Линклар

Шошилинч хабар
07 август 2020, Тошкент вақти: 08:55

Халқаро хабарлар

Ҳалабдаги портлашда юздан ортиқ одам ҳалок бўлди

Ҳалабдаги портлаш.

Суриянинг Ҳалаб шаҳри яқинида содир этилган портлашда ҳалок бўлганлар сони юз кишидан ошиб кетди. Бу ҳақда Лондонда жойлашган Сурия инсон ҳуқуқлари мониторнинг гуруҳи хабар тарқатди.

Аввалроқ, 15 апрель куни содир этилган бу портлашда 40 одам ҳалок бўлгани билдирилган эди.

Сурия ҳукуматига кўра, худкуш қишлоқлардан бошқа жойларга кўчирилаётган шиа мусулмонларини олиб кетаётган автобсуларга мина ўрнатилган автомашина билан ҳужум қилган.

Суриядаги бирорта террор ташкилоти мазкур ҳужум учун масъулиятни зиммасига олгани йўқ.

Сурия ҳукумати ва мухолифати аввалроқ 30 минг одамни хавфсиз жойга эвакуация қилиш тўғрисида келишимга эришган.

Террорчи ҳужум қилган автобуслар мазкур келишув доирасида 5 минг одамни олиб кетаётган эди. Улар орасида тинч аҳоли ва ҳукумат кучлари аскарлари ҳам бўлган.

Кун янгиликлари

Қирғиз-тожик чегарасида бугунги кун ҳисобидан яна бир инцидент содир бўлди

Қирғиз-тожик чегарасидаги Кўктош қишлоғи (архив сурати).

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасида бугунги кун ҳисобидан иккинчи қуролли инцидент содир бўлди.

Боткен вилоят маъмуриятидан Озодликнинг қирғиз хизматига маълум қилишларича, Кўктош қишлоғи яқинида соат 19:30 ларда қирғизистонлик бир киши сони ва энсасидан иккита жароҳат олган, шундан сўнг у касалхонага етказилган. Унинг аҳволи ўртача оғир, деб баҳоланмоқда. Қайд этилишича, ўқ номаълум томондан отилган.

Қирғизистон Чегара хизмати бу маълумотга аниқлик киритаётганини маълум қилган. Чегара хизматига кўра, воқеа жойида вазият назорат остида тутиб турилибди.

6 август куни эрталаб ҳам қирғиз-тожик чегарасида қуролли инцидент содир бўлганди. Қирғизистон Чегара хизмати маълумотига кўра, Боткен вилоятининг Иккитош деб номланган ҳудудида Тожикистон томонидан номаълум шахслар, тахминларга кўра, ов милтиғидан Чегара хизмати ҳарбийсига қарата ўқ узган. У қўлидан яраланган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат хизмати Чегара қўшинлари матбуот маркази шу вақтда Қирғизистон томонидан отилган ўқдан чегара чизиғидан 1 километр нарида юрган тожикистонлик Воҳид Ваҳҳобов оёғидан яралангани, пировардида жон таслим қилганини маълум қилган.

Кейинроқ Қирғизистоннинг Боткен ва Тожикистоннинг Сўғд вилоятлари вакиллари учрашув ўтказиб, чегара яқинида 6 август куни эрталаб рўй берган нохуш ҳолатни муҳокама қилганлар. Ҳар бир тараф инцидент бўйича мустақил тергов ўтказишга қарор қилган.

Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара 970 километрга узанган. Бундан 519 километри бўйича келишувга эришилган, чегаранинг қолган қисми эса баҳсли бўлиб ҳисобланади. Бундай участкалар асосан Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Лайлак ва Боткен туманларида жойлашган. У ерда кўпинча сув, яйлов ва ер талашиш ортидан тўқнашувлар келиб чиқмоқда.

Тожикистонда президент сайлови 11 октябрга белгиланди

Тожикистон парламенти юқори ва қуйи палаталарининг 5-6 август кунлари бўлиб ўтган қўшма мажлисида мамлакат президенти сайловини 11 октябрга белгилаш ҳақида эълон қилинди. Бу ҳақда Озодликнинг тожик хизмати Марказий сайлов комиссияси аппарати раҳбари Наврўз Самадзодадан олинган маълумотларга таянган ҳолда хабар қилди.

Қонунга мувофиқ, Тожикистонда президентликка номзодларни сиёсий партиялар, вилоят, шаҳар ва туман касаба уюшмалари кўрсатиши мумкин. Бундан олдинги президент сайлови 2013 йил 6 ноябрида бўлиб ўтган.

Бу Тожикистон мустақилликка эришганидан бери мамлакатда ўтказилаётган олтинчи президент сайлови бўлади.

1994 йилдан бери бўлиб ўтган президент сайловларининг барчасида Республика Олий кенгашининг собиқ раиси Имомали Раҳмон ғалаба қозониб келган. У бўлажак сайловнинг ҳам фаворити бўлиб ҳисобланади. У мамлакатни бошқарган қарийб 28 йил мобайнида сайлов тўғрисидаги қонун бир неча бор ўзгарган, бу эса президентга ҳокимият тепасида чекловсиз муддат қолиш имконини берган.

Тожикистон президенти етти йилга сайланади. Президентликка номзодлар мамлакатда камида 10 йил яшаган бўлишлари, тожик тилини билишлари, олий маълумотга эга бўлишлари ва ёшлари 30 дан кичик бўлмаслиги лозим.

Тожикистондаги аввалги сайловларни мониторинг қилган халқаро кузатувчилар фикрича, бу мамлакатда ўтказилган сайловлардан бирортаси ҳам демократик, шаффоф ва халқаро стандартларга мувофиқ бўлган эмас.

