Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 18:35

ЕИ элчиси Ички ишлар вазири Азизовнинг иддаосига жавоб қайтарди


Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс 4 май куни ўтказилган матбуот анжуманида Тошкентнинг валюта сиёсатини танқид қилди.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, Стипрайс "Ўзбекистондаги мавжуд валюта сиёсати кўп ҳолларда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишга тўсқинлик қилади. Бу ҳеч кимга сир эмас. Айни дамда, бу Ўзбекистон ҳукумати томонидан ҳал этилаётган муҳим масалалардан биридир”, деб айтган.

Стипрайснинг айтишича, Ўзбекистонда валюта тизимига нисбатан “бозор воситаларининг жорий этилиши” хориж сармоядорлари учун кучли ишора бўлиши мумкин.

“Элчининг сўзларига кўра, инвестициялар фойда кўришнинг имкони йўқ бўлган ерга эмас, бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратилган муҳит томон ошиқади”, деб ёзди Kun.uz .

Спутник сайтининг хабар қилишича, Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс ички ишлар вазири Абдусалом Азизовнинг баёнотига нисбатан ҳам фикр билдирган.

Европа Иттифоқи делегациясининг Ўзбекистондаги элчиси Эдуардс Стипрайс ички ишлар вазири Абдусалом Азизовнинг баёнотига нисбатан фикр билдирар экан, Европа террорчиларни яшириш билан шуғулланмаслигини қайд этди, деб хабар берди Sputnik мухбири.

Эслатиб ўтамиз, яқинда бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон ички ишлар вазири Абдусалом Азизов журналистларнинг охирги пайтда Европада юз берган терактлар ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, мамлакатнинг тегишли органлари жамоатчилик учун хавфли ва қидирувда бўлган шахслар ҳақида европалик ҳамкасбларига барча зарур маълумотни тақдим этишини маълум қилди. Лекин қандайдир сабабларга кўра, деди у, бу шахслар Европада қочоқ мақомини олган ҳолатлар ҳам қайд этилган.

Стипрайснинг фикрича, муаммонинг икки жиҳати бор. Биринчиси — бу шахсларнинг ЕИ мамлакатларида бўлишларини тартибга солувчи ички ҳужжатлар билан боғлиқ.

"Албатта, биз айрим ҳолларда улар қандайдир ҳимоя остида бўлишлари ҳақида гапиришимиз мумкин. Айрим ҳолатларда бевосита теракт ижрочиси депортация қилиниши керак бўлган, лекин турли субъектив ва объектив сабабларга кўра депортация вақтида амалга ошмаган бўлади", — деди ЕИ делегацияси раҳбари айнан кимни назарда тутаётганига аниқлик киритмай.

Шу билан бирга у тўлалигича террорчиларни яшириш юз бермаётганини таъкидлади. Муаммонинг иккинчи жиҳати ҳақида гапирар экан, Эдуардс Стипрайс ўзбек ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари мавқеларини суиистеъмол қилган ҳолатлар бўлганини айтди.

"Охирги йилларда ўзбек органлари томонидан тақдим қилинган маълумотлар аксарият ҳолларда маълум бир ишончсизлик билан кўриб чиқилган. Менимча, эҳтимол, бу маълумотларни баҳолашда қандайдир ўзгаришлар юз беради, лекин биз ўзбек томони тўлиқ асосланган маълумотларни тақдим этади деб ўйлаймиз", — деган элчи.

Эдуардс Стипрайс Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари сифатида 2016 йилнинг сентябрида иш бошлаган.

Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси 20 сентябрда тарқатган маълумотномада айтилишича, бундан аввал Стипрайс Латвия ташқи ишлар вазирлиги сиёсий директори, Давлат котиби ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

У Тошкентда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги учинчи элчиси бўлди. Европа Иттифоқи делегацияси Ўзбекистон ваколатхонаси 2011 йилда ташкил этилган эди.

Стипрайс болгариялик Юрий Штрекнинг ўрнига бу лавозимга тайинланди.

Стипрайс ижтимоий тармоқларда элчи сифатидаги асосий мақсади Ўзбекистгон ва Европа Иттифоқи алоқаларини мустаҳкамлаш эканини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG