Линклар

13 декабр 2017, Тошкент вақти: 21:41

Туркияда давлат тўнтиришига уринганлар устидан суд бошланди


Туркия пойтахтидан 20 км наридаги Синжан қамоқхона мажмуаси. Cуд иши шу ерда қурилган энг йирик суд залида кўриб чиқилмоқда.

Туркияда 2016 йил июлида содир этилган давлат тўнтаришига уриниш етакчилари сифатида кўрилаётган 220 дан ошиқ гумон қилинувчи шахс устидан суд маҳкамаси бошланди.

22 май куни бошланган судга тортилганлар орасида 26 нафар собиқ генерал ҳам бор. Суд мажлиси Анқара ташқарисидаги катта суд биноси залида бўлиб ўтмоқда.

Эрдўған ҳукумати 15 июлдаги давлат тўнтаришига уринишни АҚШда истиқомат қилаётган ислом руҳонийси Фатҳуллоҳ Гулен уюштирганини иддао қилмоқда, аммо у бу айбловларни кескин рад этиб келади.

Айблов хулосасида рўйхати келтирилган 221 нафар гумонланувчи қаторида айни пайтда АҚШнинг Пенсильвания штатида ихтиёрий қувғинда яшаётган Гулен ҳам бор. Аммо у билан бирга яна 8 киши ҳали ҳибсга олингани йўқ.

Жиноят иши Туркия пойтахтидан 20 км наридаги Синжан қамоқхона мажмуаси ҳудудида давлат тўнтаришига уриниш билан боғлиқ суд мажлисларини ўтказиш мақсадида қурилган энг йирик суд залида кўриб чиқилмоқда.

Гумонланувчи кишиларни суд залига хавфсизлик кучлари телекамералар ҳамроҳлигида олиб келди. Кескин хавфсизлик чоралари кўрилган, тепада дронлар учиб юрибди, суд мажлиси бўлаётган жойда зирҳли уловлар тургани кўзга ташланади.

Туркия байроқларини тутиб олган ўнлаб намойишчилар гумонланувчиларга норозилик билдириб, «ўлим жазоси берилишини талаб қиламиз», деб бақирди, улар «15 июлдаги қурбонлар ва ветеранлар ҳурмати ўлим жазоси берилишини талаб қиламиз», деган плакатларни кўтариб олган.

Айбланаётган генераллар орасида Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Акин Ўзтурк, ҳокимиятдаги партиянинг етакчи ҳуқуқшуноси Сабан Дишлининг укаси Меҳмет Дишли, шунингдек, Эрдўғоннинг ҳарбий масалалар бўйича собиқ ёрдамчиси, полковник Али Язичи бор.

Фавқулодда ҳолат

Давлат тўнтаришига уриниш ортидан жорий қилинган фавқулодда вазият чоғида кўрилган кескин чоралар натижасида Гулен ҳаракатига алоқадорликда гумон қилиниб, 47 мингдан ошиқ киши ҳибсга олинди.

Фавқулодда ҳолат уч марта узайтирилди ва 19 июль куни тугаши кутилмоқда. Аммо Эрдўғон 21 май куни «тинчлик ва фаровонлик»ка эришилмаса, у яна узайтирилишини айтди ва фавқулодда ҳолат инсон ҳуқуқларига умуман таъсир этмаганини таъкидлади.

Суд мажлиси инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Amnesty International ташкилоти Туркияни давлат тўнтариши амалга ошмай қолгандан сўнг ўтказилган бир қатор тозалаш амалиётлари чоғида давлат хизматчиларини «ўзбошимчалик билан ишдан бўшатганлик»да айблаб, маъруза чоп этган куни бошланди.

Amnesty International расмий Анқарадан «ишдан бўшатилганлар судга мурожаат қилишнинг тезкор ва самарали механизмидан фойдаланиш имконига эга бўлишлари» учун шароит яратиб беришни талаб қилди.

XS
SM
MD
LG