Линклар

11 декабр 2017, Тошкент вақти: 14:36

Тошкентда шанба оқшом ёққан кучли ёмғирдан сўнг йирик кўчаларни сув босди. Хабарларга кўра, 20дан ортиқ катта автомобил йўлларини тўлиқ сув қоплаган, айрим кўчаларда автомобил ҳаракатланиши бир неча соатга тўхтаб қолган.

Ўзбекистондаги Интернет нашрлари буни вақтида дарсини олмаган Тошкент шаҳар ҳокимияти учун яна бир оғир синов, деб танқид қилмоқда.

Жумладан, Podrobno.uz. агентлиги шанба оқшомги ёмғирдан сўнг олинган қатор сурат ва видеони чоп этаркан, бу ҳодиса пойтахтнинг коллектор ва ирригация тизими учун "енгиб бўлмас синов бўлди", деб ёзди.

Нашрнинг хабарида айтилишича, 20дан ортиқ катта автомобил йўллари сув остида қолган, бунинг устига сув босган ҳандақлар аранг юраётган автомобиллар қатновини янада оғирлаштирган.

Ҳодисада бирор ҳалокат ёки электр таъминотида узилиш бўлгани ҳақида Озодликда маълумот йўқ.

Бу галги сув босқинини видеога муҳрлаган пойтахтликлар Тошкент шаҳар раҳбариятини ўтган сафарги ҳодисадан етарли хулоса чиқармаган ва чора кўрмаган, дея танқид қилмоқдалар. Боиси, худди шундай сув босқини 2014 йилнинг майида ҳам кузатилган эди.

Ижтимоий тармоқлардаги баҳсу мунозараларда пойтахт раҳбариятининг катта йўл чеккасидаги ариқларни ёпиб ташлагани бундай тошқинга сабаб сифаида танқид қилинмоқда.

Жумладан, Facebook тармоғидаги "Водители Ташкента" гуруҳида қолдирилаётган шарҳлардан бирида: "Ota bobolarimiza bekorga ariq qimagan oqava suv ketadigan joy qilib. Yengi ozbela aqilili qib op tawadi arulani endi man axvol azgina yomgir toshkeni suv bosadi", дея фикр билдирилди.

Яна бир шарҳда эса: "Так когда стали массово строить офисы, все арыки сливные повыкапывали-заосфальтировали и тд... при союзе архитекторы «головой не думали», вот и тонем который год уже! А нашим знатокам нахрен арык, портящий фасад его офиса? (Ёппасига идоралар учун бинолар қуришаётганида ҳамма ариқларни кўмиб, асфальт бостириб ташлашди ва ҳоказо... чунки, собиқ иттифоқ вақтида архитекторлар "калласи билан фикрламаган", мана натижада нечанчи йил сувга кўмиляпмиз! Бизнинг ақллиларга ариқни нима кераги бор, идорасининг остонасини кўринишини бузиб турса?)" деб ёзди.

Биринчи бор Тошкентда бундай ҳодиса 2014 йилнинг майида кузатилган эди. Қарийб 16 соат тўхтовсиз ёққан ёмғирдан сўнг шаҳарнинг аксар кўчаларида сув дарё бўлиб оққан.

Ўшанда тошкентликлар аксар кўчаларда сувнинг баландлиги 40-50 сантиметргача етгани, пойтахтда автомобил қатнови издан чиққанини Озодликка хабар қилган.

Шунингдек, шаҳарнинг айрим туманларида электр таъминотида узилиш бўлган ва телефон тармоқлари ишламай қолган эди.

XS
SM
MD
LG