Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 23:59

Покистондаги "ўжар қабилалар"ни ҳукуматга бўйсундириш жараёни бошланди


ФАТА ўта ҳарбийлашган жой бўлиб, у ерда 100 минг кишилик Покистон қўшинлари жойлаштирилган.

Покистоннинг Афғонистон билан ғарбий чегарасидаги ўжар минтақа аҳолисини марказий ҳукуматга бўйсундириш режаларини амалга оширишга киришилди.​ Айни пайтда, бу ҳудудда ёш бола бирор қабила вакили қилган жиноят учун қамоққа ташланиши, ҳали айблов эълон қилинмаган одамлар йиллаб панжара ортида ўтириши ва ҳокимият идоралари бутун бошли жамоаларни ҳеч бир изоҳсиз уйларидан кўчириб юбориши мумкин.

Покистоннинг Афғонистон билан ғарбий чегарасидаги ўжар минтақа аҳолисини марказий ҳукуматга бўйсундириш режаларини амалга оширишга киришилди.

Айни мақсадга эришиш учун эски ҳуқуқий тизимга барҳам бериш, Покистоннинг Федерал ҳукуматга бўйсунадиган қабила ҳудудларидаги (ФАТА) аҳолисига сайловда овоз бериш ҳуқуқи ва ҳукумат фаолиятидаги иштирокини кенгайтиришни таклиф қилиш ҳамда ҳаёт даражасини кўтариш кўзланмоқда.

Бундай кенг қамровли ёндашув, назарий жиҳатдан олганда, ФАТАнинг ташқи дунёдан узилиб қолганига барҳам беради ҳамда маҳаллий аҳолининг ўша ерда тобора илдиз отаётган турли-туман жангари гуруҳларга қўшилиши олдини олади.

Ҳуқуқий “Қора туйнук”

Бир қанча қабилалар “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари” (FCR) деб аталувчи қонунлар билан таништирилгандан сўнг уларга риоя қилишга рози бўлган эди. Аммо Британиянинг мустамлака бошқаруви барҳам топгандан сўнг ҳам ушбу тизим сақланиб қолди – у 1947 йили Покистон давлати ташкил этилгандан сўнг ушбу мамлакатнинг ҳуқуқий тизимига жорий қилинди ва бугунга қадар у ёки бу даража сақланиб қолмоқда.

ФАТАни ташкил қилувчи еттита қабила ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли тизимдан қаттиқ зарар кўриши баробарида давлатга бўйсуниб ҳам айтарли фойда топмади: сиёсатдаги иштироки чеклаб қўйилди; миллий сайловларда овоз беришига рухсат этилмади; электрлаштириш сингари инфратузилмани янгилаш уларни четлаб ўтди; ишсизлик даражаси кескин кўтарилиб, 80 фоизга етди; миллионлаб кишилар жанг ва табиий офатлар оқибатида яшаб турган жойларидан кўчиб кетишга мажбур бўлди.

Дастлаб “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари” XIX асрнинг охирларида дарғазаб пуштун мухолифати исёнини бостиришга мўлжалланган эди. Тизим қибилалар етакчиларига чекланмаган ҳокимият берди, улар қўзғолонларни бостириш ва Британия манфаатларини ҳимоя қилиши эвазига қисман мухториятга ҳам эга бўлди. номи зикр этилган қоидалар маҳаллий аҳолини сиқувга олиб, минтақани ташқи дунёдан бутунлай узиб қўйди.

Британияликлар ФАТАни ва унга қўшни Шимоли-ғарбий чегара вилоятини (бугунги кунда Хайбар-Пахтунхва вилояти деб юритилади) буфер зона сифатида ташқил қилди ҳамда 1893 йили Афғонистон билан 2400 километрлик “Дюран линияси” деб аталувчи чегара ўрнатди. Расмий Кобул шу кунгача тан олмай келаётган ушбу чегара минтақада яшовчи пуштун қабилаларини иккига бўлиб қўйди.

Шафқатсиз қонунлар Британия ҳокимиятига – кейинчалик президент тайинлайдиган ва “сиёсий агентлар” деб аталадиган амалдорларга – бирор киши содир этган жиноят учун бутун бошли қабилани жазолаш, у ердаги яшовчи кишиларни ҳеч бир сабабсиз уч йилгача қамаб қўйиш, одамларни куч ишлатиб, бошқа жойга кўчириш, тинтув ўтказиб, мол-мулкини тортиб олиш ҳуқуқини берар эди.

ФАТАда расмий қонунлар ва давлат ҳужжатларининг йўқ. Ушбу ҳолат кўпчилик фаоллар минтақани “қора туйнук” деб аташига сабаб бўлди. ФАТА аҳолиси учун таклиф этилаётган ислоҳотлар қонун ва тартибни жорий қилиш, ўз юртининг зикр этилган лақабдан қутулиши билан ҳам аҳамиятлидир.

ФАТА Хайбар-Пахтунхва вилоятига қўшиладими?

Саид Кабир ҳеч бир айблов ёки изоҳсиз кўп марта ФАТА қамоғига ташланди.

– Мен “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари”га кўра етти марта қамоққа ташландим, – дейди айни пайтда Хайбар-Пахтунхва вилояти пойтахти Пешовар шаҳрида истиқомат қилаётган 37 яшар С.Кабир. – Мен ҳеч қандай жиноят қилганим йўқ, фақат жамоатимизда сув ва электр таъминотини кўпайтириш зарурлиги тўғрисида норозилик билдирган эдим, холос.

Ҳукумат тайинлаган ФАТАнинг ислоҳот қўмитаси тавсия қилаётган ислоҳотларни бош вазир Навоз Шариф ва унинг кабинети 2 март куни маъқуллади. Покистон президенти ҳам ислоҳотларга розилик билдирди.

Ислоҳотлар ҳуқуқий кучга эга бўлиши учун ҳукумат 2 март куни маъқуллаган режа энди Конституцияга киритиладиган ўзгартириш лойиҳаси мақомини олиши керак. Бунинг учун эса Покистон икки палатали парламенти иккала палатаси вакилларининг ҳам 2/3 қисми ёқлаб овоз беришини талаб қилади. Ушбу мамлакат парламенти юқори палатаси – Сенатда 104 нафар, қуйи палатаси – Миллий Ассамблеяда эса 342 нафар қонун чиқарувчи фаоилят юритади. 2016 йилда Покистон парламентининг иккала палатаси ҳам режа лойиҳасини тасдиқлади.

Режаларга кўра, ФАТА беш йил давомида Хайбар-Пахтунхва вилоятига қўшиб юборилади. Покистон судларининг юрисдикцияси ФАТА ҳудудида ҳам амал қила бошлайди ва қабилаларнинг полицияси миллий хавфсизлик кучлари таркибига киради. Хайбар-Пахтунхва вилояти билан қўшилиш ФАТАга Покистоннинг асосий қонун чиқарувчи органи Миллий Ассамблеяга ўз вакилларини сайлаш имконини беради. У ерда “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари” амал қилаётган пайтда бунга имкон йўқ эди.

Сенатор ва Хайбар-Пахтунхва вилоятидаги дунёвий Авоми миллий партияси (АМП) президенти Афросиёб Хаттакнинг билдиришича, ислоҳотлар анча-мунча ўзгаришларга сабаб бўлади.

Муҳим қадам

Бошқаларнинг айтишича, ҳаммаси бир бўлиб “Ривож акти” деб аталаётган режали ўзгаришлар узоққа бормайди.

Покистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Мустафо Қадрийнинг фикрича, таклиф этилаётган ислоҳотларнинг “ноқис жойи кўп”, бироқ “ФАТА тарихидаги янги ва ижобий босқич сари муҳим қадамдир”.

– ФАТАда таклиф этилаётган ҳуқуқий механизм билан боғлиқ бошқа хавотирлар ҳам бор: “қабила қонунлари”ни қонунчиликка жорий қилиш ҳуқуқларни бундан буён ҳам бузиш учун тайёр андозадир, – дея такидлади Қадрий.

У оқсоқоллар кўпчиликни ташкил этадиган ва вакиллари сайланмайдиган “жирға” ҳуқуқий тизимини ёдга олади. Қадрининг қайд этишича, ушбу тизимда “сиёсий манфаатлар устувордир” ва у “ҳатто халқаро адолатли суд стандартларининг энг оддий талаблари”га ҳам жавоб бермайди.

Ислоҳотлар ўтказилаётган пайтда жирға тизими Покистон судлари билан ҳамкорликда ишлайди, судлар эса ўша минтақада юрисдикцияга эга бўлади, шу тариқа мунозараларга имконият туғдириб беради.

Хайбар довони яқинида ўтаётган қишлоқ жирғаси.
Хайбар довони яқинида ўтаётган қишлоқ жирғаси.

Хайбар довони яқинида бўлиб ўтаётган қишлоқ жирғаси.