Киевдаги банкни портлатиш билан таҳдид қилган самарқандлик Каримов икки ойга ҳибс этилди

Суҳроб Каримов "Универсал Банк" бўлимида, Киев, 2020 йил 3 августи.

Киев суди банк бўлимини портлатиш билан таҳдид қилган ўзбекистонлик Суҳроб Каримовни террор хуружига оид иш бўйича ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда Киев прокуратураси матбуот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, С. Каримовга Украина Жиноят кодексининг 258-моддаси 1-банди (“Террор хуружи содир этганлик ёки содир қилиш билан таҳдид этганлик”) бўйича айблов билдирилган.

Маҳкама мажлисидан сўнг прокурор Александр Жила журналистларга Суҳроб Каримов гаров пули киритиш ҳуқуқисиз икки ойга ҳибсга олинганини маълум қилган.

Айби исботланган тақдирда Каримов 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Шу йил 3 август куни ўзбекистонлик 32 ёшли Суҳроб Каримов Украина пойтахтидаги “Универсал Банк” бўлимига кириб, рюкзагидаги бомбани портлатиб юбориш билан таҳдид қилгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган эди.

У интервью учун ўзининг ёнига журналистлар киритилишини ҳамда унга 40 минг гривна (тақрибан 1400 АҚШ доллари – таҳр.) берилишини талаб қилган.

Суҳроб Каримов “Бумеранг” ва “Гром” махсус амалиётлари чоғида қўлга олинган.

Жаҳон банки пандемиядан сўнг Марказий Осиёда чуқур инқироз юзага келишини тахмин қилмоқда

Жаҳон банки логоси.

Коронавирус пандемияси Марказий Осиё мамлакатларидаги таълим соҳаси, инсон капитали сифати ва ижтимоий-иқтисодий тараққиётга узоқ муддатли салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки 5 август куни ёйинланган хабарномасида айтилади.

Қайд этилишича, минтақа мамлакатларида ўқувчилар ва ёшлар бутун аҳолининг қарийб ярмини ташкил этади. Инқироз ўсиб келаётган авлоднинг истиқболдаги даромадларини хавф остига қўймоқда. Ўсмирлар орасида функционал саводсизлик даражаси ошаётгани, яъни жамият ҳаётида самарали иштирок этиш учун ўқиш, ёзиш ва математикага оид кўникмалардан фойдалана олмайдиган ўқувчилар сони ўсиб бораётгани тахмин қилинмоқда.

Пандемиягача ҳам Марказий Осиёда таълим соҳаси қатор муаммоларга, шу жумладан, таълимга оид қашшоқликни бартараф этиш, кам таъминланган оилалардан бўлган ўқувчиларга тенг имкониятлар тақдим этиш ва инклюзивликни олға суриш кабиларга дуч келган.

Жаҳон банки вакиллари фикрича, минтақа мамлакатларидаги ўқувчилар Европадаги ўз тенгдошларидан ўқиш бўйича 1,5 йилга ортда қолмоқдалар. Марказий Осиёдаги кўплаб ўқувчилар, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотининг (PISA) ўқувчиларни баҳолаш бўйича халқаро дастури натижаларига мувофиқ, функционал саводхонлик бўйича паст натижалар кўрсатганлар.

Маълумотларга кўра, ҳар хил даромадли оилалардан бўлган ўқувчиларнинг таълим олиши ўртасидаги узилиш ёки тенгсизликнинг ошиб бораётгани алоҳида хавотир уйғотмоқда. PISA қайдича, Қозоғистонда энг камбағал оилалардан бўлган болалар таълимда ўз тенгдошларидан бир йилга, Қирғизистонда эса 2,5 йилга ортда қоляпти.

Коронавирус пандемияси таълим тизимига шундай яксон қилувчи зарба беряптики, бунинг оқибатлари (бунга биргина Марказий Осиёда 44 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги иқтисодий йўқотиш ҳам киради) ўн йиллар кейин ҳам ҳис этилади.

Жаҳон банкининг Марказий Осиёдаги таълим соҳаси бўйича етакчи мутахассиси Айша Ваудага кўра, бу энг пессимистик сценарий эмас.

ЖБ вакиллари коронавирус пандемияси оқибатларини бартараф этиш бўйича режа ишлаб чиқишда энг асосий эътиборни таълим масалаларига қаратиш зарурлигини таъкидламоқдалар. Мамлакатлар таълимга ажратилган бюджет маблағларини сақлаб қолишлари, масофавий таълим сифатини оширишлари, фақат билим эмас, балки салоҳият ва малакага урғу берган ҳолда таълим дастурлари бўйича мослашувчанликни таъминлашлари шарт.

Қайд этилишича, асосий эътиборни мактаблар ёпилишидан энг кўп зарар кўрган ўқувчиларга қаратиш керак. Минтақа мамлакатлари ўқувчилар, ёшлар ва ўқитувчилар ўртасида рақамли технологиялар бўйича кўникмаларни ривожлантиришни таъминлашлари ҳамда масофавий таълим бўйича турли платформаларда педагогнинг ўқувчи билан интерфаол ишлаши учун кўпроқ имконият яратиб беришлари лозим.

Facebook ва Twitter президент Трампнинг саҳифаларидаги видеони ўчириб ташлади

Ижтимоий тармоқ биринчи марта қоидани бузгани учун президент постини ўчириб ташлади.

Facebook ва Twitter коронавирус ҳақида нотўғри маълумот тарқатишга қарши кураш доирасида АҚШ президенти Дональд Трампнинг саҳифаларидан “болалар коронавирусга деярли чалинмаслиги” тўғрисидаги видеони ўчириб ташлади.

Fox News телеканалига берилган интервьюнинг кичик бир қисми бўлган видео “COVID тўғрисида ёлғон маълумот, жумладан, болалар вирусга чалинмаслиги тўғрисидаги иддао ортидан ўчириб ташланди”, - деб билдирди Facebook.

