Линклар

United Airlines самолётидан зўрлик билан туширилган йўловчи судга мурожаат қилди (ВИДЕО)


Чикагода United Airlines ширкати самолётидан судраб олиб чиқилган йўловчининг ҳуқуқшунослари чоршанба куни ҳодиса билан боғлиқ барча материалларни сақлаб қолишини сўраб? Иллинойс штати судига мурожаат қилдилар.

Ҳуқуқшунослар United Airlines ширкати ва Чикаго шаҳри 3411 рейси билан боғлиқ кузатув камералари ёзиб олган видеолар, учувчиларнинг кабинадаги суҳбатлари, йўловчилар рўйхатлари ва бошқа маълумотларни сақлаб қолишини талаб қилмоқдалар.

9 апрель куни Чикагодан Кентуккига йўл олган самолётдан чиптаси бор бўлган доктор Дэвид Дао аэрпорт хавфсизлик ходимлари томонидан куч билан олиб чиқиб кетилганди.

Авиаширкатлар орасида самолётдаги ўринлар сонидан кўпроқ чипта сотиш кенг тарқалган, чунки кўп ҳолларда айрим йўловчилар рейсга келмай қўяди.

United Airlines ширкатининг йўловчини куч ишлатиб самолётдан туширгани кенг омма эътиборини тортди.

Ширкат директори Оскар Муноз чоршанба куни Дао, унинг оиласи ва ширкат мижозларидан узр сўради.

Ҳозиргача аэрпортнинг уч ходими таътилга чиқарилди.

Даонинг самолётдан судраб олиб чиқиб кетишаётгани акс этган видеолар ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинмоқда.

Мутахассислар бу ҳодиса ширкатга қимматга тушишини айтишади.

United Continental ҳиссалари нархи сешанба куни 4,4 фоизга тушиб кетди.

Дао олган жароҳатлари туфайли ҳалиям Чикаго шифохонасида қолмоқда.

Чоршанба куни United Airlines ўринлардан кўпроқ одамга чипта сотилган рейсларда йўловчилар ўз хоҳишлари билан ўринларини бўшатишлари учун чипта пули тўлиқ қайтарилишини билдирди.

Хабарларга кўра, авиаширкат Даога учоқдан тушиб қолиши учун дастлаб 800 доллар таклиф қилган, бироқ Дао бу таклифга кўнмаган.

АҚШда айрим сиёсатчилар авиаширкатлар ўринлар сонидан кўпроқ чипта сотишини чекловчи қонунларни жорий қилишга чақирмоқда.

XS
SM
MD
LG