Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:14

Ўзганда 24 одам ўлган жойни қабристонга айлантириш тўғрисида фатво берилди (ВИДЕО)


Ер кўчки бўлган жойда ишлаётган қутқарувчилар.
Ер кўчки бўлган жойда ишлаётган қутқарувчилар.

Қирғизистон муфтияти Уламолар кенгаши Ўзган туманининг Айу қишлоғида ер кўчкиси оқибатида 24 одам ҳалок бўлган жойни қабристонга айлантириш тўғрисида фатво чиқарди. Уламолар кенгашининг 11 аъзоси бир овоздан бу фатвони қўллади. Фатво 30 апрель – ҳалок бўлганлар хотирланган мотам кунида эълон қилинди.

Уламолар кенгашининг фатвосида айтилишича, ер кўчкиси оқибатида тупроқ остида қолиб ҳалок бўлганларни қидириб топиш қийинлашса, бу ҳолатда ўша ерни қабристонга айлантирилишига шариат йўл беради. Фатвода бу борада Қуръони Каримдан ва бошқа диний китоблардан исбот-далиллар келтирилади.

Фатводан келиб чиқадиган хулоса шуки, кўчки остидагиларнинг жасадларини қидирмай, уларни ўша ерга дафн этилган, деб ҳисоблаш мумкин. Аҳолини фатво билан таништириш учун Уламолар кенгаши аъзолари 1 май куни Ўзган туманининг Айу қишлоғига сафар қилдилар.

Бундан ташқари, Қирғизистон муфтияти 5 май кунги жума намозида кўчкида ҳалок бўлган 24 одам хотирасига барча масжидларда Қуръон ўқиш тўғрисида кўрсатма берди.

29 апрель куни эрта тонгда Айу қишлоғида ер кўчкиси 7 уйни босиб қолган ва 24 одам ҳалок бўлган эди. Уларнинг 9 нафари болалардир.

-Вой, айланиб кетай жигарим, жигарим. Биттаси бўлса ҳам тирик қолмабди. Болалари билан бирга ҳаммаси ҳалок бўлди, -дейди яқинларини йўқотганлардан бири.

Ўзган. Айу қишлоғидаги ер кўчкида 24 одам ҳалок бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:46 0:00

Фавқулодда вазиятлар вазири Қубатбек Бўрўновнинг айтишича, бу жойда яшаган аҳоли бир неча марта кўчки хавфидан огоҳлантирилган ва уларга бошқа ерга кўчиш тавсия қилинган. Бироқ улар бу таклифни рад этганлар.

-Биринчи марта уларга 2003 йилда огоҳлантириш берилган эди. Охирги марта шу йилнинг 28 март куни огоҳлантирилган. Бироқ одамлар “Уйларимиздан кўчмаймиз” деб, бошқа жойга кўчирилишга қаршилик қилган эди, -деди Қубатбек Бўрўнов.

Расмий маълумотларга қараганда, мазкур қишлоқда хавфли ҳудудда турган 30 оила бошқа ерга кўчирилади.

Воқеа жойга борган парламент раиси Чинибай Турсунбеков аҳоли билан учрашувда ҳукумат янги жойда аҳолига уй қуриш учун бюджетдан ёрдам кўрсатишини маълум қилди.

-Ер масаласида ва ўша ерларга уй қуриб бериш масаласида биз ёрдам берамиз. Бюджетга ўзгартириш киритиб, керак бўлган миқдордаги ҳаражатларни ажратиб берамиз. Энг муҳими, сизлар ўз хавфсизлигингизни ўйланглар, - деди парламент раиси.

Шу кунгача 1 миллион куб метр ер кўчкиси остида қолганлардан уч нафарининг жасади топилди. Қолганларнинг жасадларини қидириш ишлари давом этмоқда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг билдиришича, 30 апрель куни Ўзганннинг Жалпак-Таш қишлоғида ҳам ер кўчкиси бўлиб 11 уй ер остида қолган. Бу жойдан аҳоли кўчирилиб кетгани муносабати билан табиий офатдан одамлар жабрланмади.

XS
SM
MD
LG