Ижтимоий тармоқ биринчи марта қоидани бузгани учун президент постини ўчириб ташлади.

Мутахассислар болалар коронавирусга чалинмаслиги тўғрисидаги иддаоларни инкор қилганлар. Аммо болалар орасида коронавирусдан ўлим ҳолатлари оз кузатилади.

Twitter эса Дональд Трампнинг расмий аккаунтини вақтинча блок қилиб қўйди.

Тармоқ Трампнинг болаларга коронавирус юқмаслиги тўғрисидаги видеоси ўчирилгачгина, саҳифа қайта тикланишини билдирди.

Байрутдаги портлашда нобуд бўлганлар сони камида 135 нафарга етди

Байрутдаги портлашдан шикастланган иншоотлар.

Ливан пойтахти Байрутда бандаргоҳдаги кучли портлашдан кейин қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда.

Reuters агентлиги келтирган сўнгги маълумотларга кўра, ҳодиса чоғида камида 135 киши ҳалок бўлган, 5 минг чоғли одам жароҳатланган. 250 минг киши эса бошпанасиз қолган.

Расмийлар қурбонлар сони ошиши мумкинлигини тахмин қилмоқдалар. Портлашдан сўнг ўнлаб одам бедарак йўқолгани айтилмоқда. Қутқарувчилар уларни йиқилган деворлар остидан қидирмоқда.

Байрут бандаргоҳида портлаш 4 август куни содир бўлган. Портлаш зарбаси ҳатто Кипрда сезилган. Ҳодиса ортидан шаҳардаги биноларнинг қарийб ярмига шикаст етган. Кўплаб иншоотлар қулаган, айримларининг ойна ва эшиклари синган. Портлаш туфайли етказилган зарар миллиардлаб долларни ташкил этиши айтилмоқда.

Ливан расмийлари ҳодисага бандаргоҳ омборхонасида сақланган қарийб уч минг тонна аммиак селитраси сабаб бўлганини билдирганлар. Мазкур модда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, портловчи моддалар ҳамда ракета ёқилғисини ишлаб чиқаришда ишлатилади. Тергов версиясига кўра, селитра омборхонада олти йил мобайнида хавфсиз бўлмаган шароитда сақланган, бу бепарволик охир-оқибат фожеага сабаб бўлган.

Ливан ҳукумати Байрутда икки ҳафтага фавқулодда ҳолат тартиби жорий қилди. Расмийлар суриштирув энг қисқа муддатда ўтказилишига ваъда бермоқда. Селитра сақланиши учун масъул бўлган амалдорлар уй қамоғига олингани қайд этилган.

Оммавий ахборот воситалари хабарларига кўра, аммиак селитраси бир пайтлар Хабаровск шаҳридан бўлган ва ҳозирда Кипрда истиқомат қилаётган россиялик тадбиркор Игор Гречушкинга тегишли кемадан мусодара қилинган. 2013 йили Грузиянинг Батуми шаҳридан Мозамбикка қараб йўлга чиққан Rhosus кемаси (унинг Молдова байроғи остида сузгани айтилади) техник носозликлар туфайли Байрут бандаргоҳига киришга мажбур бўлган. Ливан расмийлари кеманинг денгизга чиқишини тақиқлаб қўйганлар, юкни эса мусодара этганлар.

ССВ: Афғонистонда аҳолининг учдан бир қисми коронавирусга чалинган бўлиши мумкин

Кобул кўчаларини дезинфекция қилаётган ходимлар, 2020 йил 18 июни.

Афғонистонда, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги баҳосига кўра, аҳолининг учдан бири ёки 10 миллионга яқин одам коронавирус юқтириб олган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонга қўшни бўлган бу мамлакатда, расмий маълумотларга мувофиқ, коронавирусга чалинишга оид қарийб 37 мингта ҳолат қайд этилган, қурбонлар сони эса 1294 нафарга етган. Бироқ беморлар ва қурбонлар сони, экспертлар тахминича, бундан анча юқори.

Коронавирусга чалинганлар сони 10 миллионга яқин бўлиши мумкинлиги ҳақида Афғонистон соғлиқни сақлаш вазири Аҳмад Жавод Усмоний билдирган. Унга кўра, бу тахмин 9,5 минг чоғли кишини тестдан ўтказиш натижасига асосланган. Тадқиқот Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида ўтказилган. Тахминларга кўра, Кобулда беш миллионли пойтахт аҳлининг ярми коронавирус юқтириб олган бўлиши мумкин.

Афғонистонда коронавирусга чалиниш бўйича илк ҳолат февраль ойида қайд этилган. Ўшанда минглаб муҳожир ва қочқин минтақада COVID-19 дан энг кўп зарар кўрган мамлакатлардан бири бўлмиш қўшни Эрондан қайта бошлаган эди.

Россия Беларусдаги президент сайловига ўз кузатувчиларини йўлламайди

Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенка ИИВ раҳбарлари билан, Минск, 2020 йил 28 июли.

Россия Марказий сайлов комиссияси Беларус сайлов комиссиясидан президент сайловини кузатишда иштирок этиш учун расмий таклифнома олган эмас. Бу ҳақда Россия МСК раиси Элла Памфилова ТАСС агентлигига маълум қилган.

Мулозимага кўра, бу йил Беларус Марказий сайлов комиссиясидан биронта ҳам анъанавий расмий таклифнома келмаган. Россиядан Беларусга кузатувчилар юборилмаслигининг яна бир сабаб сифатида Памфилова коронавирусга чалиниш хавфи борлигини келтирган.

Беларусда президент сайловининг расмий санасидан беш кун аввал, яъни 4 август куни муддатидан олдин овоз бериш жараёни бошланган.

