Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:43

Газлида журналист Алексей Волосевичнинг флешкаси тортиб олинди


Ўзбекистонлик мустақил журналист Алексей Волосевич 14 апрел куни Бухоронинг Ромитан тумани Газли шаҳрида бозорни фотосуратга олаётган пайтда милиция ходимлари томонидан ушланган ва иккита флешкаси тортиб олинган. Ромитан тумани милициясининг Озодлик суҳбатлашган ходими журналист Газлида "руҳсатсиз суратга олгани" учун ушланганини айтди. Милиция бўлимида журналист сўроқ қилинган, бармоқ излари олиниб, қўйиб юборилган.

Ромитан тумани Ички ишлар бошқармаси ходими Озодлик билан суҳбатда Волосевич Газли шаҳар марказида одамларни суратга олаётган пайтда участка нозири эътиборига тушгани ва шу участка нозири уни Газли шаҳар милиция бўлимига олиб борганини айтди.

Кейин, Волосевич Ромитан тумани ИИБсига олиб келинган. Журналист фотоаппаратидаги фотосуратлари ўчирилиб қайтариб берилган, лекин Қашқадарё ва Бухорода олинган суратларга тўла иккита флешкасини милиция текшириш учун олиб қолган.

Ўзбекистонда қонун одамларнинг фототурат олишини тақиқламайди.

Нима учун журналист Газли шаҳрида суратга олгани учун ушлангани ҳозирча жумбоқ.

Журналист Алексей Волосевич милиция бўлимида кечгача ушлаб турилгач, қўйиб юборилган.

У 15 апрел куни Бухородан Тошкентдаги уйига йўл олган.

2005 йилдаги Андижон воқеаларининг гувоҳи бўлган Алексей Волосевич бундан аввал ҳам ўз фаолияти туфайли Ўзбекистонда бир неча бор қўлга олинган.

2013 йилда Волосевич Фарғонада эски-туски бозорини суратга олаётганида милицияга олиб кетилиб, суратлари ўчириб ташланган эди.

2010 йили эса Ўш қирғини пайти Қирғизистонга бориб ўзбек қочқинлари аҳволини ўрганмоқчи бўлганида, у Андижонда қўлга олиниб, милиция бўлимида қарийб уч кун ҳибсда ушлаб турилганди.

XS
SM
MD
LG