Линклар

Афғонистонда ИШИД жангарилари устига АҚШнинг улкан бомбаси ташланди


Афғонистон ҳукуматининг билдиришича, Нангарҳор вилоятида “Ислом давлати” экстремистик гуруҳи жангарилари жойлашиб олган туннеллар тизимига АҚШнинг улкан бомбаси ташланган.

Ташланган бомба АҚШ армияси шу кунгача амалда қўллаган энг йирик ядровий бўлмаган бомбадир. Ҳужумда 36 жангари ҳалок бўлган. Бу ҳақда Афғонистон Мудофаа вазирлиги билдирди.

Ўлганлар сони мустақил манбалар томонидан тасдиқлангани йўқ. Шундай бўлса-да, мамлакат армияси матбуот котиби Давлат Вазирий ҳужумда оддий фуқаролар жароҳат олмаганини билдирди.

Афғонистон президенти маъмурияти ҳужум мамлакат ҳукумати розилиги билан амалга оширилганини айтди.

Афғонистон ҳукумати ижроия раиси Абдулла Абдулла ҳужум Афғонистон ҳукумати билан келишилган ҳолда амалга оширилганини тасдиқлади.

АҚШ армияси 13 апрель куни эълон қилган билдирувда ёзилишича, 9800 кг вазнли GBU-43/B бомбаси жангариларнинг Ачин туманида Покистон билан чегарага яқин ерда жойлашган туннеллар тизимига ташланган.

Бомба портлаганида 11 тонна портловчи модда чиқарилган.

Ачин тумани ҳокими Исмоил Шинварий: “Бомба ўтган кеча соат 8:00 да ДАИШ (ИШИД - “Исломий давлат” экстермист гуруҳи – таҳр.) нуқталари ва ғорларига ташланди. Портлаш жуда кучли бўлди. Уларнинг барча туннеллари ва ғорлари йўқ қилинди”, деди.

Пентагон мазкур йирик бомба бундан аввал жангларда қўлланилмаганини билдирди.

АҚШ президенти Дональд Трамп яқинда Қобулга илк расмий делегацияни юборган эди. Ҳозирда мамлакатда 9 мингга яқин АҚШ ҳарбийси бор.

Президент Трамп журналистлар билан суҳбатда мазкур амалиёт ҳақида: “Улар билан жуда-жуда фахрланаман. Навбатдаги ўта муваффақиятли иш. Армиямиз билан жуда-жуда фахрланамиз”, деди.

Президент амалиётга шахсан розилигини берган-бермагани ҳақидаги саволга: “Айнан нима содир бўлгани ҳаммага аён. Мен армиямга расмий рухсат бераман”, дея жавоб берди.

“Биз Ер юзидаги энг буюк армияга эгамиз ва улар ўз вазифаларини одатдагидек бажардилар. Биз уларга тўлиқ авторизация бердик ва улар буни бажаряптилар. Очиғи, айнан шу сабаб улар кейинги пайтда муваффақият қозоняптилар. Кейинги саккиз ҳафта ичида содир бўлган ҳодисаларни сўнгги саккиз йил давомида ҳақиқатан содир бўлган ҳодисаларга солиштирсангиз, катта фарқни кўрасиз, жуда катта. Армиямизда ажойиб етакчиларимиз бор, ажойиб армиямиз бор. Улар билан жуда фахрланамиз. Бу эса навбатдаги жуда-жуда муваффақиятли миссия бўлди”, дея сўзини давом эттирди президент.

Ўтган ҳафтада Нангарҳор вилоятида АҚШ махсус кучлари аскари “Ислом давлати” жангариларига қарши курашаётиб ҳалок бўлган эди.

Оқ уй матбуот котиби Шон Спайсер бомба жангарилар “эркин ҳаракатланиш учун фойдаланган туннел ва ғорларни” мўлжалга олганини айтди.

Спайсер оддий фуқаролар зарар кўрмаслиги учун эҳтиёт чоралари кўрилганини билдирди.

Пентагон матбуот котибига кўра, Massive Ordnance Air Blast Bomb (MOAB) деб ҳам аталувчи GBU-43/B бомбаси MC-130 самолётидан ташланган.

MOAB Ироқ урушида фойдаланиш учун ишлаб чиқилган. Унинг ҳар бирини яратиш учун 16 миллион доллар сарфланган. Илк бор 2003 йилда чиқарилган бомба 13 апрелгача ҳеч синаб кўрилмаган эди.

GBU-43/B АҚШ армияси бисотидаги энг оғир ядровий бўлмаган бомба эмас.

The Massive Ordnance Penetrator (MOP) бомбаси 13 600 кг вазнга эга. Аммо MOP нинг портлаш кучи MOAB никидан озроқ.

XS
SM
MD
LG