Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:27

Президент Мирзиёев Туркия раҳбари Эрдўғон билан учрашди


Президент Мирзиёев Пекинда Туркия президенти Эрдўғон билан учрашди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига кўра, учрашувда президентлар ўзаро ҳамкорлик бўйича фикр алмашган. Март ойида Ўзбекистон делегацияси Туркияга бориб, 1 миллиард долларлик ҳамкорликка оид ҳужжатлар тўпламини ҳам имзолаб қайтган эди.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) Пекиндаги учрашув "Бир макон, бир йўл" форуми доирасида ўтказилганини хабар қилмоқда.

Расмий хабарга кўра, учрашувда 2016 йил 18 ноябрь куни Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинган.

"Икки томон учун ҳам манфаатли савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, туризм инфратузилмасини модернизация қилиш, тўқимачилик, кўнчилик, кимё ва фармацевтика, қурилиш материаллари саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва бошқа йўналишлар бўйича лойиҳаларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди", деб ёзди агентлик.

Икки президент бу учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича, асосан, фикр алмашган.

Туркия президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон 18 ноябрь куни Самарқандга бориб, Ўзбекистон марҳум президенти Ислом Каримов қабрини зиëрат қилган ва ўшандаги муваққат президент Шавкат Мирзиëев билан қарийб уч соатча мулоқот қилган.

Икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликда янги саҳифа очиш ҳақида гап борган бу мулоқот тафсилотларидан хабардор расмийнинг Озодликка билдиришича, Самарқанддаги сўзлашувда Эрдўғон Туркиянинг Ўзбекистонга миллиардлаб доллар сармоя ëтқизиш истиқболи ҳақида гапирган.

Маълумки, шу йилнинг марти ойи бошида Бош вазир ўринбосари Рустам Азимов бошчилигидаги делегация Туркияга 1 ҳафтага сафар қилган ва қарийб 1 миллиард долларлик қийматга эга 10 га яқин соҳада таклиф этилган инвестицион лойиҳалар бўйича муҳокамалар бўлган.

Ўзбекистон делегациясининг Туркияга сафари чоғида эса президент Эрдўғоннинг Рустам Азимовни, кутилмаганда, Истанбулдаги “Бейларбейи” саройида қабул қилиб, икки соатча гаплашгани ҳам хабар қилинган эди.

Бу сафардан сўнг Ўзбекистон расмий матбуоти томонлар 1 млрд АҚШ долларидан зиёд ҳужжатлар тўпламини имзолагани, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш йўналишларини аниқлаб, Ўзбекистонда ташкил этилаётган эркин иқтисодий зоналар сармоявий ҳамкорлик манзили бўлишига келишилганини хабар қилган.

XS
SM
MD
LG