Линклар

АҚШ мудофаа вазири Россияни Толибонга қурол етказиб бераётганликда айблади


АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис.

АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис Афғонистон расмийлари билан учрашувлардан сўнг Кобулда берган матбуот анжуманида Россияни Толибларга қурол етказиб бераётганликда айблади.

- Биз стратегик жаҳатдан Россия билан дипломатик ҳамкорликни давом эттирамиз. Лекин биз Россия халқаро қонунларга зид келадиган ҳаракатларни, жумладан, бошқа давлатлар суверенитетини инкор қилганида унга қарши чиқамиз. Масалан, бу ерга исталган бошқа давлатдан Афғонистон ҳукуматини четлаб ўтиб қурол олиб келиниши халқаро қонунларнинг бузилиши ҳисобланади, -деди Мэттис.

Матбуот анжуманида АҚШ расмийси Россия Толибонга пулемётлар ва ўрта оғирликдаги бошқа қуролларни етказиб берганини айтди.

Мэттис разведка маълумотларига иқтибосан Афғонистоннинг Ҳилманд,Қандаҳор ва Урузғон вилоятлариида толиблар Россия қуролларини ишлатаётганини билдирди.

Москва расмийлари эса бу маълумотларни инкор этмоқда.

Жеймс Мэттис эълон қилинмаган ташриф билан 24 апрель куни Афғонистонга борган эди.

Мэттиснинг сафари Балх вилоятида ҳукумат кучларининг ҳарбий базасига толибларнинг қонли ҳужумидан сўнг, Афғонистон Мудофаа вазири, Қуролли Кучлар штабининг бошлиғи ва бир неча юқори лавозимли зобит ишдан олинган кунга тўғри келди.

XS
SM
MD
LG