Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:39

Босниялик ўқувчилар  синфларидаги “апартеид”га қарши чиқмоқда


Яйцеда мактабни бўлиш режаси айни пайтда тўхтатиб турилибди, аммо бу иш амалга ошиши мумкин – маҳаллий ҳокимият идоралари уни қандайдир тартибда бўлиш кераклигини айтмоқда. Марказий Босниянинг Яйце шаҳридаги ўрта мактаб ўқувчилари ўқиётган мактабини бўлиш режаси амалга ошишига йўл қўймаслик учун бир йил олдинги исёнини ҳамон астойдил давом эттирмоқда.

Улар маҳаллий ҳокимият идораларининг мактаб ҳудудида боснияклар ёки Босния мусулмонларидан иборат синфдошлари учун алоҳида синф хонаси ва ўқув дастури ташкил этиш тўғрисидаги қарорига қарши чиқмоқда.

Бу “бир бинода икки мактаб” деган ном олган этник сегрегация, яъни одамларни этник келиб чиқишига қараб бир-биридан ажратиш бўлиб, Босниянинг кўп жойларида жорий қилинган. Босния собиқ Югославия парчаланиб кетгандан сўнг пайдо бўлган етти мамлакатнинг биридир, парчаланиш жараёнида ўзаро қонли можаролар рўй бергани яқин тарихдан маълум.

Ушбу мактабни бўлиш режасига қарши бўлган бир гуруҳ ўқитувчилар эса “яхшироқ мактаб” ташаббуси билан чиқмоқда. Уларнинг фикрича, турли этник гуруҳларга мансуб ўқувчиларнинг талабини қондириш учун мавжуд ўқув дастурини ўзгартиришнинг ўзи кифоя. Уларни францисканлар ва маҳаллий ислом жамоатининг айрим вакиллари қўллаб-қувватламоқда.

Яйцеда мактабни бўлиш режаси айни пайтда тўхтатиб турилибди, аммо бу иш амалга ошиши мумкин – маҳаллий ҳокимият идоралари уни қандайдир тартибда бўлиш кераклигини айтмоқда. Ўз жамоати ва Босниянинг бошқа жойларида йиллаб давом этган баҳс-мунозаралардан сўнг Яйце шаҳри раҳбарияти “икки мактаб” схемаси ўрнига тажриба сифатида таклиф этилаётган ўқув дастурини ўрганиш учун 17 май куни маҳаллий қонун чиқарувчилар ва “яхшироқ мактаб” ташаббускорлари ўртасида учрашув ташкил қилди.

– Бошланғич мактабда бўлиб ўқитилганимиз етар, энди ўрта мактабда ҳам бўлинишни истамаймиз, – деди айни пайтда ягона мактаб учун курашнинг олдинги сафида турган ўқувчи Николас Римач.

Римач ота-онаси мансуб авлод ва унинг минтақада рўй берган ўзаро урушлардаги иштирокига танқидий кўз билан қарайди.

Боснияда камида 54 та мактаб этник жиҳатдан бўлиб ташланган, бу мамлакатнинг марказий ва жанубий минтақалари учун умумий ҳолдир. Ушбу ҳудудлар 90-йилларда урушга барҳам берган Дейтон келишувлари натижасида ташкил топган Мусулмон-Хорват федерацияси таркибига киради.

Турли этник гуруҳларга мансуб ўқувчилар алоҳида сменаларда, бошқа-бошқа дарсликлар ва ўқув дастури асосида ўқийди, уларни турли ўқитувчилар ўқитади. Ҳатто айрим ҳолларда – Яйцедаги бўлгани сингари – хорват ва босниак болалар турли ҳожатхоналардан фойдаланади.

Федерациянинг Конституция суди 2014 йили “бир бинодаги икки мактаб” ғоясини мамлакат Конституциясига зид деб эълон қилди. Аммо ўшандан бери ўтган вақт мобайнида ҳеч нарса ўзгармади. Ҳатто маҳаллий мактаб техник жиҳатдан “бирлаштирилган” жойларда ҳам боснияк ва хорват ўқувчилар бошқа-бошқа ўқув дастури асосида, айрим фанлар, жумладан, тил, дин, жуғрофия ва тарих алоҳида-алоҳида ўқитилади. Улар жисмоний тарбия ва компьютер лабораторияларида қайта бирлашади, холос.

Яйце шаҳрида хорватлар ва мусулмонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо у ерда камсонли серблар ҳам бор. Уларга ҳавас қилиб бўлмайди. Хорват ва боснияликлар ўқув дастурларидан бирини танлашга мажбур ота-оналар фарзандларини 70 километр наридаги Баня-Лукадаги мактабга қатнаб ўқишини афзал билмоқда.

Ўқиш тизимини ислоҳ қилиш йўлидаги барча уринишлар Хорват-мусулмон федерациясининг қаршилигига дуч келмоқда. Билдирилишича, бўлиб ўқитиш асло камситиш эмас ва бу ҳол ҳар бир босниялик этник гуруҳнинг ўз она тилида таълим олиш ҳуқуқини ҳимоя қилади.

Яйцелик фаоллардан бири Беҳаричга кўра, бўлиб ўқитишни бекор қилиш борасидаги даъватларни ҳокимиятдаги партия вакилларининг кар қулоғи эшитмаслиги мумкин. У бир маҳаллий веб-порталда бўлиб ўқитиш вақт ўтиши билан нормал ҳолга айлангани сингари айрим нарсаларга рухсат бериш ҳам хавфли эканидан огоҳлантиради.

Яқинда ЕҲХТнинг Босниядаги миссияси раҳбари, элчи Жонатан Мур яйцелик ўқувчиларни ягона таълим қўллаб-қувватлагани учун табриклади.

Яйце шаҳридаги ягона таълим учун курашаётган гуруҳни Фейсбукдаги саҳифасида кўпчилик қўллаб-қувватлаган бўлиши мумкин, аммо Беҳарикнинг айтишича, ҳокимиятдаги партияларга четдан босим бўлмаса, ўқувчиларнинг саъй-ҳаракатларидан бирор натижа кутиш қийин.

XS
SM
MD
LG