Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2019, Тошкент вақти: 06:53

Мўсулда "Ислом давлати" ҳудуди тораймоқда, аммо оғир жанглар ҳамон олдинда


Мўсулни тарк этаётган аҳоли

Ироқ армияси раҳбарияти Мўсул ғарбида "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи назорати остидаги ҳудуд 8 квадрат километрга қисқаргани билдирди. Аммо, эски шаҳар ҳамон жангарилар назоратида ва оғир жанглар олдинда экани айтилмоқда. Ғарбий Мўсул аҳолиси эса шаҳарни тарк этмоқда.

Ироқ махсус хизматларининг 20 май куни билдиришича, қўшинлар ўзларига мўлжалланган жойни эгаллаган ва бу ҳуддаги мавзелар учун оғир жангларга ҳозирланмоқда.

Маҳаллий ОАВнинг хабар қилишича, ИД ҳозир 3 та мавзе: Шафаа, ал-Зинжижи ва Эски шаҳарга тиш-тирноғи билан ёпишиб олган. Туманлар Дажла дарёсининг ғарбий қирғоғида жойлашган.

Жорий ҳужум аҳоли зич жойлашган ва энсиз Эски шаҳарни ишғол қилишни назарда тутади.

Тахмин қилинишича, у ерни 500 нафар ИД жангариси эгаллаб турибди ва оддий аҳолидан жонли қалқон сифатида фойдаланяпти.

Эски шаҳардаги масжидда ИД раҳбари Абубакр ал-Бағдодий 2014 йили халифалик тузганини иддао қилган эди.

Ироқ президенти Фуад Маъсум 20 май куни Иорданияда бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумининг минтақавий йиғинида Мўсул “икки-уч кун ичида” тўлиқ озод этилишига умид қилаётганини билдирди.

Ироқ армияси АҚШ ва коалиция авиация кучларининг октябрь ойидаги ҳаводан қўллаб-қувватлаши билан Мўсулни озод қилиш учун жанг бошлаган эди. Ушбу шаҳар ИДнинг Ироқдаги энг йирик таянч қўрғони ҳисобланади.

Шаҳарнинг шарқий қисми жорий йил бошларида ишғол қилинган бўлиб, айни пайтда қўшинлар ғарб томондаги аҳоли зич жойлашган мавзеларда ИД жангариларининг қақшатқич қаршилигига дуч келмоқда.

ИД жангарилари 2014 йили ҳукумат қўшинларига қарши курашаётиб, Ироқ ва Суриядаги анча-мунча ҳудудни қўлга киритиш баробарида Мўсулни ҳам эгаллаган.

Аммо, АҚШ етакчилигидаги коалиция кучлари ИДга қарши Мўсулда ҳам, ИДнинг Суриядаги таянч қўрғони бўлган Раққа шаҳрида ҳам жангларда улкан ютуқларга эришди.

БМТнинг 18 май куни маълум қилишича, яна 200 мингга яқин киши Мўсулдаги жанглар жадаллашиши оқибатида шаҳардан қочиб чиқиши мумкин.

– Шаҳарни ташлаб чиқаётган кишилар сони шу қадар кўпки, оддий аҳолини керакли ёрдам ва ҳимоя билан таъминлаш тобора оғирлашиб бормоқда, – деди БМТнинг гуманитар масалалар бўйича мувофиқлаштирувчиси Лайз Гранде.

Ҳукумат қўшинлари Мўсулнинг анчагина қисмини қўлга киритганига қарамасдан, Ироқнинг бошқа жойларида ИД маъсулиятни зиммасига олган 2 та қақшатқич бомба ҳужуми 27 кишининг ёстиғини қуритди.

19 май куни нефть захираларига бой Басра шаҳри яқинидаги назорат пунктида рўй берган худкуш ҳужуми оқибатида камида 8 киши – беш нафар оддий киши ва уч нафар аскар – ҳалок бўлди, 41 киши яраланди, дея хабар тарқатди маҳаллий ҳарбий қўмондон.

ИД интернетда тарқатган баёнотида ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олди ва у шиа мазҳабига мансуб кишиларга қаратилганини айтди.

Экстремист гуруҳ пойтахт Бағдод шаҳрида содир этилган жуфт худкуш ҳужуми учун жавобгарликни ҳам бўйнига олди, ушбу ҳужумлар чоғида 19 киши ўлиб, 33 киши яраланди.

XS
SM
MD
LG