Линклар

Петербургда юртдошини ўлдиртирмоқчи бўлган ўзбекистонлик судланди


Санкт-Петербург суди ўз юртдошини ўлдириш учун хусусий детектив агентлиги ходимига катта пул таклиф қилган 60 ёшли ўзбекистонликни тўрт йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.

Тадбиркор экани айтилаётган бу ўзбекистонлик, петербурглик терговчиларга кўра, буюртма қотиллик ҳозирлигини ташкил этганликда айбдор, деб топилган.

Тергов ва суд жараёнида аниқланишича, судланган тадбиркор 34 ёшли юртдошини шахсий кин-адоват ва рашк туфайли ўлдиришга қарор қилган. Ўтган йил 16 июнида у Петербургнинг Виборгск туманида хусусий детектив агентликларидан бирининг ходими билан учрашиб, 45 минг евро эвазига бировни ўлдиришни таклиф қилган.

Розилик олган тадбиркор кўп ўтмай “ижрочи”га аванс сифатида 24 минг 120 евро берган. Бу орада детектив ҳозирланаётган қотиллик ҳақида ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар қилган.

Гўё содир бўлган қотиллик ҳақида “ижрочи” буюртмачига ўтган йилнинг 6 июлида Петербургдаги ресторанлардан бирида билдирган. “Ёлланма қотил” ўзбекистонлик тадбиркорга буюртма объектининг гўё ўлдирилгани акс этган суратни кўрсатиб, пулнинг қолганини талаб қилган. Тадбиркор 20 минг еврони “киллер”га топшираётган пайтда қўлга олинган.

Юртдошини ўлдиртиришга қасдланган ўзбекистонлик тадбиркор, суд қарорига мувофиқ, тўрт йиллик қамоқ жазосини қаттиқ тартибдаги колонияда ўтайди.

XS
SM
MD
LG