Линклар

Хавфсиз зоналарнинг аянчли қисмати


Bosnia-Herzegovina, A woman mourns among graves in Memorial Center Potocari, near Srebenica, Bosnia and Herzegovina July 11, 2015

Аёл Босния уруши вақтида рўй берган оммавий қирғинда ҳалок бўлган 8000 мингга яқин киши дафн этилган Сребреника яқинидаги Хотира маркази қабрлари орасида мотам тутмоқда. Ўша пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сребреникани хавфсиз зона деб эълон қилган эди.

Тарихга ишонилса, айни чоқда Қўшма Штатлар, Россия, Туркия ва уруш парчалаб ташлаган Сурия хавфсиз зоналар ташкил қилишни муҳокама қилаётгани у ердаги юз минглаб оддий аҳоли учун юпанч бўлиши қийин.

4 май куни Москва, Анқара ва Теҳрон Россиянинг Сурия шимоли-ғарбидаги исёнчилар эгаллаб турган ҳудудда шундай зоналар ташкил қилишга даъват этувчи таклифини қўллаб-қувватловчи меморандумни имзолади. Қўшма Штатлар гарчи ушбу келишув ҳақида “хавотир” билдирган бўлса-да, Суриядаги бедодликларни камайтириш борасида ҳар қандай саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлишини маълум қилди.

Аммо неча йиллардирки, дунё сиёсатчилари хавфсиз зоналарга оддий аҳолини ҳимоя қилиш, инсонпарварлик ёрдами етказиб бериш учун тўсиқларни олиб ташлаш ва можарони сиёсий йўл билан ҳал этишга кўмаклашиш воситаси сифатида қараб келди.

Назарий жиҳатдан ҳаммаси рисоладагидай, бироқ амалий натижалар унчалик ҳам қувонарли эмас

Босниядан Жанубий Судану Руандаю Ироққача бўлган ҳудудларда тинч аҳоли учун уруш ҳаракатлари кетаётган зонада хавфсиз жойлар ташкил қилингани билан аксарият ҳолларда уларни ҳимоялашнинг иложи бўлмади.

Бу ҳол 1993 йили Югославиянинг қонли парчаланиши вақтида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Босния-Герцеговинада олтита хавфсиз зона ташкил этгани мисолида яққол кўринади.

Танқидчиларнинг фикрича, ушбу зоналар қочқинлар учун қамоқ жамлоқларидан фарқ қилмас эди, одамларнинг ҳаддан кўплиги ва ҳарбий ёрдамнинг йўқлиги ўша жойлардаги қочқинларни жангариларнинг нишонига айлантириб қўйди. Олтита зонанинг барчасига ҳужумлар уюштирилди, Сребюреника ва Зепадаги иккитаси эса ер билан яксон этилди.

Нима таклиф қилинмоқда?

Россиянинг таклифи Сурия шимоли-ғарбидаги Идлиб вилоятининг исёнчилар назоратида бўлган ҳудудида, марказидаги Ҳомс вилоятининг айрим жойларида, жанубида ва Дамашқ яқинида мухолифат қўл остидаги Шарқий Ғута анклавида хавфсиз зоналар ташкил қилишни назарда тутади, деб хабар беради Ассошиэйтед Пресс агентлиги режа нусхасига иқтибосан.

Ўша зоналар ҳудуддаги можарога барҳам бериш ва қочқинларни қайтаришга хизмат қилишни ҳамда давом этаётган фуқаролар урушидан азият чекаётган аҳолига кўмак бериш учун имконият яратишни кўзлайди.

Олдинроқ тарқатилган хабарларда 2 май куни Россия президенти Владимир Путин билан АҚШ президенти Дональд Трамп хавфсиз зоналар ташкил этиш масаласини муҳокама қилгани, бироқ ушбу масала юзасидан томонларнинг қарашлари турлича экани айтилган эди.

Хавфсиз зоналар яратиш

Хақларо ҳуқуқнинг бирор ҳужжатида хавфсиз зонанинг расмий атама сифатида таърифи келтирилган эмас.

Аммо Халқаро гуманитар ҳуқуқда жанг қилинаётган ва қилинмаётган жойларда тинч аҳоли ва яраланган жангчилар, “ҳимоя қилинмаётган маҳаллий аҳоли” учун бетараф ҳудуд, можароли вазиятлар мавжуд ҳудудларда қуролсизлантирилган зоналар ташкил қилиш кўзда тутилган, дейди Қўшма Штатлар ва Канададаги Халқаро Қизил Хоч қўмитаси делегациясининг коммуникация масалалари бўйича раҳбари ўринбосари Тревор Кекк (Trevor Keck).

Бундай зоналар одатда можарога аралашиб қолган барча томонларнинг розилиги олиниб, улар эътироф этилгандан сўнг ташкил қилинади. Айрим зоналар БМТ Хавфсизлик Кенгаши қарорлари билан ташкил этилди. Хавфсиз зоналар қуролсизлантирилгани учун Халқаро гуманитар ҳуқуқ асосида ҳимоя қилинади.

Иштирок этиш қоидалари

Таҳлилчиларнинг фикрича, хавфсиз зоналар билан боғлиқ таҳдидлар мавжуд, кўпинча муайян қуролли можарода иштирок этаётган томонлар Халқаро гуманитар ҳуқуқнинг асосий қоидаларига амал қилмаётибди. Шу сабабли ушбу жараёнда қатнашишга оид қоидалар мажмуи иштирокчи томонлар учун мажбурий бўлиши керак.

Бундай қоидалар бўлмаган жойда бошпаналарни қўриқлаётган тинчлик ўрнатувчи қўшинлар, худди Сребреникада бўлганидай, ваҳшийликларга оддий томошабин бўлиб қолади, холос.

Суриядаги урушда ҳеч бир қоидага амал қилинмаётгани, кимёвий қурол ишлатилиши, ёрдам гуруҳлари, қутқарувчилар ва журналистларни ўлдириш оддий ҳолга айлангани назарда тутилса, хавфсиз зоналар чиндан ҳам хавфсиз бўлиши учун бу ишни амалга оширадиган қўшинлар кучли ва аниқ ваколатга эга бўлиши керак, дейди Вашингтон институти ходимлари подполковник Жон Р. Барнет ва Майкл Айзенштадт.

Бошқа таҳдидлар

Сурияда хавфсиз зоналар ташкил қилиш Американинг можарога кўпроқ аралашишини тақозо этиши ва ўша зоналар етарли даражада ҳимоя қилинмаган бўлса, жиҳодчиларнинг нишонига айланиб қолиши мумкин.

Ушбу мамалкатда олти йилдан кўпроқ вақтдан бери давом этаётган урушда, тахминан, 400 минг кишининг ёстиғи қуриди, миллионлаб кишилар уй-жойини ташлаб кетди ва Яқин Шарқ, Европа ва бошқа жойлардаги қочқинлар оқимига бориб қўшилди.

Ушбу оқим кўпгина мамлакатларда норозиликларга сабаб бўлди. Айрим инсон ҳуқуқлари таҳлилчиларининг фикрича, хавфсиз зоналар ташкил қилиш қочқинларга бошпана беришдан кўра, уларнинг оқимини тўхтатишга қаратилган.

Human Rights Watch ташкилоти вакили Шарбоннонинг (Charbonneau) қайд этишича, хавфсиз зоналар ташкил қилиш режаси пухта тайёрланмаган, масалан, ўша зона “концентрацион жамлоққа айланмаслиги учун” унга кириш ва чиқиш қандай тартибга солиниши масаласи очиқ қолган..

XS
SM
MD
LG