Патриархал тизимда аёллар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади, анъанага кўра, уларнинг тақдирини қишлоқ оқсоқоллари ҳал қилади, дейди Қадрий. Айтишича, бу ҳол уларни ҳеч бир жазолашсиз жинсий ва бошқа қонунбузарликлар содир этишга рухсат берадиган қонун-қоидалар олдида ожиз қолдиради.

Яна у ўзгаришлар амалга оширилаётган пайтда мамлакатнинг ҳар нарсага қодир – одамларни сўроқсиз-судсиз ўлдириш, ўзбошимчалик билан ҳибсга олиш, яқинда минтақада ўзказилган кампания вақтида қийноқларга солишда айбланган – қўшинлари ҳали ҳам қонунларга бўйсунмайди ва бундан кейин ҳам кучли ваколатларга эгалигича қолади, деб нолийди. ФАТА ўта ҳарбийлашган ҳудуддир, у ерда Покистоннинг, тахминан, 100 минг кишилик қўшинлари жойлаштирилган.

АҚШда истиқомат қилувчи покистонлик сиёсатшунос Муҳаммад Тақий, ўзгаришларга киришишдан олдин йирик конституционал, сиёсий ва маъмурий муаммоларни ҳал этиш зарур, аммо режани амалга оширса бўлади, деди.

Ислоҳотлар аҳолини бўлиб ташлади

Гарчи ФАТА аҳолисининг аксарияти “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари”ни бекор қилиш ва Хайбар-Пахьтунхва вилоятига қўшилиш тарафдори бўлса-да, таклиф этилаётган ислоҳотларга муносабатига кўра, иккига бўлиниб қолаётган кўринади.

Исломободда жойлашган ва нотижорат ташкилоти бўлмиш ФАТА тадқиқотлар маркази февраль ойида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида сўров ўтказди. Унинг натижаларидан маълум бўлишича, фикри сўралганлариннг 68 фоизи “Чегарадаги жиноятларни тартиб солиш қоидалари”ни бекор қилишни, 74 фоизи (54 фоизи тўлиқ, 20 фоизи қисман) ФАТАнинг Хайбар-Пахтунхва вилоятига қўшилишини маъқуллади.

Аммо аҳолининг 26 фоизи ФАТАни алоҳида вилоятга айлантиришни истайди. Бу ислоҳотларга мухолиф позицияда турган айрим диинй ва миллатчи сиёсий гуруҳларнинг кайфиятини ифода этади. Уларнинг фикрича, ўзгаришлар ФАТАда устувор бўлган маҳаллий қабила анъаналарига путур етказиши мумкин.

Март ойида беш нафар қабила раҳбари таклиф этилаётган ислоҳотларга қарши чиқиб, Олий Судга мурожаат қилди. Айтишларича, ислоҳотлар “ноқонуний ва конституцияга қаршидир”. Қабила раҳбарлари, гарчи президент ислоҳотларни ёқлаган бўлса-да, бош вазир эмас, фақат президент қабилалар яшаётган ҳудуднинг қўшиб олиниши ҳақида қарор қабул қилиши мумкин, қўшиб олиш учун жирға қарор қабул қилиши керак, демоқда.

Таклиф этилаётган ислоҳотларнинг энг машҳур танқидчиларидан бири “Жамияти Уламои Ислом”нинг (Мусулмон уламолари жамияти) энг йирик тармоқларидан бири пешвоси ва муросасиз исломчи Мавлоно Фазлур Раҳмондир. Асосан сунний уламолар етакчилик қиладиган “Жамияти Уламои Ислом” Покистонни шариат қонунлари бошқарадиган давлатга айлантиришни истайди. Раҳмон расмий Исломободни ФАТА аҳолиси устига “истакларини бульдозер билан суриш”да айблади.

Яна бир танқидчи эса Пахтунхвадаги Миллий Авоми партияси раҳбари Маҳмуд Ачакзайдир, у ҳам мамлакат раҳбарларини ФАТА аҳолиси розилигини олмай туриб, ўзгаришлар қиляпти, деб ҳисоблайди.

Иккаласи ҳам шахсий ва сиёсий манфаат йўлида ислоҳотларга қарши чиқаётганликда айбланди.

Фруд Безҳан

Фруд Безҳан Афғонистон, Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ минтақасидаги воқеаларни ёритиб боради.

Мақолага оид фикрларингизни bezhanf@rferl.org электрон почтасига юборинг.

XS
SM
MD
LG