Линклар

21 январ 2018, Тошкент вақти: 09:49

Трамп махфий маълумотни россияликларга ошкор этганини оқлашга уринди


Ўта махфий разведка маълумотларининг Трампнинг Россия Ташқи ишлар вазири ва элчиси билан 10 май куни Оқ уйда ўтказилган учрашувда ошкор этилгани айтилмоқда.

16 май кунги илк твитларида АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШ матбуотининг Россия дипломатлари билан учрашувда ўзининг “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига оид ўта махфий разведка маълумотини ошкор қилганини билвосита тасдиқлади:

- Президент сифатида мен Оқ уйдаги очиқ режаланган учрашувда террроризм ва авиация хавфсизлигига оид фактларни Россия билан ўртоқлашишни истадим ва бунга мутлақ ҳақлиман. Инсонпарварлик сабаблари¸қолаверса Россиянинг ИШИД ва террорчиликка қарши ўз курашини кескин кучайтиришини истадим¸ деб ëзди 16 май кунги Twitter саҳифасида Дональд Трамп.

15 май куни АҚШнинг нуфузли нашрлари президент Дональд Трамп “Исломий давлат” экстремистик гуруҳига оид ўта махфий разведка маълумотини ўтган ҳафта Оқ уйда ўтказилган учрашув пайтида Россия Ташқи ишлар вазири ва Россиянинг АҚШдаги элчисига ошкор қилгани ҳақида ëзди.

The Washington Post, Reuters ва бошқа агентликларнинг бу хабарини Трампнинг милллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси¸ қолаверса Давлат котиби дарҳол “сохта” дея рад қилди.

Айни пайтда¸ Россия расмийлари АҚШ матбуоти хабарларини "бориб турган бемаънилик" деб инкор этишга уринди.

Ҳозирча Кремль Трампнинг сўнгги твитига муносабат билдирмади.

АҚШ разведка хизматларига алоқадор аноним манбаларга таянган матбуот хабарларига кўра¸ Сергей Лавров ва элчи Сергей Кисляк билан 10 май кунги учрашувда ошкор этилган махфий маълумотлар ИШИДга оид ўта махфий разведка маълумотларини алмашиш бўйича АҚШ билан келишувга эга давлат томонидан берилган.

Матбуотга гапирган расмийлар таъкидича¸ бу ҳамкор давлат АҚШга ўзи тақдим этган разведка маълумотларини Россия билан ўртоқлашиш ваколатини бермаган ва Трампнинг бу маълумотларни Россия расмийларига тақдим этиши разведка соҳасидаги муҳим ҳамкорликни таҳдид остида қолдирган.

"Матндан чекиниш”

Лавров ва Кисляк билан учрашув пайтида Трамп аввалдан ҳозирланган матндан чиқиб¸ ИШИДнинг учқич бортида компютерлардан фойдаланишга солаëтган таҳдиди ҳақида гапиришга ўтган.

Ўзининг ИШИД таҳдидидан қанчалик яхши хабардорлигини кўрсатиб қўйиш учун Трамп¸ ўзига бериладиган кунлик разведка хабарлари билан мақтанишга ўтган.

"Президент ва Россия Ташқи ишлар вазири террорчи гуруҳлар солаëтган таҳдидлар¸ хусусан¸ авиация соҳасидаги таҳдидлар ҳақида гаплашди. Бу суҳбат давомида бирор разведка манбаси ëки усуллари¸ қолаверса жамоатчиликка ошкор этилмаган арбий амалиëтлар муҳокама қилинмади”¸ дея бу хабарни рад этишга уринди АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси McMaster 15 май куни.

The Washington Post мақоласида таъкидланишича¸ махфий маълумотни рақиб кўрилган давлат расмийлари билан ўртоқлашиш аксарият учун тақиқланган ва ноқонуний ҳаракат эканига қарамай¸ президент ҳукумат сирларини ошкор қилишга ҳақли ва бундай ҳаракат қонунга зид эмас.

"Ташвишли муҳит”

Сенат Разведка қўмитасидаги энг юқори мақомли демократ сенатор Mark Warner¸ агар матбуот хабарлари тўғри бўлса¸ бу воқеанинг "АҚШ разведка жамоаси юзига тортилган тарсаки" бўлажагини билдирди.

"Разведка манбалари ва усулларини бошқаларга бериш¸ айниқса¸ россияликларга бериш¸ оқлаб бўлмайдиган ҳаракатдир”¸ деб ëзди Twitter саҳифасида Mark Warner.

Яна бир юқори мақомли демократ сенатор Dick Durbin Трампнинг ўта махфий разведка маълумотларини россияликларга ошкор қилганини “хавфли” ва “ўйлловсиз” ҳаракат дея баҳолади.

Сенат қошидаги Ташқи алоқалар қўмитаси раиси¸ республикачи Bob Corker, бу хабарларни “ташвишли” деб атади ва Трам маъмуриятини ўз ишини назорат ва тартибга солишга чақирди.

"Бу воқеадаги уятли жиҳат шундаки¸ Оқ уйда ҳақиқатан яхши миллий хавфсизлик гуруҳи бор ва улар самарали ишлар устида ишламоқда. Аммо тартиб йўқлиги туфайли пайдо бўлган хаос жуда ташвишли муҳит яратган”¸ деди республикачи сенатор.

XS
SM
MD
LG