Линклар

Мирзиёев Риёдда мусулмон давлатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди


Президент Мирзиёев Саудия Арабистони пойтахтидаги Араб-мусулмон мамлакатлари ва АҚШ саммитида иштирок этди. Саммитда, асосан, экстремизм ва "Ислом давлати" гуруҳига қарши биргаликда кураш йўллари муҳокама этилди.

Ўзбекистон Президенти матбуот хизматига кўра, Шавкат Мирзиёев 50дан ортиқ давлат, асосан, мусулмон мамлакатлар, Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарлари ва АҚШ президенти иштирокида ўтган саммитда қатнашди.

Агентлик хабарида айтилишича, саммит кун тартиби "экстремизм ва терроризмга қарши кураш... хавфсизлик, барқарорлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ислом дунёси ва АҚШ ўртасида янги шериклик ўрнатишнинг йўлларини муҳокама этиш"дан иборат бўлди.

Ўзбекистон ҳозирги пайтда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашига раислик қилмоқда. 2016 йилнинг 18-19-октябр кунларида Тошкентда Ислом Ҳамкорлиги ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 43-сессияси бўлиб ўтган.

Риёддаги саммит арафасида эса Мирзиёев Ислом тараққиёт банки (ИТБ) президенти Бандар Ҳажар билан учрашди. Расмий хабарда айтилишича, томонлар ўзаро ижтимоий-иқтисодий йўналишдаги лойиҳалар бўйича ҳамкорликни кучайтириш йўлларини муҳокама қилган.

Бундан ташқари, ИТБнинг Самарқанддаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуи ҳузурида халқаро илмий тадқиқотлар марказини ташкил этишдаги иштироки юзасидан фикр алмашилган ва ўзаро Англашув меморандуми имзоланган.

Айни пайтда, Риёддаги саммитда АҚШ президенти Дональд Трамп мусулмон мамлакатларига мурожаат қилди.

Дональд Трамп хориждаги илк нутқида асосий эътиборни экстремизм ва тоқатсизликка қарши биргаликда курашиш истиболларига қаратди.

Саммит давомида мусулмон-араб ўлкалари раҳбарларининг АҚШ президенти Дональд Трамп билан тушлик қилди.

XS
SM
MD
LG