Бу галги сайловолди кампанияси Беларусда аввалгиларига солиштирганда жуда таранг вазиятда ўтмоқда. Беларус мухолифати муддатидан олдин овоз бериш чоғида кенг кўламли сохталаштиришлар бўлиши мумкинлигини иддао қилиб, бу жараённи танқид қилиб келмоқда.

Беларусни 1994 йилдан (26 йилдан) бери бошқариб келаётган Лукашенка олтинчи муддатга президентликка ўз номзодини қўйган.

Бу мамлакатда президент сайлови жорий йилнинг 9 августига белгиланган.

Қирғизистон бош вазири: Коронавирусга чалиниш ҳолатлари сўнгги икки ҳафтада 39 фоизга пасайди

Қирғизистон бош вазири Қубатбек Бўрўнов.

Қирғизистонда коронавирусга чалиниш кўрсаткичлари пасаймоқда, дея маълум қилди Қирғизистон бош вазири Қубатбек Бўрўнов 5 август куни Бишкекда ўтказилган брифингда.

Янги хасталаниш ҳолатлари камайган, соғайганлар кўпайган – булар яхши кўрсаткичлар. ЖССТ методологиясига кўра, сўнгги 14 кун ичида Қирғизистонда хасталанишга оид янги ҳолатлар 39,2 фоизга кам қайд этилган. Аммо ҳеч ким иккинчи тўлқин бўлмаслигига кафолат беролмайди, бу ҳолатга дунёдаги кўп мамлакатлар дуч келди”, дея иқтибос келтирди Бўрўновнинг сўзларидан Озодликнинг қирғиз хизмати.

Бош вазирга кўра, мамлакатда профилактик чоралар кучайтирилади, кузда ўткир респиратор вирус инфекцияси ва тумовга қарши эмлов ўтказиш режаланмоқда, ўтган йиллар билан солиштирганда бу йил мазкур иш назорат остига олинади, аҳолининг заиф қатлами учун эмлов бепул бўлади.

Ҳукумат раҳбари брифингда зарур дори-дармон ва жиҳозлар сотиб олинаётгани, касалхоналар қурилиши давом этаётгани, ниқоб ва бошқа ҳимоя воситалари тайёрланаётгани, Қирғизистон заводларида тиббий жиҳозлар ишлаб чиқариш бўйича иш олиб борилаётгани, 40 тача “тез ёрдам” машинаси сотиб олиш режаланаётганини қўшимча қилган.

5 август ҳолатига кўра, COVID-19 ёйила бошлаганидан бери қирғизистонликлардан 38110 нафари коронавирус юқтириб олган, 1438 нафар бемор вафот этган.

Қозоғистонда тўрт кун ичида 8 мингдан зиёд киши пневмонияга чалинган

Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳридаги касалхонада фаолият юритаётган шифокорлар, 2020 йил июли.

Қозоғистонда ўтган кеча-кундузда коронавирус инфекцияси белгилари бўлган пневмонияга чалиниш бўйича 1799 та ҳолат ҳамда бу касаллик билан боғлиқ 17 та ўлим ҳолати қайд этилган. Бу ҳақда мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги 5 август куни маълумот тарқатди.

Вазирликнинг маълум қилишича, пневмониянинг бу турига чалинганлар сони 1 августдан бери 8054 кишига етган, ўтган тўрт кун ичида мазкур хасталик туфайли 86 бемор вафот этган.

Қозоғистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганларнинг умумий сони 94882 кишига етган, улардан 70 фоиздан кўпроғи соғайиб кетган, 1091 бемор оламдан ўтган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги “COVID-19 белгилари бўлган пневмония”га чалинганлар ва бу хасталикдан ўлганларга оид статистикани август ойи бошидан бери ёйинлаб келмоқда. Шу ўринда бу мамлакатда COVID-19 ҳамда коронавирус белгилари бўлган пневмония статистикаси вазирлик томонидан алоҳида-алоҳида юритилаётганини қўшимча қилиш жоиз.

1 августгача пневмониядан ўлганларга оид рақам базада акс этган эмас, вазирлик бу ишни қилишнинг техник сабабларга кўра имкони йўқлигини қайд этган.

Расмий маълумотларга кўра, шу йил 1 январидан 2 августигача мамлакатда пневмониянинг барча турлари бўйича 256541 та ҳолат, бундан 32 минги июнь ойида, қарийб 157 минги эса июль ойида қайд этилган.

АҚШда Украина президентига алоқадор миллиардернинг офислари тинтув қилинди

Коломойский Майамида бир қатор ширкатларга эгалик қилади.

АҚШ Федерал тергов бюроси - ФТБ Украина президенти Володимир Зеленскийга алоқадор миллиардер Игор Коломойскийнинг Кливленд ва Майамидаги ширкатлари офисларида 4 август куни тинтув ўтказди.

Игор Коломойскийнинг медиаширкатлари 2019 йилдаги президентлик сайловида Володимир Зеленскийни норасмий равишда қўллаб, тарғиб қилганди.

ФТБ ходими Озодлик радиосига офисларда тинтув ўтказилганини тасдиқлади, лекин бу борада бошқа маълумотларни бера олмаслигини билдирди. ФТБ ходимига кўра, тинтувлар пайтида ҳеч ким қўлга олинган эмас.

Коломойский ва унинг украиналик ҳамкори Геннадий Боголюбов Майамида бир қатор ширкатларга эгалик қилади.

АҚШ матбуоти 2019 йилнинг апрелида ва 2020 йилнинг майида ФТБ Коломойскини пул ювишда гумонлаётгани ҳақида билдирган эди. Бироқ ФТБ ҳозиргача бу хабарларга муносабат билдирмаган.

