Линклар

Франция Президенти сайловида Путин ғалаба қозониши мумкин


Франция Президенти лавозимига номзодлардан бири Эммануэль Макрон

Франция президенти сайловига Россия аралашаётгани ҳақидаги айбловлар урчир экан, камида битта ёки иккита кремлпараст номзоднинг сайловнинг иккинчи даврасига ўтиши кутилмоқда.

Москва сайлов кампаниясига аралашганини рад этиб келаётган бўлса-да, мустақил номзод Эммануэль Макрон ҳақидаги сохта хабарлар ҳамда унга қарши амалга оширилаётган ҳакерлик ҳужумлари ўтган йилги АҚШ сайловларини эслатмоқда. Макрон Россия билан яқиндан алоқа қилишни истамайдиган салмоғи оғир ягона номзоддир.

Франция президентлигига сайловнинг биринчи давраси 23 апрелга белгиланган. Биринчи даврада иштирок этаётган тўрт номзоднинг учтаси Россия билан яқиндан алоқа қилиш тарафдоридир. Сайловолди сўровларига кўра, номзодларни қўлловчилар сони 4 фоизга фарқ қилади холос.

Марказчи Макрон ва миллатчи Марин Ле Пен олдинда кетмоқда. Аммо кейинги ҳафталарда ҳар икки номзоднинг рейтинги тушди. Бу эса консерватив республикачи Франсуа Фийон ва коммунистлар дастаклаётган Жан-Люк Меланшонга қўл келмоқда. Бу икки номзоднинг ҳар бири Россия билан алоқаларни яхшилашни қўллайди.

Жорий йилда Европанинг бир неча давлатида сайлов ўтказилади. Россия ўтган йилнинг ноябрида ўтказилган АҚШ сайловларига аралашиб, кутилмаганда Дональд Трампнинг ғазаба қозонишида роль ўйнагани ҳақидаги хабарлар Европа мамлакатларини хавотирга солиб қўйган.

Le Monde газетаси учун 19 апрелда ўтказилган сўров натижаларига кўра, сўралганларнинг 23 фоизи Маркон, 22 фоизи Ле Пен, 19,5 фоизи Фийон, ниҳоят, 19 фоизи Меланшонга овоз беришини айтган. Хабарларга кўра, сайловчиларнинг чорак қисми ҳали бир қарорга келмаган.

Агар бирорта ҳам номзод 50 фоиздан кўп овоз тўплай олмаса, энг кўп овоз тўплаган икки номзод 7 май куни иккинчи даврада беллашади.

Европа сиёсатига таъсир кўрсатишни истовчилар учун Франция муҳим нишондир. Мамлакат Европа Иттифоқи ва НАТОнинг энг муҳим аъзоларидан биридир. Россия президенти Владимир Путин бу икки ташкилотни Россия таъсирига ҳалал берувчи куч деб билади.

Кўпчилик ўнг қанотчи Ле Пенни Кремлга маъқул келган энг муҳим номзод деб билади.

Ле Пен миграция ҳамда глобализацияга қарши бўлиб, бу қарашлар Россиянинг Европа Иттифоқи ва НАТОни кучсизлантиришга қаратилган уринишларига ҳамоҳангдир.

Ушбу номзод Москва билан алоқаларни яхшилаш тарафдори бўлиб, унинг кампанияси Россиядан маблағ олиб келади. Ле Пен ҳатто 24 март куни президент Путин билан учрашди.

Фийон Путин билан яхши муносабатда бўлиб, Россия билан ҳамкорликда “исломий тоталитаризмга” қарши курашишга чорлаб келади. Номзод Ғарб НАТОни Россияга ўта яқин олиб бориб Москвани “провокация” қилганини ҳамда Россияни аннексия қилинган Қримни қайтаришга чақиришдан фойда йўқлигини айтиб келади.

Фийон рейтинги номзод 2015 йилда ливанлик миллиардер, фаранг нефть ширкати етакчиси ҳамда Путин билан учрашиш учун 50 минг евро олгани ҳақидаги хабарлар ортидан шўнғиди.

Фийоннинг ёрдамчилари у маблағ олганини тан олишди, аммо номзод ҳеч қандай ножўя иш қилмаганини таъкидлашди.

Меланшон янги иқтисодий дастур ҳамда Францияни НАТОдан чиқариш тарафдоридир.

Мазкур номзод Россиянинг Сурия ва Украинадаги ҳарбий амалиётларни олқишлаб келади.

Франция ҳукумати Россия сайлов кампаниясига аралашаётгани ҳақидаги иддаоларни жиддий қабул олишини билдирди. Ташқи ишлар вазири Жан-Марк Эро Journal du Dimanche газетаси билан суҳбатда “Франция сиёсий ҳаётига бундай аралашишни тоқат қилиб бўлмайди”, деди.

Москва эса бу айбловларни кескин рад этиб келади. Расмий Москва февраль ойида Макрон кампанияси вебсайтига ҳамда электрон почта серверларига қилинган ҳужум ортида Россия тургани ҳақидаги иддаоларни “аҳмоқона” дея таърифлади.

Россия АҚШ президенти сайлови кампаниясига таъсир ўтказгани ҳақидаги айбловларни ҳам ёлғон деб келади. Шундай бўлса-да, АҚШ разведка агентликлари Путиннинг киберҳужумлар, компромат сиздириш ва бошқа йўллар ёрдамида Америка сайловларига “таъсир ўтказиш кампаниясини” олиб боришни буюргани ҳақида ҳисобот эълон қилган.

Айни дамда, АҚШ Конгресси ҳам ушбу масала юзасидан ўз мустақил тафтишини бошлаб юборган

XS
SM
MD
LG