Линклар

18 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:45

"Қўқон дон" раҳбарияти "дон ўғирлиги" видеосини сиздирганни изламоқда


"Қўқон дон маҳсулотлари" АЖ корхонасида "дон ўғирлиги" акс этгани иддао қилинаётган видеолар Озодликда эълон қилиниши ортидан ширкат раҳбарияти шу видеоларни сиздирган ходимларини қидиришга тушган. Исми сир қолишини истаган ширкат ходимларидан бири "Қўқон дон маҳсулотлари" АЖ раҳбарлари видеога тушиб қолган ўғриларни қидириш ўрнига шу видеони сиздирган одамни қидирмоқда, деб хабар берди.

- Ҳаммани дўқ-пўписалар билан сўроқ қилмоқда. Булар давлат заҳираси сақланаётган дон омборидан буғдой ўғирлаганларни қидириш ўрнига шу ўғирликни видеога олиб тарқатган одамни қидирмоқда. Мажлис тўплаб, ораларингда кимдир корхона ичидан видео чиқарган, шу видеони тарқатган топилмаса ҳаммаларинг ишдан айриласизлар, деб огоҳлантиришди, -дейди ширкат ходимларидан бири.

"Қўқон дон маҳсулотлари" АЖнинг яна бир ходими эса “илтимос тўхтатинглар, бунчалик бўлишини билмовдик, мени орқамдан бошқалар қийналмасин”, - дея Озодликка хат жўнатди.

Озодликка 10 май куни юборилган видео тасвирда ўрта ёшлардаги тўрт шахс қопларни кўтариб, корхонанинг усти сим тўр билан тортилган девори томон юраётгани акс этган.

Яна бир тасвирда эса тиканли сим билан тортилган деворга нарвон қўйилган, одамлар унга чиқиб деворнинг нариги томонига ичига дон тўлдирилгани айтилган қопларни узатаётганини кўриш мумкин.

Тасвирларни Озодликка жўнатган корхона ходими видеода акс этган воқеа дон ўғирлиги экани ва бундай ўғирликлар "Қўқон дон маҳсулотлари" АЖ ҳудудида "ҳар куни кўриқчиларнинг кўз ўнгида" содир бўлишини айтганди.

Стратегик аҳамиятга молик муассасалар сирасига кирувчи "Қўқон дон маҳсулотлари" ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлими тарафидан қўриқланади.

"Қўқон дон маҳсулотлари" АЖ раҳбарияти корхонада ўғирлик юз берганини "мутлақо" инкор қилган.

XS
SM
MD
LG