Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 16:17

Туркманистонда Осиё ўйинлари учун пул йиғолмаган бош прокурор ишдан олинди


Туркманистон бош прокурори Аманмират Халлиев ва унинг ўринбосарлари Осиё ўйинларини молиялаштириш учун бадавлат одамлардан маблағ йиғишни эплолмаганлари учун ишдан бўшатилдилар.

Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг туркман хизмати манбаларига кўра, айни сабаб билан Туркманистон ички ишлар вазирига ҳам “қаттиқ ҳайфсан” берилган. Манбаларга кўра, “ўлпон” тўлашни истамаган ўнлаб тадбиркор ҳибсга олинган, айримлари эса Туркманистонни тарк этишга мажбур бўлишган.

Озодлик манбасининг айтишича, Осиё ўйинлари учун маблағ жалб қилиш бўйича президент топшириқлари бажарилмаётган бир пайтда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уйларида тинтув ўтказилган чоғда йирик миқдорда пуллар топилгани Қурбонқули Бердимуҳаммедовни қаттиқ ғазаблантирган.

“Вазият шу қадар чатоқки, президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов шахсан ўзи йирик тадбиркорлардан Осиё ўйинларига пул билан ёрдам беришни сўради. Шунақа бир пайтда прокуратура ва ички ишлар ходимлари уйидан миллионлаб доллар миқдорида нақд пул чиқиб турибди”, дея иддао қилади ҳокимият тизимига яқин манба.

Ашхободдаги Осиё ўйинларига, маълумотларга кўра, шу кунгача 8 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфланган. Бундан 5 миллиарди Олимпия шаҳарчаси қурилишига, 2,3 миллиарди эса янги халқаро аэропорт қурилишига кетган.

XS
SM
MD
LG