Линклар

Путиннинг сайловчилар орасидаги рейтинги пасаймоқда


Путин Россияни 1999 йилдан бери бошқариб келмоқда.

Мустақил Левада маркази ўтказган сўнгги ижтимоий сўров хулосасига кўра¸ агар шу кунларда Россияда президентлик сайлови ўтказилса¸ 48 фоиз сайловчигина Владимир Путинга овоз беради.

21-24 апрелда ўтказилган сўнгги сўров¸ Путинга овоз берувчиларнинг ўтган йилнинг айни пайтига нисбатан 14 фоизга¸ жорий йилнинг январидагига нисбатан эса¸ 5 фоизга камайганини кўрсатади.

1999 йилдан бери Россияни бошқариб келаëтган Путиннинг 2018 йил мартига белгиланган навбатдаги президент сайловларида яна ғолиб деб топилиши кутилмоқда. Ҳозирча Путин бу сайловда номзодини қўйишини расман эълон қилмади.

Левада сўнгги сўровида Россиянинг турли ҳудудларида яшовчи 1600 одам қатнашган ва улардан “сайловлар келаси якшанба куни ўтказилса¸ кимга овоз берган бўлардингиз”¸ деб сўралган.

Номзодлар номи берилмаган бу сўровда қатнашганларнинг 3 фоизи ашаддий миллатчилар раҳбари Владимир Жириновский¸ бир фоизи эса¸ мухолифат лидери Алексей Навальнийга овоз беришини билдирган.

XS
SM
MD
LG