Линклар

14 декабр 2017, Тошкент вақти: 09:25

Россия ТИВ воизининг Маяковскийдан иқтибос келтириши нимадан дарак беради?


Россия ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Мария Захарова

Америка Қўшма Штатларининг илк қора танли президенти қўл остида давлат котиби бўлиб хизмат қилган Жон Керри жорий ҳафтада Москва билан Россия ўртасидаги муносабатларнинг бугунги аҳволидан таассуф билдирди ва Ҳарвард университети талабаларини рус тилини ўрганишга даъват қилди.

Россия ташқи ишлар вазирлигининг тили заҳар воизи Мария Захарова Маяковскийни назарда тутиб, мана бундай ғалати тавсия берди:

"Рус шоирининг 90 йил олдин ёзилган “кекса негр” ҳақидаги шеърини ўқиб кўринглар".

Керри 24 май куни Ҳарвард университетининг Кеннеди номидаги Бошқарув мактабидаги маърузасида партияси вакили сифатида қаттиқ гапириб, Доналд Трамп маъмуриятини қайта-қайта кескин танқид қилди.

У яна кесатиқ билан, Трамп маъмурияти муваффақият қозониш учун рус тилини ўрганиши керак, бунинг учун чет тилларни ўрганишда кенг қўлланадиган “Розетта Стоун” тижорат таъминот дастури зарур, деб айтди.

– Кўпинча мендан ҳукуматга таъсир кўрсата олишнинг қандай йўли бор, деб сўрашади, – деди Керри. – Ҳукумат яқинда ўзгарди. Олдинлари мен бунинг учун ё сайловда ютиб чиқиш керак ёки Ҳарварддаги Кеннеди мактабида ўқиб, илмий даража олиш керак деб айтар эдим. Оқ Уйнинг ҳозирги маъмуриятига эса “Розетта Стоун” тижорат таъминот дастурини сотиб олиб, рус тилини ўрганинглар, деб маслаҳат берган бўлур эдим.

Керрининг фикрлари шу кунларда Вашингтонда Трампнинг ёрдамчилари билан Россия амалдорлари ўртасидаги алоқалар ва АҚШ разведкасининг расмий Москва ўтган йилги президент сайлови кампаниясига аралашгани тўғрисидаги хулосаси билан боғлиқ пайдо бўлган можарони акс эттиради. Ушбу алоқаларни Конгресснинг бир неча қўмитаси тергов қилмоқда, ФТБ эса буни жиноят иши ҳисоблаб, тергов ўтказмоқда.

Москвада Мария Захарованинг дипломатларга хос бўлмаган заҳархандаси яҳудий сайловчилар ва АҚШнинг Москвадаги собиқ элчисига қаратилган бўлиб, Керрининг фикрларига жавоб тариқасида айтилди.

Захарованинг Фейсбукдаги саҳифасига ёзган изоҳи Кремлнинг икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг ҳозирги аҳволи учун АҚШ собиқ президенти Барак Обама айбдорлиги ҳақидаги қарашларига ҳамоҳангдир. У совет футурист шоири Владимир Маяковскийнинг шеърларини ўқиш фойдали бўлишини иддао қилди.

Сўнгра у Маяковскийнинг 1917 йили ёзилган “Ёшларга” шеъридан кўчирма келтирди:

Кекса бир негр бўлганимда ҳам,

Эринмасдан, умидсизланмай

Рус тилини ўрганар эдим,

Чунки бу тилда Ленин сўзлаган.

Захарованинг нега рус тили қайд этилган шеърни танлагани ва гапи айнан Барак Обамага қаратилгани унинг Фейсбукдаги саҳифасига изоҳ қўйган бир қанча кишиларнинг эътиборини тортди, баъзилари Керрининг маърузасини таҳлил қилган бўлса-да, кўпчилиги танланган сўз юзасидан мунозара қилди.

Кўпчилик ёши ўтиб қолган россияликлар “негр” сўзи ҳақоратомуз бўлмай, келиб чиқиши африкалик бўлган америкаликларни англатиш учун кўп ишлатилади, деган фикр билдирди. “Қора танли” ёки “қора” – “қоратанли америкалик” сингари – деган сўз ёки ибора баъзан қулоққа чалиниб туради, “қора” сўзи Жанубий Кавказ минтақасидан бўлган одамларни тавсифлаш учун ҳам ишлатилади.

Ўзини Роман Кочинский деб таништирган бир киши, “Негр” сўзининг маъноси бунчалик қўпол эмас”, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG