Линклар

Мирзиёев ҳокимларнинг ойлигини аҳолининг бандлик даражасига қараб бермоқчи


Ўзбекистонда банд бўлмаган аҳолини, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш масалаларини ҳал қилиш бўйича маҳаллий ҳокимлар ва бошқа ҳудудий раҳбарлар шахсий масъулиятини ошириш учун шу йил 1 июлидан махсус тизим жорий этилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг 6 май куни имзоланган “Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар натижадорлиги ва самарадорлигини оширишда маҳаллий ижро ҳокимияти ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарларининг шахсий масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида айтилади.

9 май куни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган қарор матнидан маълум бўлишича, эндиликда аҳоли бандлиги ўсиши бўйича прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳокимлар маошларига 15 фоиз миқдорида мукофот пули қўшиб берилади, прогноз кўрсаткичларини бажармаган ҳокимлар маошларидан эса жарима ўлароқ 15 фоиз миқдорида пул ушлаб қолинади.

Шунингдек, прогноз кўрсаткичларини бажарган ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари ва иқтисодий комплекснинг ҳудудий органлари раҳбарлари маошларига 20 фоиз миқдорида мукофот пули қўшиб берилиши, бажармаганлардан эса маошининг 20 фоизи миқдорида жарима ушлаб қолиниши айтилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларидан жарима ундирилиши ёки уларга мукофот пули берилиши махсус комиссия тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳамда уларнинг биринчи ўринбосарларидан жарима ундирилиши ёки уларга мукофот пули берилиши Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари қарорлари асосида амалга оширилади.

XS
SM
MD
LG