Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2019, Тошкент вақти: 12:13

Россиялик амалдорлар ёшларнинг норозилик акцияларида қатнашишидан қўрқмоқда


Ёшлар Москва шаҳрининг Пушкин майдонида 26 май куни бўлиб ўтган Россия ҳукуматидаги коррупцияга қарши оммавий норозилик намойишида ўз талабларини баён қилмоқда.

Россиянинг Тольятти шаҳрида яшайдиган 17 яшар Матвей ўтган ҳафтада синфдошлари билан бирга мактабнинг мажлислар залига бошлаб борилаётганда гап нимада эканини фаҳмлаб қолди.

– Бу фильмни бошқа мактабларда ҳам кўрсатишганини билар эдик, – деди 11-синф ўқувчиси фақатгина исми тилга олиниши шарти билан «Озодлик» радиосига телефон орқали берган интервьюсида.

Матвей тахмини тўғри чиққани, яъни Россиянинг сиёсий мухолифати фашистлар ва террорчиларга тенглаштирилган фильм кўрсатилишини билиб олгач, у ҳам мамлакатдаги кўплаб ўқувчилар бундай вазиятда тутган йўлдан бориб, тадбирни телефонига ёзиб олишга қарор қилди.

– Бу – қип-қизил тарғибот, яширин тарғибот бўлса ҳам, барибир тарғибот деб ҳисоблайман, – деди Матвей.– Лекин мактабларда тарғибот тақиқланган.

Кейинчалик Матвей синфдошлари билан бирга телефонларига ёзиб олинган видеони (қуйида) эълон қилди ва бу ҳол мактаб директори билан ўрталарида аччиқ-тизиқ гапларга сабаб бўлди. Интернетга жойлаштирилган видеода ўқувчилар билан ўқитувчиларнинг мухолифат сиёсати ва кўчадаги норозилик намойишлари сабаби ҳақидаги тортишувлари акс этган.

YouTube каналига юкланган видеолар бутун мамлакат аҳолисининг эътиборини тортди ҳамда Россиянинг Владимир Путин раҳбарлигидаги сиёсий йўналиши авлодлар ўртасида тўқнашувларга сабаб бўлиши мумкинлигини, ҳукумат бунинг олдини олиш учун ёшларни Кремлга садоқат руҳида тарбиялаш учун беўхшов қадамлар қўяётганини кўрсатди.

Мухолифат етакчиси Алексей Навалний мамлакат миқёсида ташкил этган коррупцияга қарши курашга бағишланган намойишларда кўплаб ёшларнинг иштирок этгани Россия сиёсий манзарасини ағдар-тўнтар қилиб юборди. Ҳукумат идораларининг ҳукмрон синфга мутлақо ишонмай қўйган халқ билан қандай муносабатда бўлишни билмай боши қотди, дейилади ўтказилган бир тадқиқотда.

Россиялик амалдорлар, давлат ОАВ ва Кремлга содиқ гуруҳлар Навалнийни унинг илгари ўнг қанот гуруҳларини ёқлаб гапиргани ва бир неча йил олдин Москвада уюштирилган ультрамиллатчилар намойишида қатнашганини пеш қилиб, хавфли экстремист этиб кўрсатишга уринди.


Истеҳкомлар ҳақида гапиришга эрта

Москвадаги олий иқтисодиёт мактабининг Сиёсий тадқиқотлар лабораторияси мудираси Валерия Касамаранинг айтишича, ёшларни мухолифат сиёсатидан нарироқ юриш учун қўрқитиш тескари натижа бериши мумкин.

Унинг «Озодлик»ка билдиришича, «бу ёшларнинг норозиликка бўлган қизиқишини кескин ошириб юбориши мумкин».

Аммо бутун Россия бўйлаб 6000 нафар университет талабаси ўртасида уларнинг сиёсатга муносабатига оид ўтказилган сўров натижаларига асосланган тадқиқот ҳаммуаллифи Касамара ёшларнинг истагига ва сиёсий эътиқодини «истеҳкомлар»да ҳимоя қилишига шубҳа билан қарайди.


«Келажагингни барбод қиляпсан»


Тольятти шаҳридаги 70-мактабнинг мажлислар залида Матвей билан синфдошлари «Экстремизмга йўл йўқ» фильмини ими-жимида томоша қилди. Унда бошловчи кадр ортидан таҳдидли овоз билан ўқувчилардан илтимос қилади: «Сиз экстремизмнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишингиз мумкин ва шарт», бунга «Владимир Владимирович Путиннинг мамлакатни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ҳам киради».

Олдинроқ ушбу фильм намойиши Тольятти шаҳри жойлашган Самара вилоятида одамларнинг ғазабини қўзғатди. Сабаби у зўравонлик саҳналари бўлишига қарамасдан мактабларда 16 ёшдан кичик болаларга кўрсатилган эди. Бу ота-оналар ва айрим ҳуқуқшуносларнинг норозилигини келтириб чиқарди.

70-мактаб директори Ольга Жигулёвцева Матвей ва икки синфдоши нега фильмни кўрсатгани ҳақида тинмай сўрайвергач, бу ишга ўзини ҳеч ким мажбур қилмаганини, мақсади ўқувчиларга ёрдам бермоқчи бўлганини айтди.

У ўқувчиларга, «тўғри йўлни танланглар, ҳозир ёмон йўл кириб, келажагингизнги барбод қиляпсизлар», деган.

XS
SM
MD
LG