Линклар

Шошилинч хабар
13 ноябр 2019, Тошкент вақти: 14:10

Тожикистон ўзбек чегарачиларини тожик чўпонини "сабабсиз" отиб ташлашда айблади


Ўзбекистон ва Тожикистонни ажратиб турувчи симтўр

Тожикистон чегарачилари Ўзбекистон чегарачиларининг бир Тожикистон ватандоши чегарани ноқонуний кесиб ўтиб, ўзбек чегарачиларига пичоқ ва таёқлар билан ҳужум қилган пайтда отиб ташлангани ҳақидаги иддаоларини рад этди.

Аввалроқ спутник.уз Ўзбекистон МХХ Давлат чегарасини қўриқлаш қўмитасига таяниб, Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон-Тожикистон чегарасида юз берган инцидент чоғида Тожикистон ватандоши, Турсунзода туманининг, Шлюм аҳоли пунктида яшовчи Аслидддин Шоимов олинган жароҳатлардан қурбон бўлгани тўғрисида хабар қилганди.

Хабарда айтилишича, 15 апрель соат 18:10 да Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Қуруқсой аҳоли пункти яқинида Тожикистон томонидан Ўзбекистон ҳудудига қорамол подаси ўтган.

Белгиланган чегара чизиғига мувофиқ, Ўзбекистон чегарачилари қорамол подасини Тожикистон ҳудудига қайтариб ҳайдай бошлаган. "Қайтариб ҳайдаш вақтида чегарачиларга Тожикистон томонидан уч нафар номаълум шахс Ўзбекистон ҳудудининг 50 метр ичкарисига кириб, ушбу ҳудуд Тожикистонга тегишли эканини айтган ва ҳақоратли гаплар билан жанжал чиқаришга уринган", — дейилади МХХ ДЧҚҚ хабарида.

Номаълум шахслар чегарачиларнинг Тожикистон ҳудудига қайтиш талабига бўйсунмаган, аксинча, улар пичоқ ва таёқлар билан Ўзбекистон чегарачиларга ҳужум қилган.

"Ўз ҳаётини ҳимоя қилиш, ҳужумни қайтариш ва шахсий қуролини эгаллаб олинишига йўл қўймаслик учун,чегара қўриқчилари Ўзбекистон қонунларига мувофиқ ҳолда, чегарабузарларга нисбатан қурол ишлатди. Натижада, қоидабузарлардан бири, Тожикистон Республикаси фуқароси Турсунзода туманининг, Шлюм аҳоли пунктида яшовчи Аслидддин Шоимов олинган жароҳатлардан қурбон бўлди, қолган қоидабузарлар Тожикистон ҳудудида яширинишга муваффақ бўлишган", — дейилган матбуот хизмати хабарида.

Чегара қўриқчилари бош ва бўйнидан турли оғирлик даражасида жароҳатлар олган.

Ушбу ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқни сақлаш органлари томонидан жиноий иш қўзғатилди. МХХ ДЧҚҚ хабарига кўра, Ўзбекистон томони таклифига қарамасдан, Тожикистоннинг Турсунзода тумани чегара назорат хизмати вакиллари ушбу ҳолат сабабларини аниқлаш учун тайинланган учрашувга келмаган.

"Юқорида айтиб ўтилган воқеалар муносабати билан, Ўзбекистон томони Тожикистонлик ҳамкасабаларини чегара ҳудудига яқин жойларда яшайдиган маҳаллий аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришга ва Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини бузилишга йўл қўймасликка чақиради", — дейилган МХХ ДЧҚҚ хабарида.

Бироқ, Тожикистон чегара қўшинлари томонидан Озодликка йўлланган баёнотда Тожикистон ватандоши Ўзбекистон чегарачилари айби билан ўлдирилганини даъво қилинди.

Тожикистон расмийлари ҳодисанинг мутлақо ўзгача манзарасини тасвирлаганлар.

Улар Ўзбекистон чегарачиларини Тожикистон ҳудудида юз берган ҳодисага боғлиқ "фактларни атайлабдан яшириш"га уринишда айблашди.

Тожикистон чегарачиларининг даъво қилишича, "ўзбек чегарачилари Тожикистон ҳудудида "сабабсиз" Тожикистон ватандошларига ҳамла қилганлар".

Чегарачилардан бири чўпон Аслиддин Шоимовни уч метр масофадан отиб ташлаган, яна бир Тожикистон фуқаросининг ўнг оёғи ва қўлига учта ўқ узган.

Тожикистон чегарачиларининг иддао қилишича, "ўзбек чегарачилари воқеа жойида ҳалок бўлган Тожикистон ватандоши жасадини Ўзбекистон ичкарисига олиб кетганлар".

Кўп ўтмай ҳодиса жойига етиб келган Тожикистон чегарачилари ярадорни шифохонага элтганлар.

"Ҳодиса жойида ўзбек чегарачиларига тегишли 7,62 миллиметрли гильзалар ва Ўзбекистон ҳудудига элтувчи қон излари топилди," дейилади Чегара қўшинлари баёнотида.

Тожикистонлик чегарачиларга кўра, айни пайтда иккала тараф вакиллари ҳодиса жойида бўлиб, ҳодисани ўрганмоқда.

Ушбу ҳодиса икки мамлакат ўртасидаги алоқалар охирги 20 йил ичида илк бор илиқлашаётган бир паллада юз берди.

Айни кунларда Тожикистон пойтахти Душанбеда Ўзбекистон саноат моллари ярмаркаси бўлиб ўтмоқда.

XS
SM
MD
LG