Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:16

ОАВ: Трамп Комидан Флинн устидан терговни бекор қилишни сўраган


Собиқ ФТБ директори Жамес Коми ва АҚШ президенти Доналд Трамп
Собиқ ФТБ директори Жамес Коми ва АҚШ президенти Доналд Трамп

АҚШ президенти Доналд Трамп ўз лавозимига киришгандан сўнг кўп ўтмай Федерал тергов бюро директори билан учрашуви чоғида миллий хавфсизлик масалалари бўйича собиқ маслаҳатчиси Майкл Флиннинг Россия билан алоқалари бўйича ФТБ ўтказаётган терговни бекор қилишга уринган эди, деб хабар тарқатди оммавий ахборот воситалари 16 май куни.

Ўтган ҳафта Трамп ишдан бўшатган Коми Флинн февраль ойида лавозимидан четлатилгандан сўнг орадан бир кун ўтиб янги президент билан Овал кабинетда тушлик қилиш учун учрашган ва шундан сўнг Трампнинг илтимоси тўғрисида қайд ёзиб қўйган, деб хабар қилади “Нью-Йорк Таймс”, Рейтер, Ассошиэйтед Пресс ва бошқа оммавий ахборот воситалари. Хабар манбаларининг билдиришича, улар қайдни кўрган ёки унинг бўлакларини ахборот воситаларига ўқиб берган.

Оқ Уй зудлик билан Трамп Комидан терговни тўхтатишни илтимос қилганини инкор этди. АҚШнинг қонун чиқарувчилари ва ҳуқуқ масалалари бўйича экспертлари президентнинг ушбу хатти-ҳаракатини адолат қарор топишига тўсқинлик қилиш ва жиноят деб атади.

Ушбу хабар 9 май куни Комининг ишдан бўшатилиши билан бошланган ҳафта машмамаси 10 май куни Россия вакилларини қабул қилиш билан давом этди. Айтилишича, ўша учрашув чоғида Трамп АҚШга иттифоқчи давлат берган махфий маълумотларни ошкор қилиб қўйган, аммо ушбу айбловни ҳам Оқ Уй рад этди.

Маълум қилинишича, Комининг ўша қайдда Флинн Россиянинг Қўшма Штатлардаги элчиси билан ўтказган суҳбатлари юзасидан вице-президент Майк Пенсга нотўғри маълумот бергани учун лавозимидан четлатилганидан кўп ўтмай Трамп Комидан ФТБнинг Флиннинг иши юзасидан терговни бекор қилишни сўрагани баён этилган.

“Нью-Йорк Таймс”га кўра, Трамп Комига, “Флинн кетгани сабабли бу ишни нима қилиш яхши биласиз. У – яхши инсон. Бу ишни бекор қила оласиз, деб умид қиламан”, – деб айтган. Ушбу газета қайднинг борлиги ҳақида биринчи бўлиб хабар қилди. Комининг ёрдамчиларидан бири унинг бўлакларини мухбирга ўқиб берган.

Кейинчалик Адлия вазирлиги Флинни руслар шантаж қилиши мумкинлигидан гумон қилаётгани ошкор бўлди.

Ассошиэйтед Пресс ахборот агентлиги Трамп билан суҳбатларини бир қанча қайдларда ҳужжатлаштириб қўйгани, чунки уларни “ғалати” ва “хавотирли” деб ҳисоблагани ҳақида хабар қилди.

“Таймс”нинг ёзишича, Трамп Коми билан Овал кабинетдаги учрашуви чоғида ҳукумат ОАВга бир неча марта хабар сиздирганини қоралаган ва ФТБ директорига журналистларни махфий маълумотларни чоп қилгани учун жавобгарликка тортиши кераклигини айтган.

Оқ Уйга кўра, Комининг қайдлари ҳақидаги хабарлар “президент билан Коми ўртасидаги суҳбатнинг ҳаққоний ёки аниқ баёни эмас... Президент жаноб Коми ёки бошқа бировдан ҳеч қачон ҳеч бир терговни тўхтатишни илтимос қилмаган”.

Конгрессдаги демократлар тарқатилган хабарлар юзасидан ташвиш билдирди.

"Уларнинг адолат қарор топишини пайсалга солиши ёки тўсқинлик қилиши раҳбарга нисбатан қўйилиши мумкин бўлган энг оғир айбловлардан биридир”, – деди демократларнинг Сенатдаги оқсоқолларидан бири Дик Дурбин.

Республикачилар ҳам ташвиш билдириб, Комининг хабарларда иқтибос келтирилаётган қайдларини ўз кўзи билан кўришни талаб қилиб чиқди.

Вакиллар палатасининг Россия билан боғлиқ можарони тергов қилаётган назорат қўмитаси раиси, республикачи Жейсон Шаффетс, қайдлар “фаол терговга номақбул тарзда аралашиш”га оид хавотирларни юзага келтиради, деди.

“Суд чақирув қоғози ёзиш учун ручкам шай турибди”, деб ёзди Шаффетс Твиттерда.

Сенатнинг Қуролли кучлар бўйича қўмитаси раиси, аризоналик республикачи Жон МакКейн, Оқ Уйдан келаётган сўнгги фош этувчи гап-сўзлар “ҳажми ва миёсига кўра ,Уотергейт можаросига тенглашади”, деб айтди.

МакКейн ўтган ҳафта Трампнинг Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни Овал кабинетга таклиф қилишини “номақбул иш”, ўзини эса Кремлнинг “қўғирчоғи” деб атади.

XS
SM
MD
LG