Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 21:00

Франция президент сайловида Макрон ғалабага эришди


Макрон тарафдорлари унинг ғалабасини нишонламоқда
Макрон тарафдорлари унинг ғалабасини нишонламоқда

Франция президент сайлови иккинчи босқичида собиқ банкир Эммануэл Макрон миллатчи Марин Ле Пенни осонлик билан мағлуб этиб, Франция тарихидаги энг ёш президентга айланди. Дастлабки натижаларга кўра, Макрон 65 фоиз овоз тўплашга муваффақ бўлган. Ле Пенга сайловчиларнинг 35 фоизи овоз берган.

7 май куни Франция бўйлаб ўтказилган сайловда Макрон эришган йирик ғалаба аксар европаликларни тинчлантирди.

Европанинг етакчи давлатлари Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиб кетишга қарор қилгани ва ва ноябрь ойида президент Доналд Трампнинг кутилмаган ғалабага эришгани ортидан Францияда ўта ўнг қанот сиёсатчи президент этиб сайланиши мумкин, деган хавотирда эди.

39 яшар Макрон Евроиттифоқ тарафдори бўлса, унинг рақиби 48 яшар Ле Пен эса французларга миллий ва мигрантларга қарши дастурларни илгари суриб, Европа Иттифоқидан чиқиб кетиш ғоясини илгари сурди.

5 май куни ўтказилган сўров натижасига кўра, Макроннинг ғалаба қилиши тахмин қилинганди.

Францияда президент беш йилга сайланади.

Сайловнинг дастлабки натижалари аниқ бўлиши ортидан Макрон Франция учун “умид ва ишончнинг янги даври бошланаяпти”, деб баёнот берди.

Унинг тарафдорлари Париж марказига тўпланиб, ўз номзодлари ғалабасини байрам қила бошлашди.

Сайловнинг расмий натижалари 11 майда эълон қилинади.

Илк қутловлар

АҚШ президенти Дональд Трамп Франциядаги президент сайловида эришган “йирик ғалаба”си билан табриклади ва Франциянинг янги раҳбари билан бирга ишлашга ҳозирлигини билдирди.

Германия канцлери Ангела Меркель вакили Макроннинг ишонтирарли ғалабасини “кучли ва ягона Европа ғалабаси” деб атади.

Макронни ғолиблик билан Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй ҳам қутлади. “Франция бизнинг энг яқин иттифоқчиларимиздан биридир ва биз кенг кўламдаги устувор масалалар бўйича янги президент билан ҳамкорликни сабрсизлик билан кутмоқдамиз”, дейилади бош вазир Мэй расмий вакилининг баёнотида.

Хабарларга кўра, якшанба оқшомида "Миллий фронт" лидери Марин Ле Пен ҳам рақиби Эммануэл Макронга қўнғироқ қилиб, уни ғалаба билан табриклаган ва янги лавозимда унга муваффақият тилаган.

Ле Пен партиясининг отини бошқа қўймоқчи

7 май кунги овоз беришда мағлуб бўлган номзод Марин Ле Пен.
7 май кунги овоз беришда мағлуб бўлган номзод Марин Ле Пен.

“Миллий фронт” раҳбари Марин Ле Пен президент сайловидаги мағлубиятидан кейинги чиқишида ўз партиясини “чуқур трансформация” кутаётганини, жумладан, партия номини ўзгартиришини билдирди.

7 май оқшомида Париж яқинида чиқиш қиларкан, Ле Пен “барча ватанпарварлар”ни “Миллий фронт”нинг янгиланиш жараёнига қўшилишга чақирди. Бу ҳақда АҚШнинг Politico нашри хабар қилади.

“Миллий фронт” ҳамраиси Флориан Филиппо партия номини ўзгартириш ғоясини қўллади.

“Миллий фронт” миллатчилар партиясига 1972 йили француз сиёсатчиси Жан-Мари Ле Пен (Марин Ле Пеннинг отаси) томонидан асос солинган. Партия шу кунда Франция парламенти қуйи палатасидаги 577 ўриндан 2 тасини эгаллаб турибди.

XS
SM
MD
LG