Коломойский ва Боголюбов ўз ихтиёрлари билан Украинани тарк этган ва 2019 йилда Зеленскийнинг президентлик сайловидаги ғалабасидан сўнг Киевга қайтган эди.

Байрутдаги портлаш: 73 одам ўлди, 4 минг одам яраланди

4 август куни Байрут бандаргоҳида портлаш юз берган эди.

Ливан пойтахти Байрутда юз берган иккита портлаш оқибатида ўнлаб одам ҳалок бўлди ва минглаб одам жароҳатланди.

4 август куни Байрут бандаргоҳида портлаш юз берган эди. Бироқ ўшанда ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумот берилган эмас.

Кечроқ Ливан соғлиқни сақлаш вазири Ҳамад Ҳасаннининг маълум қилишича, портлаш оқибатида 73 киши ҳалок бўлди ва тўрт мингдан ортиқ одам жароҳатланди.

Шаҳар ҳудудига ёндош бандаргоҳда кўплаб биноларга шикаст етган, кўчаларда иншоот бўлакларини, ағдарилган автомобилларни, ойна синиқларини кўриш мумкин. Шаҳарда йўл ҳаракати фалажланган, телефон алоқаси узилган.

Бош вазир Ҳасан Диаб портдаги омборхоналардан бирида бир неча йил қишлоқ хўжалиги учун сақланган 2750 тонна аммиак селитраси портлаб кетган.

Бандаргоҳдан бир неча километр наригача биноларнинг ойналари синиб тушган. Байрут турғунлари гувоҳлигига кўра, портлаш худди зилзиладай ҳис этилган.

АҚШ, Франция, Исроил ва Араб давлатлари портлаш ортидан Ливанга тиббий ва гуманитар ёрдам таклиф қилдилар.

Жосусликда айбланган америкалик Пол Уилан Мордовиядаги колонияга этап қилинди

Пол Уилан.

Россияда жосуслик айблови бўйича 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган АҚШлик Пол Уилан жазони Мордовиядаги колонияда ўтайдиган бўлди.

Уиланни Москванинг “Лефортово” тергов ҳибсхонасидан у ёққа этап қилиб бўлганлар, дея маълум қилган судланувчининг адвокати Ольга Карлова сешанба куни ТАСС агентлигига. Адвокат бу маълумотни Полнинг укаси Дэвиддан олганини айтган. Карлова тергов ҳибсхонасидан бу борада изоҳ олиш уриниши самара бермаганини қўшимча қилган.

Дэвид Уиланнинг ўзи Интерфакс агентлиги билан суҳбатда бу маълумотни Буюк Британия элчихонасидан олганини билдирган. Пол Уилан Ирландия ва Канада билан бир қаторда Буюк Британиянинг ҳам фуқароси бўлиб ҳисобланади.

Жазони ўташ федерал хизмати элчихонага Пол Мордовияга 1 август куни етиб борганини тасдиқлаган. У Мордовиядаги 18-колонияда 20 кунлик карантинни ўтказиб, кейин 17-колонияга ўтказилар экан, деган Дэвид Уилан. Айни пайтда у Россия томони судланувчи қаерга ва қачон этап қилингани ҳақида унинг оиласини хабардор қилмаганини қайд этган.

Жорий йилнинг 15 июнида Москва шаҳар суди Пол Уиланни 16 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган. Судланувчи айбловни тан олган эмас, бироқ ўзининг алмаштириб олинишига умид қилгани учун ҳукм устидан шикоят қилмаган.

Судланувчининг адвокати бунга оид қарор сентябрь ойида қабул қилиниши мумкинлиги ҳақида тасдиқланмаган маълумотга эга эканини билдирган. Хабардор манба Интерфакс агентлигига Москва ва Вашингтон Уиланни АҚШда судланган Константин Ярошенко ва Виктор Бутга алмаштириш эҳтимолини фаол муҳокама қилаётганини маълум қилган. Қайд этилишича, бу одамлар икки мамлакат президентлари томонидан чиқарилган афв доирасида озод қилинишлари мумкин.

Ниқобсиз юрган москвалик йўловчилар икки ойда 210 миллион рубль жарима тўлашди

Москва метроси йўловчилари, 2020 йил 3 августи.

Ўтган икки ой ичида Москвада тиббий ниқобсиз ва қўлқопсиз юрган транспорт йўловчилари умумий ҳисобда 210 миллион рубль жарима тўлашган. Москва шаҳар бош назорат бошқармаси маълумотларига кўра, май ойи ўрталаридан июль ойи ўрталаригача 42 мингдан зиёд йўловчи жаримага тортилган.

Россия пойтахтида транспорт, дўкон ва жамоатчилик жойларида тиббий ҳимоя воситаларини мажбурий тақиб юриш тартиби 12 майдан киритилган, бироқ коронавирусга чалиниш ҳолатлари камая бошлаганидан кейин расмийлар тартиб-қоидаларга риоя қилиниши устидан назоратни бўшаштирганлар.

Расмийларнинг “коронавирус устидан ғалаба қозонилгани”га оид баёнотларига қарамай, август ойи бошидан полиция Москва метрополитенининг барча станцияларида йўловчиларга яна ёппасига жарима сола бошлаган. Москвада жамоатчилик транспортида ниқобсиз ва қўлқопсиз юрганлик учун тўланадиган жарима миқдори беш минг рублни ташкил этади.

Байрутдаги бандаргоҳда катта портлаш содир бўлди

Байрутдаги бандаргоҳда портлаш содир бўлган пайт.

Ливаннинг NNA давлат ахборот агентлиги ва хавфсизлик идораларидаги икки манба Байрутдаги бандаргоҳда портловчи моддалар сақланган омборхоналар портлагани ҳақида маълум қилишди. Портлаш сабаби ҳозирча аниқ эмас. Бандаргоҳда айнан қандай портловчи моддалар сақлагани тўғрисида ҳам маълумот йўқ.

