Линклар

15 декабр 2017, Тошкент вақти: 05:41

Тамагир вирус 150 давлатнинг савдо муассасалари ва ҳукумат идоралари ишини фалажлаб қўйди.


Ҳукумат идоралари, ташкилотлар ва компаниялар раҳбарлари ва ходимлари дам олиш кунларидан сўнг - 15 май куни ялпи киберҳужумлар янада кучайиши мумкинлигидан хавотирланиб ишга чиқди.

Шу пайтгача маълумотларни қайтариб олиш учун тўлов талаб қилувчи “WannaCry” хакерлик вируси ҳужумидан кам талофат кўрган Осиёда, инвесторлар унинг таҳдидига эътибор қилмагани сабабли, деярли бутун минтақада қимматбаҳо қоғозлар баҳоси ошди.

12 май куни бошланган киберҳужум Майкрософтнинг эски операцион тизимида ишлаётган компьютерларнинг заиф жойлари орқали ҳужум қилиб, 150 та мамлакатнинг касалхона, банк, дўкон, мактаб ва ҳукумат идоралари ишини фалажлаб қўйди.

Европа полиция агентлиги – Европолнинг маълум қилишича, ушбу ҳужум дунёнинг 100 мингта ташкилотида 200 мингга яқин фойдаланувчига зарар келтирган ушбу ҳужум товламачиликнинг тарихдаги энг йирик онлайн схемаси ҳисобланади.

Айни пайтда айбдор кишиларни жазолаш учун халқаро миқёсда қидирув ишлари бошланган, дейилади агентлик тарқатган хабарномада.

Дунёнинг иккинчи йирик иқтисодиёти бўлган Хитойда тўлов тизими ва ҳукумат хизматларида узилишлар бўлгани маълум қилинди. Миллий киберхавфсизлик идоралари 15 май куни ҳужум ҳамон мамлакат бўйлаб ёйилаётгани, аммо суръати анчайин пасайганини билдирди.

Япония фирмалари, жумладан, Ҳитачи ва Ниссан ушбу ҳужум уларнинг бизнес амалиётларига жиддий таъсир кўрсатмаганини эълон қилди.

Улкан зарар кўрган компаниялар орасида АҚШнинг жўнатмаларни зудлик билан етказиб берувчи FedEx компанияси, Европадаги автомобиль ишлаб чиқарувчи компаниялар, Испаниянинг Telefonica телекоммуникация компанияси, Британиянинг Миллий соғлиқни сақлаш хизмати, Германиянинг темирйўл тармоғи бор.

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй:

"Ушбу киберҳужум нафақат Буюк Британиядаги, қолаверса, дунёнинг кўпгина мамлакатларидаги ташкилотларга зарар етказди. Европолнинг айтишича, бу мисли кўрилмаган миқёсдаги киберҳужум бўлди. Миллий киберхавфсизлик маркази Буюк Британиядаги барча ташкилотлар билан иш олиб боряпти. Мен Миллий соғлиқни сақлаш хизматининг тунбўйи беморларнинг аҳволига оид ёзувларни қайд этиб боришда тиним билмаган ходимларига алоҳида ташаккур айтмоқчиман”.

Россия ички ишлар вазирлигидан маълум қилишларича, айрим компьюьтерлари ишдан чиққан. Ҳукумат идораларининг билдиришича, банк ва темирйўл тизимларига ҳам ҳужум қилинган, аммо уларга жиддий зарар етмаган.

Кремль ходими Герман Клименко:

“Ҳукумат давлат идоралари компьютерларини миллий операцион тизимларга ўтказишга қарор қилди ва у бу ишни сабот билан давом эттириши керак. Барча компьютерлар ўтказилмагунча, таҳдидлар сақланиб қолаверади”.

Ҳужум қилувчилар фойдаланувчиларга вирус эгалари фойдалана олмаслиги учун кодлаб қўйган файлларни тиклаш учун аноним биткойн валютасида 300 дан 600 АҚШ долларигача тўлаши кераклигини айтган.

Экспертларнинг таъкидлашича, 14 май куни Тошкент вақти билан соат 16.00 га қадар ҳужум қилувчиларнинг “WannaCry”таъминот дастури кодига уланган ҳисоб қайдномаси манзилларига биткойнда 32,500 АҚШ доллари келиб тушган. Ушбу рақам ўсиб бориши кутилмоқда, аммо кўплаб экспертлар ва ҳукумат идоралари зарар кўрганларга талабларга ён бермасликни тавсия қилмоқда.

Киберхавфсизлик экспертлари иш ҳафтаси бошланиши билан дунёнинг турли бурчакларида тўлов талаб этувчи ҳакерлик вирусининг янги версиялари пайдо бўлишини тахмин қилмоқда.

Майкрософт корпорация президенти Брэд Смит 14 май куни ёзган блог хабарида тадқиқотчилар чиқарган хулосани тасдиқлади: тўлов талаб қилувчи ҳакерлик вируси АҚШ Хавфсизлик хизмати ишлаб чиққан таъминот дастури асосида яратилган ва уни ҳакерлар апрель ойида интернетга сиздирган.

Хавфсизлик масалалари бўйича экспертлар яқинда операцион тизими янгиланмаган компьютерлар тўлов талаб қилувчи ҳакерлик вируси ҳужумидан зарарланган.

Экспертлар кўпгина ташкилотлар операцион тизимларини нархи қиммат бўлгани учун янгилаб турмаслигини, касалхона сингари ташкилотлар эса тизимларни янгилашга қийналишини айтади.

XS
SM
MD
LG