Линклар

Пхенян янги турдаги ракетани АҚШни огоҳлантириш учун синовдан ўтказганини айтмоқда


Сеул (Жанубий Корея) вокзалидаги йўловчилар Шимолий Корея учирган баллистик ракетага оид хабар намойиш қилинаётган монитор олдида, 2017 йил 14 майи.

Шимолий Корея расмийлари янги ракета турини муваффақият билан синовдан ўтказганини билдириб, кечадан бери сақлаб келаётган жимлигини бузди. Пхенян бу билан мазкур ракета етиб бориши мумкин бўлган АҚШни огоҳлантирмоқчи бўлган.

Шимолий Кореянинг KCNA давлат ахборот агентлиги томонидан 15 май куни ёйинланган баёнотда тадбир ракета йирик ядровий каллакни ташишга нақадар тайёрлигини синаш мақсадида ўтказилгани айтилади. Баёнотга мувофиқ, ракета учирилишини назорат қилган Шимолий Корея лидери Ким Чен Ин Қўшма Штатларга Пхеняннинг ҳарбий имкониятларини писанд қилмаслик тўғри бўлмаслигидан огоҳлантирган.

14 май куни Пхенян томонидан ўтказилган ракета синови халқаро миқёсда шов-шувга сабаб бўлди, ЕИ ва НАТО ракета учирилишини “халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун таҳдид” деб атади, Россия ва АҚШ эса Корея яриморолида таранглик кучаяётганидан хавотир изҳор қилдилар.

KCNA агентлигига кўра, ракета 787 километрдан кўпроқ масофа босиб ўтган. Аввалроқ бундай маълумотни Жанубий Корея ва Япония расмийлари ҳам билдирганди. Ракета Корея яримороли, Япония ва Россиянинг Узоқ Шарқ минтақаси орасидаги Япон денгизига тушган.

XS
SM
MD
LG