Линклар

Москвада меҳнат муҳожирларини талаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олинди


Москвада ишлаётган муҳожирлар.

Москвада меҳнат муҳожирларига зўравонлик қилиб, рекет билан шуғулланиб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, марказий осиёлик муҳожирларни талаб келган гуруҳдан қуроллар ҳам мусодара қилинган.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг Москвадаги расмий вакили Аскат Алиевнинг билдиришича, сўнгги ойларда қатор меҳнат муҳожирлари ўзларини келиб чиқиши марказий осиёлик бўлган одамлардан иборат жиноий гуруҳ талаб келгани, зўравонлик билан пул ундиргани тўғрисида Москва полициясига шикоят қилган.

- Шикоятлар асосида зўравонлик бўйича жиноят иши очилиб, 19 апрель куни Москва полицияси билан ҳамкорликда тезкор амалиёт ўтказилди. Бунинг натижасида 1991 ва 1994 йиллар оралиғида туғилган уч нафар қирғизистонлик қўлга олинди. Улардан бири яшаётган уй тинтув қилинганида 29 та ўқи билан “Калашников” автомати ва бир тўппонча топилди. Бундан ташқари бронежилет, ниқоб ва бошқа буюмлар ҳам мусодара қилинди. Биздаги маълумотлар бўйича, улар уюшган жиноий гуруҳнинг фаол аъзолари бўлган. Улардан жабрланганлар бўлса, бизга мурожаат қилсин, - деди Аскат Алиев.

Расмийнинг билдиришича, айни пайтда жиноят иши юзасидан тергов давом этмоқда. Қўлга олинганлардан икки нафари аввал судлангани аниқланган.

Жорий йил бошида Москвада қурилиш материаллари билан савдо қилаётган меҳнат муҳожирларини номаълум шахслар қўрқитиб, пул талаб қилаётгани айтила бошланган эди. Бироқ маҳаллий полицияга ҳеч ким ариза билан мурожаат қилган эмас.

Бундан бир йил аввал Москвада қирғизистонлик жиноят олами авторитети Қамчи Кўлбоев гуруҳига аъзо бўлган 4 одам қўлга олингани хабар қилинган эди. Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, бундан ташқари Москвада “Чач” деган лақабга эга бўлган Эрнис Музахметов ва “Сақал” деган лақабга эга Улан Тўктўсуноваларнинг жиноий гуруҳлари ҳам фаолият юритаётгани айтилиб келинади.

Россиядаги қирғиз жамоати раҳбарларидан бири Раимкул Аттокуров Москвада муҳожирлардан иборат жиноий гуруҳлар 2007 йилдан пайдо бўла бошлаганини ва улар асосан бизнес билан шуғулланишга ҳаракат қилаётган марказий осиёликларга зўравонлик кўрсатишини айтди:

- Ўша йилларда бизнес билан шуғулланаётган ватандошлар унчалик кўп эмас эди. Москвада асосан ватандошлар қурулиш маҳсулотлари сотувчи бозорларда ва транспорт билан юк ташиш соҳасида бизнес қилади. Жиноий гуруҳларнинг мўлжали ҳам асосан мана шулар бўлиб қолмоқда, - деди Раимкул Аттокуров.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг билдиришича, Россия мутахасислари қирғизистонликлардан иборат жиноий гуруҳлар Москвада “вахта” услубида ишлашини айтмоқда. Бу борадаги маълумотда айтилишича, бу жиноий гуруҳлар доимий равишда янги келган муҳожирлар билан тўлиқланиб боради.

XS
SM
MD
LG