Шаҳар ҳудудига ёндош бандаргоҳда кўплаб биноларга шикаст етган, кўчаларда иншоот бўлакларини, ағдарилган автомобилларни, ойна синиқларини кўриш мумкин. Шаҳарда йўл ҳаракати фалажланган, телефон алоқаси узилган.

СNNнинг Байрутдаги мухбири, ҳарбий тўқнашувларни ёритиш бўйича кўп йиллик тажрибаси борлигига қарамай, авваллари ҳеч қачон бунақа катта портлашни кўрмагани ва эшитмаганини хабар қилган.

Бандаргоҳдан бир неча километр наригача биноларнинг ойналари синиб тушган. Байрут турғунлари гувоҳлигига кўра, портлаш худди зилзиладай ҳис этилган.

Ливан пойтахти бўлган Байрут шаҳри яриморолда жойлашган бўлиб, у ердан мамлакатнинг Ўртаер денгизига чиқадиган энг йирик ва асосий бандаргоҳи ўрин олган.

Шаҳарда 2 миллионгача одам яшаши тахмин қилинади. Сўнгги 90 йил ичида бу ерда аҳоли рўйхатга олинган эмас.

Қирғизистонда коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимлари сони 2854 нафарга етди

Бишкеклик тиббиётчилар (иллюстратив сурат).

Ўтган кеча-кундузда Қирғизистонда 25 нафар тиббиёт ходимида коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу ҳақда 4 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъули Айнура Ақматова маълум қилди.

Айни пайтда ўтган суткада 5 нафар тиббиётчи соғайган, уйда ўзини ўзи изоляция қилганлардан 36 нафарининг ташқарига чиқишига рухсат берилган.

COVID-19 ёйила бошлаганидан бери мамлакатда 2854 нафар тиббий ходим коронавирусга чалинган, улардан 1894 нафари соғайиб кетган.

30 июлдаги маълумотга мувофиқ, Қирғизистон бўйлаб 73 нафар тиббиётчи коронавирус инфекцияси важидан вафот этган, улардан 44 нафарини врачлар ташкил этади.

Туркманистонда ниқоб тақмаганларни жаримага тортиш бошланди

Ашхободда ниқоб тақиб кетаётган туркман қизлари, 2020 йил 13 июли.

Туркманистонда ҳимоя ниқоблари бўлмаган фуқароларга жарима солиш бошланди. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилди.

Коронавирус мавжудлиги ҳалигача расман рад этилаётган бу мамлакатда аввалроқ вирусдан ҳимояланиш учун ниқоб таққанлар жаримага тортилган.

“Полиция ниқобсиз юрган одамларни қўлга олиб, дарҳол бўлимга олиб бориб, 60 манат ($17) миқдорида жарима ёзиб бермоқда”, дея хабар қилди Озодликнинг туркман хизмати мухбири. Қўлга олинганлар “бундан буён кўчага ниқобсиз чиқмайман” мазмунида тилхат ёзишга ҳам мажбур қилинмоқда.

Қайд этилишича, автомобилни ниқобсиз бошқараётган ҳайдовчилар ҳам полиция бўлимига олиб кетиляпти. Уларга 50 манат ($14) миқдорида қўшимча жарима ёзиб берилмоқда.

Расмий маълумотларга кўра, Туркманистонда ҳали ҳам коронавирус йўқ. Бироқ мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга “ҳавода чанг миқдори ошиб кетгани туфайли” ниқоб тақиш ва ижтимоий масофаланишга риоя қилишни тавсия қилган.

Озодликнинг туркман хизмати манбалари айни пайтда Туркманистон касалхоналари ва поликлиникаларида мунтазам равишда ораларида амалдорлар ҳам бўлган беморларнинг коронавирусга топширган тестлари манфий натижа бераётганини маълум қилаётганини қайд этмоқдалар. Бу орада касалхоналар тўлиб кетгани ҳам хабар қилинмоқда.

ЖССТ миссияси вакиллари шу йил 15 июлида Туркманистон расмийларига “худди мамлакатда коронавирус аниқланганидек” чоралар кўришни тавсия қилган. Шундан сўнг бу ўлкада карантин чораларини жорий этиш бошланди: бозорлар, йирик дўконлар ва масжидлар ёпилди. Дейлик, Ашхободда йирик дўкон ва бозорлар фаолияти тақиқланди, Лебап вилоятида ҳам жамоатчилик жойлари ва масжидлар ёпилди, Марв шаҳрида эса аҳолига тўй-маъракаларни бекор қилиш тавсия этилди. Туркманистоннинг барча минтақаларида расмийлар уйма-уй юриб, одамларни кўчага чиқмаслик ва ниқоб тақиб юришга чақиришди.

Тожикистон ИИВ раҳбари қочувдаги полковник Ҳалимовнинг ўлимини расман тасдиқлашдан бош тортди

Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода.

Тожикистон ОМОНининг собиқ командири Гулмурод Ҳалимов Сурияда ҳаво зарбаси чоғида ҳалок бўлган. Бу ҳақда 3 август куни Тожикистон ички ишлар вазири Рамазон Раҳимзода билдирган. Бироқ мулозим Ҳалимовнинг ўлимини расман тасдиқлашдан бош тортган.

Ҳибсга олинган жангарилар ва бошқа манбалардан олганимиз маълумотларга кўра, Ҳалимов ва унинг оила аъзолари Суриядаги амалиётлардан бири чоғида ўлдирилган. Бироқ жасадни ўз кўзимиз билан кўрмагунимизча ва унинг шахси тасдиқланмагунича, биз Гулмурод Ҳалимовнинг ўлганини расман тасдиқлай олмаймиз”, дея билдирган Тожикистон ИИВ раҳбари.

