Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:33

Махтумқулининг кеча Тошкентда ўрнатилган барельефидан телпак "ечилиб", салла "ўралади"


Ашҳобод ва Тошкентдаги ҳайкал. Фарқ саллада.

Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга сафари олдидан Тошкентдаги Махтумқули кўчасида очилган шоир барельефи расмий Ашхобод қабул қилган андоза сиймодан фарқли бўлганига туркманистонлик дипломатлар эътибор қаратди.

18 май куни Тошкентда тантанали очилиш маросими бўлиб ўтган ҳайкалда Махтумқули Cовет даври - ўтган асрнинг 50- йилларида чоп этилган китоблардаги каби акс эттирилган.

Очилиш маросимида қатнашган ва исми ошкор қилинишини истамаган рассомнинг айтишича¸ ҳайкал Туркманистонда қабул қилинган андозага кўра¸ салла кийган тарзда эмас¸ балки туркман телпаги кийган тарзда ясалгани туркман дипломатлари эътирозига сабаб бўлган.

Бу эътироз ортидан ҳайкал алмаштирилиши режалаштирилган. Рассомнинг айтишича¸ ҳайкал эскизининг расмий Ашхобод билан келишилмагани ортидан тушунмовчилик юзага чиққан:

- Ҳайкал 1947 йил Совет пайтида андоза учун қабул қилинган туркман рассоми Ойхон Хожиев чизган расм асосида яратилди. Лекин Турманистоннинг марҳум президенти Сапармурод Ниëзов 2000 йилда Ойхон Хожиев вариантини танқид қилиб¸ Махтумқулининг янги сиймосини яратишга буйруқ берган эди. Ниëзовга кўра, эски вариантдаги Махтумқули телпак кийган камбағал чўпонга ўхшаган. Ана шундан кейин салла кийган Махтумқули сиймоси андоза сифатида қабул қилинди. Ашхободдаги барча ҳайкалларнинг телпаги олиб ташланиб салла кийдирилди. Бу ҳайкални ишлаган ўзбек ҳайкалтароши Жасванд Анназаровнинг бундан хабари бўлмаган¸ деди рассом.

Унга кўра¸ ëш ўзбек ҳайкалтароши Махтумқулини қайтадан “саллали қилиб” ясаб беришга буюртма олган:

- Ҳайкалтарош яна бир бора пул ишлайдиган бўлди. Тошкентдаги туркман дипломат ва тадбиркорлари янги вариантга ҳомийлик қилишадиган бўлди. Скандал қилмасдан муаммони тинчгина ҳал қилишмоқчи¸ дейди ҳайкал очилишида қатнашган рассом.

Тошкентда улуғ туркман шоирининг ҳайкали очилишини олқишлаган туркман рассоми Моммоққули (Ëмғир Қулиев) Озодлик билан суҳбатда “салла кийган Махтумқули сиймоси тарихий ҳақиқатга яқинлигини” айтади:

- Рангтасвирчи рассом Ойхон Хожиев яратган ва 1947 йили "канонизация" қилинган Махтумқули портрети чўгирма телпак кийган тарзда чизилган. Лекин телпак Така туркманлариникига ўхшамаган. Такаларники бошқача бўлади. Иккинчидан, Шерғози мадрасасини ҳатм қилган Махтумқули салла ўраб юрган. Унинг рутбаси ва мавқеи шуни тақозо қилган. Совет даври идеологлари камбағал ва диндан узоқ шоир образини андоза сифатида олган. Тарихий ҳақиқатни тиклаш маъносида салла кийган Махтумқули ҳайкали тўғрироқ бўлади. Лекин Ҳожиев яратган Махтумқули образи санъат асари сифатида қолаверади. Шу ўринда Ўзбекистон пойтахти марказига Махтумқули ҳайкалини қўйган ўзбек қардошларимдан жуда миннатдорман¸ деди рассом Моммоққули

Маҳтумқули байрами

18 май Туркманистонда Махтумқули шеърияти, ҳамжиҳатлиги ва тикланиши куни сифатида нишонланди.

Бу кунда 1992 йили Туркманистон Конституцияси қабул қилинган.

Барельефнинг очилиш маросими Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркманистонга хизмат сафари олдидан бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Ўзбекистон маданияти вазири Маҳмуд Муратов, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Али, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети вакиллари, Туркман маданияти маркази раисининг ўринбосари Бибисора Ражапова, маданият марказлари вакиллари, маданият ва санъат арбоблари, дипломатик корпус ва жамоатчилик вакиллари қатнашди

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG