Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:36

Душанбеда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ярмаркаси очилди


Кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1500га яқин маҳсулот намойишга қўйилган.
Кўргазмада Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1500га яқин маҳсулот намойишга қўйилган.

17 апрель куни Душанбедаги "Пойтахт-90" тижорат марказида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўргазмаси очилди.

Ўзбекистондан борган 500га яқин тожир 161 ширкат маҳсулотларини намойишга қўйган.

"Ўзбекистон Республикаси саноат корхоналари маҳсулотларининг миллий кўргазма - ярмаркаси"ни очиш маросимида гапирган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов кўргазмага 1500га яқин маҳсулот келтирилганини айтди.

- Бу кўргазма ўтган йил кузида Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ўртасида бўлиб ўтган мажлис ортидан бўлиб ўтаяпти. Ушбу кўргазмадан мақсад Ўзбекистоннинг охирги йилларда эришган ютуқларини кўрсатишдир. Умид қиламанки, бу кўргазма Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга йўл очади, - деди Шоқосим Шоисломов.

Кўргазмага оғир ва енгил автомобиллар ҳам келтирилган
Кўргазмага оғир ва енгил автомобиллар ҳам келтирилган

Озодлик мухбирининг айтишича, кўргазмага одамлар эътиборига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган турли саноат маҳсулотлари, жумладан енгил ва оғир машиналар, қишлоқ хўжалиги техникаси, музлатгич ва чангютгичлар, турли хил пойафзаллар, дори-дармонлар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳавола этилди.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги товар айирбошлаш 2000 йилда 1 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этганди.

Бироқ сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш 5 миллион долларгача тушиб кетди.

"Ўзэкспоцент" давлат корхонаси директори Иброҳим Эргашевнинг айтишича, бу кўргазмани ўтказишдан яна бир мақсад Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни реклама қилишдир.

-Тасдиқланган режага мувофиқ, май ойида Тожикистонда Ўзбекистон маданияти кунлари бўлиб ўтиши керак. Тожикистон кўргазмаси ва маданияти кунлари эса шу йил сентябрь ойида бўлиб ўтади. Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо айланмаси 2016 йилда 62 миллион долларга етди, - деди Иброҳим Эргашев.

Ўзбекистон саноат ярмаркаси Тожикистонда илк бор ўтказилмоқда
Ўзбекистон саноат ярмаркаси Тожикистонда илк бор ўтказилмоқда

Тожикистон Тижорат ва саноат палатаси раисининг муовини Манзура Рустамова 17 апрель куни Озодлик радиосига Тожикистон Ўзбекистонга илк маротаба цемент экспорт қилгани, Ўзбекистондан Тожикистонга минерал ўғитлар келтирилганини билдирди.

- Ўзбекистоннинг Тожикистондаги эличисидан биз Тожикистонда қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқарувчи қўшма корхона таъсис этиш бўйича шартнома имзоланганидан хабардор бўлдик. Бу корхонада қишлоқ хўжалигига зарур бўлган турли техник воситалар ишлаб чиқарилиши кутиляпти, - деди Манзура Рустамова.

19 апрелда Душанбеда Тожикистон ва Ўзбекистон тожирлари учрашувлари бўлиб ўтади.

Тожикистон Тижорий палатасининг раиси Шариф Саиднинг айтишича, ушбу учрашувда икки мамлакат тожирлари ўртасида ҳамкорликка оид бир нечта шартнома измоланади.

XS
SM
MD
LG