Тожикистон ОМОНининг собиқ командири қатор мамлакатларда тақиқланган “Ислом давлати” гуруҳига 2015 йил апрелида бориб қўшилган. Ўша пайтда Ҳалимов 40 ёшда эди. Қочиб кетган полковникка нисбатан Тожикистонда Жиноят кодексининг бир неча моддаси билан жиноят иши қўзғатилганди. Тожикистон расмийлари уни халқаро қидирувга берганлар.

2015 йил сентябрида Гулмурод Ҳалимов “Ислом давлати” гуруҳи билан боғлиқ 35 шахс ва ташкилот қаторида террорчилар рўйхатига киритилган бўлиб, АҚШ уларга қарши санкциялар жорий қилган. 2016 йили АҚШ расмийлари Ҳалимовнинг қаерда эканига оид маълумот учун 3 миллион доллар миқдорида мукофот берилишини эълон қилган.

2017 йил апрелида Лондонда чиқадиган The Times газетаси Ҳалимов Ироқнинг Мўсулида ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганини хабар қилган.

2017 йил сентябрида Ҳалимов йўқ қилингани ҳақида Россия Мудофаа вазирлиги баёнот тарқатган – бу сафар унинг Суриядаги Дайр-аз-Зорда ўлгани иддао қилинган. Бироқ АҚШ расмийлари бу маълумотга ишонмасликларини, ўзлари ҳам Ҳалимовнинг тақдири ҳақида ҳеч қанақа маълумотга эга эмасликларини билдирганлар.

Тожикистон расмийлари ҳам Ҳалимовнинг йўқ қилинганига оид маълумотни тасдиқлаган эмаслар ва қочувдаги полковник ҳали ҳам Интерпол йўналиши бўйича халқаро қидирувда.

Қозоғистонда коронавирус қурбонлари сони 1100 нафарга етиб қолди

Қозоғистонда коронавирусдан умумий ҳисобда 1091 нафар бемор вафот этди. Бу ҳақда соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой 4 август куни бўлиб ўтган ҳукумат мажлисида билдирди.

3 август ҳолатига кўра, коронавирусга чалинган 93820 нафар бемор қайд этилган. Улардан 27597 нафари даволанмоқда, 65132 нафари соғайиб кетган, 1091 бемор эса вафот этган”, деди вазир Цой.

2 августдан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазирлиги “COVID-19 белгилари бўлган пневмония”га чалинган ва шу хасталикдан ўлганлар бўйича алоҳида статистика эълон қилиб бормоқда. Ўтган икки кун ичида вазирлик 5979 кишининг пневмонияга чалингани, 51 киши вафот этгани ҳақида маълум қилган.

1 августгача пневмониядан ўлганларга оид рақам базада акс этган эмас, вазирлик бу ишни қилишнинг техник сабабларга кўра имкони йўқлигини қайд этган.

Қозоғистонда эпидемиологик вазият ёмонлашгани ҳамда коронавирус инфекцияси ва пневмония кенг қулоч ёя бошлагани қабатида расмийлар мамлакатда қайтадан карантин чекловларини жорий қилганлар. Даставвал 14 кунга мўлжалланган карантин шу пайтгача икки марта (сўнггиси 16 августгача) узайтирилган.

Facebook француз комигига ўз саҳифасидан ва Instagram тармоғидан фойдаланишни тақиқлади

Дьедонн миллий нафратга асосланган чиқишлари учун судланган.

Facebook француз комиги Дьедонн М'Бала М'Балани ўз саҳифасидан ва Instagram тармоғидан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилди. Ширкатнинг билдиришича, бунга комикнинг Холокост қурбонлари устидан кулгани сабаб бўлган.

Дьедонн Франция ва Бельгия судлари томонидан миллий нафратга асосланган ва терроризмни оқловчи чиқишлари учун судланган, аммо шунга қарамай ўн йиллар давомида шахсий шоу ва кинолойиҳаларда иштирок этиб келаётганди.

Ғарбда Facebook ширкати миллий нафрат ва зўравонликларни тарғиб қилаётган фойдаланувчиларга қарши самарали кураш олиб бормаётганликда айбланиб, қаттиқ босимларга учрамоқда.

Ирқчилик ва антисемитизмга қарши кураш халқаро лигаси Facebook ширкати Дьедонн М'Бала М'Балани ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилганини “буюк ғалаба” деб баҳолади.

Дьедоннинг Facebookдаги саҳифасининг 1 миллион 300 минг обуначиси бор эди.

Июнда Google ҳам Дьедонни YouTubeга киришини тақиқлаб қўйган. Комик YouTubeда 400 минг обуначига эга эди.

Қозоғистонда ҳуқуқ фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди

Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.

Қозоғистонда инсон ҳуқуқлари фаоли Асия Тулесовага нисбатан суд жараёни бошланди.

Олмаота судида 3 август куни бошланган жараён коронавирус туфайли видеоалоқа тарзида ўтказилмоқда.

36 ёшли Тулесова 6 июнда ўтган норозилик намойишида қатнашганидан икки кун ўтиб ҳибсга олинган эди. Тулесова полиция ходимига нисбатан куч ишлатганликда айбланмоқда.

Ҳуқуқ фаоли намойиш пайтида ўзини қўлга олмоқчи бўлган ва куч ишлатишга ҳаракат қилган полиция ходимининг бош кийимини уриб туширган эди.

Мазкур айблов ортидан Асия Тулесова уч йилга қамалиши мумкин.

Саудия қиролидан пора олишда айбланаётган Испания собиқ қироли мамлакатни тарк этди

Хуан Карлос 2014 йилнинг 18 июнида ўғли фойдасига тахтдан воз кечган эди.

