Линклар

Фаоллар Европарламент делегацияси эътиборини қамоқдаги "сиёсий" ва "диний"ларга қаратди


Тошкентга сафар қилган Европа Иттифоқи Парламенти депутатлари делегацияси 22 май куни фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди.

“Ҳозирда Ўзбекистонда 30 га яқин сиёсий маҳбус турли сохта айбловлар билан қамоқларда ўтирибди. Афсуски, Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардан келаётган делегациялар расмийлар билан учрашувларда уларнинг тақдирига етарлича қизиқиш билдирмаяпти. Бугунги кунда уларни озод қилиш энг долзарб муаммолардан биридир”, деди “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова 22 май куни Тошкентда Европа Иттифоқи Парламенти делегацияси билан бўлган учрашувда.

Тошкентга сафар қилган Европа Иттифоқи Парламенти депутатлари делегацияси 22 май куни фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашди. Бу ҳақда “Озодлик”ка хабар қилган журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги ваколатхонасида ташкил этилган учрашувга унинг ўзидан ташқари “Эзгулик” жамият раиси Васила Иноятова, бухоролик ҳуқуқ фаоли Шуҳрат Ғаниев ва Фарғонадан Абдусалом Эргашев таклиф қилинган.

Европа Парламентининг инсон ҳуқуқлари қўмитаси вакили, депутат Каролина Фалк (Carolina Falk)га кўра, ЕИ-Ўзбекистон алоқалари ривожи кўп жиҳатдан мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга боғлиқ. Шундай экан, фуқаролик жамияти вакилларининг бу борадаги кузатувлари ва вазиятга берадиган баҳоси қимматлидир.

“Мамлакатда диний эркинликлар масласидаги аҳвол анчайин ёмон. 1999 йил февраль воқеаларидан сўнг диндорларни қатағон қилиш, уларни конституциявий режимга тажовузда айблаб, узоқ йиллик қамоқ жазоларини раскруткалар билан яна-да узайтириш, уларга нисбатан қийноқлар қўллаш ачинарли ҳолдир. Айрим кам сонли диний жамоаларнинг ҳуқуқлари камситилиши ҳам кўзга ташланмоқда Масалан, Фарғонанинг Шоҳимардош анклавидаги 10 минг кишилик диний жамоа бунга мисолдир” дейди Абдусалом Эргашев.

Учрашувда фуқаролик жамияти вакиллари Европа Иттифоқи делегацияларининг мамлакатга самарасиз ташрифларини танқид қиларкан, депутатлардан Ўзбекистон ҳуумати билан мулоқотларда қамоқларда қолаётган сиёсий маҳбуслар масаласини кўтаришни сўрашди.

“Ҳозирда 30 га яқин сиёсий маҳбуслар турли сохта айбловлар билан қамоқларда ўтирибди. Афсуски, Европа Иттифоқи ва Қўшма Штатлардан келаётган делегациялар расмийлар билан учрашувларда уларнинг тақдири билан етарлича қизиқмаяпти. Бугунги кунда уларни озод қилиш энг долзарб муаммолардан биридир” дейди “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова учрашувда.

Европа Иттифоқи Парламенти делегацияси қатор расмий доираларда ҳам учрашувлар ўтказади. Делегация аъзоларининг айтишича, Ўзбекистон-ЕИ муносабатлари келажаги ана шу учрашувлардаги таассуротлар билан ҳам боғлиқдир.

XS
SM
MD
LG