҳужум қилишни қўллайди, аммо улар Вашингтон Сурияда тинчлик ўрнатиш учун президент Башар ал-Ассадни ҳокимиятдан четлатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган-қўймаганини билмайдилар.

Исмини ошор қилишни истамаган европалик дипломат Reuters агентлиги билан суҳбатда: “Америкаликлар бунга қўшилишларини айтиб келадилар, аммо буни тасдиқловчи ҳеч нима йўқ. Улар бу ишда иштирок этаётганлари йўқ, шунчаки қоронғуда мақсадсиз тимирскилаб юрибдилар”, деди.

10 апрель куни The Sunday Times газетаси агар Россия Ассад билан алоқани узишдан бош тортса, Лондон Москвага қарши янги санкциялар жорий қилиш учун курашиши ҳақида хабар берди.

The Times хабарига кўра, Биртания ташқи ишлар вазири Бориси Жонсон G7 давлатлари биргаликда Россияни Ассад тузумини дастаклашни бас қилишга ҳамда мамлакатдан ўз ҳарбийларини олиб чиқиб кетишга чорлашини истайди.

Хабарда ёзилишича, агар Россия президенти Владимир Путин бундай қилишдан бош тортса, Россия расмийлари “ҳаётини мушкуллаштириш” учун мамлакатга қарши янги санкциялар жорий қилиниши керак.

Тиллерсон Лукка шаҳрида бўлиб ўтаётган G7 саммити ўз якунига етганидан кейин, Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан учрашиш учун Москвага боради.

Россия ва Эрон Асад ҳукуматини қўллаб келади. АҚШ ва Туркия эса ҳукуматга қарши исёнчи гуруҳларни дастаклаб келади.

XS
SM
MD
LG