Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:54

Петербургдаги университетда пул тўламаган ўзбек талабалар дарсга киритилмаяпти


И. П. Павлов номидаги Санкт-Петербург Биринчи тиббиёт университетининг лекциялар зали.

Санкт-Петербургдаги тиббиёт университетининг ўзбекистонлик 10 дан ортиқ талабаси шу кунда дарсларга киритилмаяпти, имтиҳонларини топшира олмаяпти. Университет раҳбарияти вакилининг Озодликка айтишича, контракт пулини яқин кунлар ичида тўламаганлар ўқишдан ҳайдалади.

Дарслардан четлатилган талабалардан бири контракт пулини тўлаш учун чет эл валютасини сотиб олишига ёрдам сўраб, Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига 2016 йилнинг октябрида мурожаат қилган.

Мурожаатига 9 кундаёқ жавоб олганига қарамай, унинг масаласи ҳануз ҳал бўлгани йўқ.

Порталгача борган 200 минг рубл ташвиши

Сурхондарёнинг Бойсунида туғилиб, ўсган Шерали Норқулов И. П. Павлов номидаги Санкт-Петербург Биринчи тиббиёт университетида шартнома асосида ўқийди.

Озодликка мурожаат қилган Шералининг айтишича, у I курсда ўқиш учун 186 минг рубл тўлаган. Ҳозирда Шерали II курсда ўқияпти ва жорий ўқув йили учун 200 минг рубл тўлаши лозим.

Ўқиш пули кечи билан январгача тўлаб қўйилиши лозимлиги тўғрисида универститетда қабул қилинган тартиб борлигини билгани учун Шерали ўқув йили бошиданоқ пул алмаштириш ҳаракатини бошлаган. Лекин ўтган йилнинг октябригача Сурхондарёдаги отаси керакли суммани маҳаллий банкларда алмаштира олмаган.

Шундан сўнг у 2016 нинг октябрида пул алмаштиришга ёрдам беришини сўраб, ўша вақтдаги Президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилди.

Банкнинг силлиқ жавоби Ёки пул алмаштиришга 5 ойдан кейин келинг

Шералининг айтишича, хатига жавобни 9 кундаёқ олди. Жавоб Порталдан эмас, Ипотекабанкнинг Сурхондарё вилоят филиалидан келди.

Ипотекабанкнинг талаба Шерали Норқуловга жавоб хати
Ипотекабанкнинг талаба Шерали Норқуловга жавоб хати

Хат мазмунига эътибор берилса, гўёки ҳеч қандай муаммо йўқдай: Шерали банкка борса бўлди – пулни бетўхтов алмаштириб оладигандай.

Лекин орадан 5 ойдан кўпроқ муддат ўтди ҳамки, Шералининг Сурхондарёдаги отаси ўғлининг ўқишига тўланадиган чет эл валютасини Ипотекабанкдан ололгани йўқ.

Банк Озодликка нима деди?

Озодлик Ипотекабанкнинг Сурхондарё филиали билан боғланди.

Банк ходими Шерали Норқуловнинг мурожаатини эслаб айтган сўзларидан “ҳеч қандай муаммо йўқ экан”, деган тасаввур қолди.

“Заявка бериб қўйганмиз, VISA карталари эрта-индин келиб қолади, ўзи келсин, муаммо йўқ. Пулни тушириб берамиз”, деди ходим.

Бироздан сўнг у бундай деди: “Ўша йигит паспорти билан келсин, картани очиб берамиз”.

“Талаба Петербургдан кела олмайди, пулни отаси алмаштириб олса бўлмайдими?” деган саволимизга у “инвойслар, шартноманинг бандлари, картани учbнчи шахсларга бериб бўлмаслиги” тўғрисида гапирди.

Шералининг ҳаяжони

Шундан сўнг Шерали билан яна боғландик ва банк ходимидан эшитганларимизни унга айтдик. Шерали бундай деди:

- Банкнинг жавоб хати келганидаёқ отам банкка борган. Банк VISA картага доллар ташлаб беришга рози бўлган. Лекин бизнинг навбатимиз 21 мартда келишини айтишган. Эътибор беринг: бу ваъда ўтган йилнинг 21 октябрида берилган. 21 март ҳам ўтди. Бугун 12 апрел. Лекин натижа йўқ.

Озодлик: Банк ходимининг айтишича, сўмни тўлаб, картага доллар тушириш учун шахсан ўзингиз боришингиз керак экан...

- Менинг Санкт-Петербургдан Термизга боришим шартми?! Шу ишни ота-онам қилса бўлмайди?! Ахир, керакли ҳамма ҳужжатларни жўнатганманку? Пулни фақат мен эмас, отам тўлайди. Нима фарқи бор? Агар Питердан Ўзбекистонга учиб бориб-учиб келавериш мен учун муаммо бўлмаганида, банкдан давлат нархида пул алмаштираман, деб юрармидим, бойларнинг болаларидай пулни қора бозорда алмаштириб, тўлаб қўяверардим, деди Шерали тўлқинланиб.

Унинг айтишича, ватандош-университетдошларидан камида 10 киши шартнома пулини тўлай олмагани учун шу кунда дарсларга қатнаша олмай юрибди.

Университет вакилининг айтганлари

И. П. Павлов номидаги Санкт-Петербург Биринчи тиббиёт университетининг Чет эллик талабалар билан ишлаш бўлими ходимининг Озодликка айтишича, бу ўқув юртида 130 нафар ўзбекистонлик талаба бор. Улардан 5 нафари Россия Федерал бюджети ҳисобидан, қолган 125 талаба контракт асосида ўқийди.

Университет ходими Шералига ўхшаб контракт пулини тўламаганлар дарслардан четлатилганини тасдиқлади. “Пул тўлашни бундан кейин ҳам кечиктираверганлар ўқишдан ҳайдалади”, деди у.

"Хоҳласанг бориб ўқи, хоҳламасанг - қўй!"ми?

Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг исмини айтмаслигимизни сўраган юқори лавозимли мулозимининг Озодликка айтишича, чет элда ўқийдиган талабалар учун пул алмаштириш масаласида ҳеч қандай имтиёз назарда тутилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев 2016 йил, 14 сентябрда имзолаган “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонундан ҳам бу соҳада чет элда ўқувчи талабаларга оид имтиёз назарда тутилган меъёр топмадик.

XS
SM
MD
LG