Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:39

Оргтехникаси ўмарилган Бешариқ шифохонасида ҳисобчиларга байрам бекор қилинди


Бешариқ марказий шифохонаси
Бешариқ марказий шифохонаси

Фарғона вилояти Бешариқ тумани марказий шифохонаси ҳисобчи ва статистлари "Хотира ва қадрлаш куни" муносабати билан 8, 9 майга белгиланган байрам кунларида ҳам ишга чиқишга мажбур бўлди.

Озодликка шифохона статистлари томонидан етказилган бу хабарни шифохона ходимлари тасдиқлади.

Уларнинг маълум қилишича, байрам кунларида ҳам 20 нафарга яқин ҳисобчи ва статистларни ишга чиқаришга шифохонадан оргтехникаларнинг ўмариб кетилгани сабаб бўлган.

Ўзбекистонда 9 май куни ҳар йили "Хотира ва қадрлаш куни" сифатида нишонланади.

Аммо бу йил 2 майда президент Шавкат Мирзиёевнинг "2017 йил 6 май шанба дам олиш кунини 2017 йил 8 май душанба кунига кўчириш тўғрисида"ги қарори эълон қилинди.

ЎзА хабарига кўра, 6 май шанба дам олиш куни душанбага кўчирилди, 8 ва 9 май кунлари дам олиш кунлари этиб белгиланди.

Ишга чиқмаганлар бўшатилади

Озодликка Telegram орқали шикоят қилган ҳисобчилардан бирининг ёзишича, шифохона бош врачи Абдиқайим Тўхтақулов барча ҳисобчи ва статистларни, 8 ва 9 май байрам кунлари бўлишига қарамасдан, ишга чиқишга буюрган.

"Чиқмаганларни ишдан бўшатиш билан таҳдид қилди. Байрам бўлишига қарамай ҳамма ҳисобчи ва статистлар ишда ўтиришибди. Ҳақ-ҳуқуқимиз поймол этилган, лекин ҳеч ким ишсиз қолиб кетгиси келмайди," деб ёзди шифохона ҳисобчиларидан бири.

Ўғрилар топилмади

Озодликнинг Бешариқ туман ҳуқуқ-тартибот органларидаги манбасига кўра, 2 майга ўтар кечаси номаълум шахслар шифохонадан хусусий ва давлатга тегишли компютерлар ва принтерлар, процессор ва мониторни ўғирлаб кетганлар:

"Ўғирлик бўлгани 2 май куни эрталаб соат бешда маълум бўлди. Тезкор гуруҳ бориб ўғирлик юз берганини аниқлади. Ўша тунда касалхонадан 11 та компютер, 6 та принтер, 1 та процессор ва 1 та монитор олиб кетилган. Ҳозирда қидирув-суриштирув ишлари олиб бориляпти," - деди Озодликнинг Бешариқдаги манбаси.

Унинг айтишича, ўғрилар ҳозирча топилмаган.

Бешариқ туман шифохонаси ходимларидан бирига кўра, оргтехника бухгалтерия бўлимидан ўмарилган.

"Ўшандан буён кечаю-кундузи қидиришяпти. Ўзимизни ходимлардан ким кирган бухгалтерияга? Ким ким билан гаплашган? Шуларни сўрашаяпти. 7 май куни тўлиқ марказий шифохона ходимларини текширувга жалб қилишди. Атрофдаги маҳаллаларда қандай шубҳали шахс бўлса, ҳаммасини ҳисобга олишяпти", - деди марказий шифохона ходимларидан бири.

Унинг айтишича, ўғирлик юз берган тундан буён ички ишлар ходимлари барча ходимларни бирма-бир тергамоқда.

Синовдаги шифохона

Бешариқ туман шифохонаси Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги "Саломатлик-3" дастури доирасида янгича молиялаш тизимини синовдан ўтказаётган мамлакатдаги учта шифохонадан бири ҳисобланади.

Янги тизимга мувофиқ, Ўзбекистонда шифохоналар беморлар учун ажратилган ўринлар сонига эмас, балки мавжуд беморлар сонига кўра молиялаштирилади.

Ўзбекистонда мазкур тизим президентнинг "Соғлиқни сақлаш тизимини молиялашни такомиллаштириш ("Саломатлик-3") чоралари тўғрисида"ги қарори билан Жаҳон банки Халқаро тараққиёт Ассоциацияси молиявий кўмагида амалга оширилмоқда.

XS
SM
MD
LG