Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:30

Путин Туркия ва Россия алоқалари "тўлиқ форматда" қайта тикланганини таъкидлади


Россия президенти Владимир Путин туркиялик ҳамкасби Режап Таййип Эрдўғон билан учрашуви сўнггида қилган чиқишида икки мамлакат орасида алоқалар "тўлиқ форматда" қайта тикланганини таъкидлади.

3 май куни Путин ва Эрдўғон Россиянинг Қора денгиз соҳилидаги Сочи шаҳрида учрашди.

Сурия масаласи музокаралар марказида бўлган. Россия ва Туркия Сурияда урушаётган бир бирига қарама-қарши томонларни дастаклаб келади.

2015 йилда Туркиянинг қирувчи учоқлари Туркия-Сурия чегарасида Россиянинг Су-24 ҳарбий учоғини уриб туширганидан сўнг икки мамлакат орасидаги алоқаларга совуқчилик тушганди.

3 май куни Эрдўғон билан музокаралар ортидан сўзлаган маърузасида Путин Россия-Туркия алоқалари "тўлиқ форматда" қайта тикланганини таъкидлади.

Ўз навбатида Эрдўғон Сочидан Анқарага жўнаш олдидан журналистларга берган интервьюсида Туркия ва Россиянинг ўртоқ ҳадафи Сурия бўхронини сиёсий йўл билан ҳал этиш эканини айтди.

Айни пайтда Россия, Туркия ва Эрон расмийлари Қозоғистонда Сурия бўйича музокаралар курсисига ўтирган.

Россия ва Эрон Суриядаги Башар Ассад режимини дастаклайди. Туркия эса Ассад режимини ағдаришни ўз олдига мақсад қилган исёнчи гуруҳларни қўллайди.

3 май куни Қозоғистонда бошланган музокараларда Сурия ҳукумати ва унга мухолиф гуруҳ вакиллари ҳамда БМТнинг махсус вакили Стаффан де Мистура қатнашяпти.

Сочидаги музокараларда Путин ва Эрдўғон Туркия ва Россия орасида 2015 йил жорий этилган тижорий чекловларни олиб ташлаш масаласини муҳокама этишди.

Туркия ўз қишлоқ хўжалик махсулотлари, жумладан помидорга Россия жорий этган санкцияларни олиб ташлашни хоҳлайди.

3 май куни Сочида қилган чиқишида Эрдўғон Россия Туркияга нисбатан жорий этган барча санкцияларни бекор қилишига умид билдирди.

XS
SM
MD
LG