Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 05:33

2021 йилгача Ўзбекистон боғчаларига 1 миллион 109 минг бола қабул қилинади


Ўзбекистон Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаевнинг вазирлик расмий сайтида билдиришича¸ президентнинг 2016 йил 29 декабрдаги “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ республикадаги 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек¸ “қишлоқ жойларда бундай муассасаларни янгидан қуриш, уларни замонавий инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ҳамда мультимедиа воситалари билан таъминлаш чора-тадбирлари” амалга оширилмоқда.

Режага кўра¸ 2021 йилгача Ўзбекистондаги болаларни мактабга тайëрлаш билан шуғулланувчи қисқа муддатли гуруҳлар сони 6100 га етади. Айтилишича¸ ҳозирда мамлакатда 1200 та шундай гуруҳ ташкил этилиб¸ уларга 81 минг нафар бола қабул қилинган.

Вазирлик раҳбари баëнотига кўра¸ беш йил ичида 50 та янги мактабгача таълим муассасаси қурилади¸ 1167 таси реконструкция қилинади¸ 983 таси “мукаммал таъмирланади” ва бу ишларга 2¸2 триллион сўм сарфланади. 2017 йил ичида 301 боғчада 265¸5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади.

Кенжаевнинг билдиришича¸ 2017-2018 йилларда 2420 та таълим муассасасида “ўзбек ҳамда жаҳон адабиётидан сараланган эллик номдаги асарни жамлаган кичик кутубхоналар ташкил этилади”.

Ўзбекистонда мактабгача таълим муассасаларида жой етишмаслиги ортидан коррупция ва зўравонликнинг кенг тарқалгани айтилади.

Хусусан¸ март ойида Cурхондарёда 23 та болалар боғчасида кундузи болалар жисмоний жазоланадиган, тунда эса фоҳишахона ташкил қилингани ҳолатлари аниқлангач¸ Ўзбекистон бўйлаб барча боғчаларда махсус текширув ва рейдлар ўтказилди. Бу текширувлар ортидан мамлакатдаги ҳар бир боғчага ҳокимликдан махсус вакил назоратчи ўлароқ тайинланди.

Аммо вазир ўринбосари ўз чиқишида бу муаммоларни умуман тилга олмаган.

XS
SM
MD
LG