Испаниянинг собиқ қироли Хуан Карлос I коррупцияга аралашганлик айбловлари ортидан мамлакатни тарк этишга қарор қилганини билдирди.

Қирол саройи тарқатган маълумотда қайд этилишича, собиқ қирол бу ҳақда амалдаги қирол – ўғли Филипп VIни мактуб орқали огоҳлантирган.

Июнь ойида Испания Олий суди 82 ёшли Хуан Карлос Iга нисбатан тергов ҳаракатларини бошлаган эди. Собиқ қирол Саудия Арабистонининг ҳозирда марҳум бўлган қиролидан темир йўл қурилиши шартномаси учун юз миллион доллар миқдорида пора олганликда гумонланмоқда. Бу ҳақда Швейцария газетасида эълон қилинган мақолада гап бўлган.

Бундан ташқари Испания матбуоти собиқ қиролни солиқ тўлашдан бўйин товлаганликда, пул ювишда ва молиявий товламачиликда ҳам айбламоқда.

Тахт вориси Филипп VI мазкур айбловлар ортидан отасини йиллик 194 минг евро миқдоридаги нафақадан маҳрум қилди ва унинг бойлигига меросхўр бўлиш ҳуқуқидан воз кечди.

“Немис тўлқини” радиосининг хабар беришича, Хуан Карлос бу нафақасиз ҳам яхшигина ҳаёт кечириши мумкин. Чунки Forbes журнали ҳисоб-китобича, собиқ қиролнинг бойлиги 2 миллиард доллардан кўпроқдир.

Хуан Карлос ўғлига ёзган мактубида “Мамлакат шаънини сақлаб қолиш истагида” Испанияни тарк этаётганини билдирган. Филипп VI отасига жавоб хатида “бу қарорни чин юракдан қўллаши”ни айтиб, бундай қарор учун “миннатдорчилик изҳор қилган”.

1975 йилнинг 22 ноябрида Испания қироли сифатида эълон қилинган Хуан Карлос 2014 йилнинг 18 июнида ўғли фойдасига тахтдан воз кечган эди.

Трамп АҚШ бизнесига TikTok тармоғини сотиб олишга 15 сентябргача муҳлат берди

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли.

АҚШ президенти Дональд Трамп Америка шикратларига Хитойнинг TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишга 15 сентябрга қадар муддат белгилаб берди.

Трамп 3 августда Твиттер саҳифасида АҚШ технологик гиганти Microsoft TikTok ижтимоий тармоғини сотиб олишига қарши эмаслигини ҳам ёзди.

АҚШ президенти Хитой ижтимоий тармоғи миллий хавфсизликка таҳдид солиши мумкин, деб ҳисоблайди. Трампга кўра, TikTok томонидан тўпланаётган маълумотлар Хитой разведкаси учун озуқа бўлиши эҳтимол. Шундан келиб чиқиб, Трамп ўтган ҳафтада АҚШда TikTok фаолиятини тақиқлаш ниятини билдирганди.

Кейинроқ президент Microsoft бош директори Сатя Наделла билан учрашиб, TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилган.

TikTok Хитойнинг ByteDance ширкатига тегишли. 2 август куни Microsoft TikTok тармоғини сотиб олиш имкониятларини муҳокама қилиш юзасидан сўзлашувларни давом эттиришга тайёр эканини билдирган.

Медведев: Россияда меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар кўпайди

ОМОН ўзбекистонлик муҳожирларни текширмоқда. Новосибирск, 23 июль 2020 йил.

Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев кенгашнинг 3 августда ўтган йиғилишида пандемия ортидан юзага келган оммавий ишсизлик оқибатида меҳнат муҳожирлари содир этаётган жиноятлар сони кўпайганини айтди.

Медведевга кўра, бугунги кунда Россияга бошқа давлатлардан келган муҳожирларнинг 40 фоизи ишсиз қолган.

“Бу эса, албатта, жиноятчиликнинг кўпайишига омил яратмоқда”,-деди Медведев.

Россия Ички ишлар вазирлиги 25 июль куни мигрантларни “экстремизм”, “жиддий қонунбузарликлар”, жамоат тартибини бузиш ва рухсат берилмаган оммавий норозилик намойишларини ўтказишда айблаган эди.

27 июлда эса Россия Федерал хавфсизлик хизмати “Москвада террор уюштирмоқчи бўлган тожикистонлик муҳожир” отиб ўлдирилганини эълон қилган.

Би-би-си: Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини озайтириб кўрсатган

Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Эрон ҳукумати коронавирусдан ўлганлар сонини бир неча маротабага камайтириб кўрсатган. Бу ҳақда Би-би-си ўз манбалари томонидан қўлга киритилган Эрон ҳукуматининг махфий ҳужжатларига таянган ҳолда хабар берди.

Махфий ҳужжатларда қайд этилишича, 20 июлгача бўлган ҳолатга кўра, Эронда коронавирусдан ўлганлар сони камида 42 минг кишини ташкил қилади. Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса COVID-19дан расман 14 405 киши ўлганини эълон қилган.

Би-би-сининг 3 августда хабар беришича, манбалар қўлга киритган ва радиога тақдим этган махфий ҳужжатларда коронавирус ташхиси билан касалхонага ётқизилганларнинг исмлари, ёши, жинси, касалхонага ётқизилган ва даволанган вақти, касаллик симптомлари қайд этилган.

Эрон пандемиядан энг кўп жабрланган давлатлардан бири ҳисобланади. Лекин Теҳрон бу борада эълон қилган маълумотлар сўнгги пайтларда мутахассисларнинг шубҳаланишига сабаб бўлганди.

Давомини ўқинг

Кўрмай қолган бўлсангиз

XS
SM
MD
LG