Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:58

Бердимуҳаммедовнинг бевақт вафот этгани айтилаётган муовини аслида ўзини осган


Озодлик манбалари Ботир Эрешов ўзини ўлдирганини иддао қилмоқдалар.
Озодлик манбалари Ботир Эрешов ўзини ўлдирганини иддао қилмоқдалар.

Туркманистон президенти Қурбонқули Бердимуҳаммедовнинг собиқ ўринбосари ўз жонига қасд қилган. Озодликнинг туркман хизмати манбалари иддаосича, 3 май куни Туркманистон оммавий ахборот воситалари бевақт вафот этгани ҳақида хабар қилган 50 ёшли Ботир Эрешов аслида бундан бир неча кун олдин ўзини осган.

Манбаларга кўра, Туркманистон Вазирлар маҳкамасининг раис ўринбосари, ишлаб чиқариш соҳаси учун масъул Ботир Эрешов ўғли йирик миқдорда пул билан ҳибсга олинганидан бир неча кун ўтгач - 29 ёки 30 апрель куни ўз жонига қасд қилган.

Эрешовнинг ўзини ўлдиргани ҳақида 21 май куни “Хроника Туркменистана” сайти ҳам хабар қилган.

Расмий тузилмаларга яқин бўлган ва исми сир қолиши шарти билан Озодликнинг туркман хизматига гапирган манбалардан бири ўғли ҳибсга олинганидан кейин Эрешовнинг ортидан кузатув ўрнатилганини¸ унинг ўзига ҳам ҳибсга олиниши ҳақида норасмий хабарлар етказилганини иддао қилди.

Бу манбанинг айтишича, марҳум амалдор ўғлининг ҳибсга олинишига Лебап вилоятидаги цемент заводида (бу корхонада порахўрлик ҳолатларини фош этилган) ўтказилган текширув сабаб бўлган.

"Ҳаммаси Эрешов тасарруфида бўлган Лебап цемент заводидаги текширувдан бошланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари апрель ойи ўрталарида цемзаводга рейд уюштиришди, камомад топишди, йирик миқдордаги порахўрлик фактлари фош бўлди. Шундан кейин унинг ўғлини йирик миқдордаги пул билан қўлга олдилар", - деди айни манба.

У собиқ амалдорнинг исми ва ёшини ҳамда унинг Лебап цемент заводи ёки отаси фаолиятида қанақа рол ўйнашини билмаслигини айтди. Бироқ Марказий Осиё республикаларида амалдорларнинг яқинлари, одатда, ўғиллар ота-оналарининг тасарруфида бўлган соҳалар ишида фаол иштирок этадилар.

Хавфсизлик важидан исми ошкор қилинмаслиги шарти билан гапирган яна бир манба Эрешов унинг ўлими расман эълон қилинганидан бир неча кун аввал ўз жонига қасд қилганини билдирди. Унинг иддаосича, Эрешовнинг ўғли бу худкушликдан бир неча кун аввал – тахминан 24-25 апрель кунлари қўлга олинган. Собиқ вазир эса 29 апрелдан 30 апрелга ўтар кечаси ўзини осган.

"Унинг ўғли катта миқдордаги пул билан ушланган. Кузатув бошланган, Эрешовни ҳар томондан ҳадемай унинг ўзини ҳам ҳибсга олишлари тўғрисида огоҳлантира бошлаганлар. Шундан кейин ўзини осиб қўйди. Жасадни олиб кетиб, уч кунгача берганлари йўқ. Кейин жасадни беришган ва тасдиқланмаган маълумотларга кўра, у ўзи туғилган Ўзбекистон ҳудудида кўмилган. Ўғли эса ҳали ҳам ҳибсхонада", - дея таъкидлайди бу манба.

“Хроника Туркменистана” сайти хабарида Эрешовнинг Ўзбекистон Бухоро вилоятидаги аждодлари кўмилган қабристонда дафн этилгани айтилади. Озодлик манбаси ҳам Ботир Эрешовнинг Ўзбекистонда туғилганини иддао қилади.

Бироқ амалдорнинг ўлими ҳақида 3 май куни чиққан расмий хабарда Ботир Норқулиевич Эрешовнинг 1966 йил 13 июнь куни Лебап вилояти Гарашсизлиқ этрапи (тумани) С.А.Ниёзов қишлоғида туғилгани қайд этилган. Собиқ иттифоқ даврида бу туман Московский деб аталган ва ҳозир у Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти чегарасидадир.

Манбалар иддаосича, майитни яқинларига 3 май куни расмий нашрларда ўлим эълони чиққанидан кейин топширганлар ва ошиғич дафн этишни буюрганлар. Жасадни Ўзбекистонга олиб кетиш бўйича расмийлар томонидан кўрсатма бўлганми, йўқми¸ бу ҳам маълум эмас.

Эрешов ўлгани ҳақида 3 май куни – Туркманистон бош прокурори Аманмират Халлиев ишдан олинган (4 майдаги) ҳукумат мажлисидан бир кун олдин эълон қилингани ҳам эътиборга сазовордир. Давлат телеканали орқали намойиш қилинган мажлисда президент Қурбонқули Бердимуҳаммедов бош прокурор билан биргаликда прокуратура ва Ички ишлар вазирлигидаги қатор амалдорларни ҳам вазифасидан озод қилган.

Бу воқеадан сўнг Озодликнинг туркман хизмати ўз манбаларига таянган ҳолда, собиқ бош прокурор ва куч ишлатар тузилмаларда ишлаган яна 50 мансабдорнинг ҳибсга олингани ҳақида хабар қилганди.

Озодлик манбалари Халлиев ва бошқа амалдорлар Осиё ўйинларини ўтказиш учун бадавлат тадбиркорлар ва ватандошлардан пул йиғиш бўйича президент буйруғини бажаролмаганлари сабабли ишдан олинганларини билдирди. Манбалардан бири президент Бердимуҳаммедов прокурорлардан бирининг уйи тинтув қилинганида у ердан 15 миллион доллар нақд пул чиққанини эшитиб, ғазаб отига минганини айтади.

Озодлик хабаридан кейин Туркманистон давлат телевидениеси ўнлаб мансабдор ҳибсга олингани ҳақида лавҳа намойиш қилган.

Бу Туркманистонда мансабдор шахс ўзини ўлдириши билан боғлиқ биринчи ҳолат эмас. Ўтган йил июнида “Туркменнефть” давлат концерни вилоят бошқармаси бўлимларидан бирининг бошлиғи бўлган Байрам исмли киши иш кабинетида ўзини осиб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG