Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 13:10

"Исломий давлат" Манчестердаги террор хуружини "халифат аскари" амалга оширганини иддао қилди


Британия полициясининг билдиришича¸ Англия шимолидаги Манчестер шаҳридаги концерт зали ташқарисида амалга оширилган портлаш оқибатида ўлганлар сони камида 22¸ жароҳатланганлар сони эса¸ 59 нафарга етган. Улар орасида болалар ҳам борлиги айтилмоқда.

Гувоҳларга кўра¸ портлаш 22 май куни маҳаллий вақт билан соат 21:45 ларда америкалик қўшиқчи Ариана Гранде концерти тугаб¸ ишқибозлар 20 минг кишилик залдан чиқаëтган пайтда амалга оширилган.

Манчестер полицияси раҳбари Иан Ҳопкинс¸ дастлабки тергов худкуш ҳужумчининг якка ҳаракат қилгани ва қўлбола портловчи мосламани портлатганини тахмин қилаëтганини билдирди.

Портлаш жойида тана қолдиқлари топилган худкуш ҳужумчи шахсига оид бирор маълумот ҳозирча ошкор этилгани йўқ. Терговчилар¸ худкуш шахсига оид тафсилотларни йиғиш ва унинг бирор террор тармоғига алоқаси бўлган-бўлмаганини аниқлаш ўз олдиларидаги бирламчи вазифа эканини билдирдилар.

Портлаш ортидан Британия ҳукуматининг фавқулодда қўмитаси (COBRA) йиғинини ўтказган Бош вазир Тереза Мей¸ ҳужумнинг террор ҳаракати экани ва ҳужумчи шахси аниқланганини билдирди.

- Полиция ва хавфсизлик хизматлари ҳужумчи шахси аниқланганига ишонадилар¸ бироқ терговнинг ҳозирги босқичида унинг исмини тасдиқлай олмаймиз¸ деди Лондон раҳбари.

Манчестердаги ҳужум муносабати билан мамлакат бўйлаб сайловолди кампаниялари вақтинча тўхтатилди.

Сўнгги хабарларга кўра¸ портлашга алоқадорликда гумонланиб 23 яшар шахс қўлга олинган.

"Исломий давлат" террор гуруҳи Telegram тармоғи орқали Манчестердаги ҳужумни "халифат аскари" амалга оширганини иддао қилди. Бу баëнотга қадар¸ ИШИДга хайрихоҳлар Манчестердаги қонли воқеани Интернетда байрам қилдилар.

Концерт зали ташқарисида қилинган террор хуружидан бир кун ўтиб¸ Манчестердаги Арндале савдо маркази эвакуация қилинди.

Бу ҳаракатга марказда эшитилган портлашга ўхшаш кучли шовқин сабаб бўлган.

XS
SM
MD
LG