Линклар

Россия Қирғизистонга берган 240 миллион доллар қарзидан кечмоқчи


Россия Қирғизистонга берилган 240 миллион доллар қарзидан кечишга рози бўлди. Бу ҳақда Қирғизистон Молия вазирлиги расман билдирди.

Қирғизистон Молия вазирлигининг давлат қарзларини бошқариш бошқармаси раҳбари Бакит Сидиков Россия 240 миллион доллар қарзидан кечиш ортидан Бишкекка ҳеч қандай шартларни қўймаётганини айтди.

-Россия томонидан ҳеч қандай шартлар қўйилмади. Шартномага оид ҳужжатлар тайёр бўлгач, унинг матни оммавий ахборот воситалари орқали халққа етказилади.Ҳозир шартнома матни устида томонлар иш олиб бормоқда, -деди Бакит Сидиков.

Унга кўра, 2012 йилдан бери Россия билан қарзлардан кечиш юзасидан музокаралар ўтказиб келинади. Ҳар йили Москва қарзларнинг 30 миллион долларини кечишга рози бўлиб келган. Жорий йилда эса Россия ҳукумати 240 миллион доллардан кечишини билдирган.

Россия 2009 йилда Қирғизистонга берилган 300 миллон доллар қарзи эвазига Бишкекдаги “Достон” заводи акцияларининг 48 фоизини олишга розилик билдирган ва икки томонлама шартномани имзолаган. Кейинроқ Кремль бу шартномани бузган ва бир қатор давлатлар харидор бўлиб турган “Достон” ҳарбий заводи акцияларининг 75 фоизи ўзига берилишини талаб қилган эди.

Бишкек ва Москва ўртасида узоқ йиллардан бери баҳсларга сабаб бўлиб келган қарзнинг 240 миллион долларидан бирданига кечилишини иқтисодчилар Россия манфаатлари билан боғламоқдалар.

-Бунинг энг асосий сабабини бугунги кунда Евросиё иқтисодий маконида ҳамкорликда иқтисодий сиёсат юритишга ҳаракат қилинаётгани билан изоҳлаш мумкин. Қарзнинг кечилишини мазкур иқтисодий макон доирасида Россия Қирғизистонга бераётган ёрдам сифатида тушуниш мумкин. Яъни Россия Қирғизистонга берадиган 240 миллонни шунча миқдордаги қарзни кечиш орқали кўрсатаяпти. Бу Россия учун жуда манфаатли, -деди иқтисодчи прфессор Айилчи Сарибаев.

Қирғизистон Молия вазири мамлакатнинг ташқи қарзи 4 миллион долларга яқинлаб қолгани ҳақида билдирган эди.

Расмий маълумотларга қараганда, Қирғизистон Хитойдан 1 миллиард 42 миллион доллар, Россиядан 300 миллион доллар, Япониядан 253 миллион доллар, Германия ва Туркиянинг ҳар биридан 100 миллион доллардан қарздор. Бундан ташқари Қирғизистонга Жаҳон банки 700 миллион доллар, Осиё банки 600 миллион доллар, Халқаро валюта жамғармаси 200 миллион доллар қарз берган.

Ўтган йилнинг июлида Россия Ўзбекистоннинг 865 миллион доллар қарзидан кечган эди.

Кремль Ўзбекистон Россиядан жами 889 миллион 300 минг доллар миқдорида қарздор эканини айтиб келган. Бироқ Тошкент бу қарзнинг фақат 43 миллион 100 минг долларини тан олган ва Москва собиқ СССР Олмос фонди орқали Ўзбекистондан камида 1 миллиард доллар қарздор, деб даъво қилган.

2016 йилнинг 1 июлида Россия ҳамда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирликлари икки давлат ўртасидаги молиявий даъволар тўла мувофиқлаштирилгани тўғрисидаги ноталар билан алмашган эди.

XS
SM
MD
LG