Линклар

Ироқ қўшинлари Мўсулдаги сўнгги ҳужумини бошлади


Ироқ аскари қочқин қизга ёрдам бермоқда

Ироқ ҳарбийлари АҚШ кўмагида Мўсул ғарбидаги "Ислом давлати" (ИД) экстремист гуруҳи қўл остидаги сўнгги мавзеларга кенг миқёсли ҳужум бошлади. Ироқ ҳарбий раҳбарияти гуруҳ етакчиси Бағдодий халифалик тузганини иддао қилган “Ал-Нурий” масжидини яқин кунлар ичида озод қилишга умид боғлаяпти.

Қўшма амалиётлар қўмондонлигининг 27 май куни маълум қилишича, хавфсизлик кучлари ИДнинг Ироқдаги сўнгги муҳим истеҳкоми бўлган ва Мўсул шаҳридан оқиб ўтувчи Дажла дарёсининг ғарбий соҳилидаги “озод қилинмаган ҳудудлар”га ҳужум қилмоқда.

Агар Мўсул шаҳри Ироқ қўшинлари қўлига ўтадиган бўлса, бу ИД экстремистларига қаттиқ зарба бўлади.

Тахминан, уч йил олдин ИД етакчиси Абу Бакр Бағдодий ушбу шаҳарда “халифалик” тузганини эълон қилган эди.

Ироқ ҳарбий амалдорлари Бағдодийнинг ушбу иддаоси янграган “Ал-Нурий” масжидини яқин кунлар ичида озод қилишга умид боғлаяпти.

Эски шаҳар қисмида яшадиган аҳолининг Рейтер ахборот агентлигига телефон орқали билдиришича, у ердаги вазият ўта мушкул.

Одамлар ё бомба портлашидан, ёки очликдан исталган пайт нобуд бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда. Улар кунига бир мартагина ё хамирли, ёки ясмиқли суюқ овқат ичмоқда.

БМТ ва инсонпарвалик ташкилотларининг баҳолашича, шаҳарда урушгача яшаган аҳолининг 1/3 қисми – 700 минг киши уруш ҳаракатлари давом этаётган жойдан чиқиб кетган, 200 мингга яқин киши эса айни пайтда гаров сифатида ушлаб турилибди.

АҚШ ва коалиция кучлари ҳаводан қўллаб-қувватлаётган Ироқ қўшинлари Мўсулни озод қилиш учун ўтган йил октябрда жанг бошлаган.

Жорий йилнинг бошларида шаҳарнинг шарқий қисми қайта қўлга киритилди ва қўшинлар Мўсулнинг аҳолиси жуда кўп бўлган ғарбий қисмида ИДнинг қақшатқич қаршилигига дуч келмоқда.

ИД жангчилари 2014 йилда ҳукумат қўшинларига қарши жангларда Ироқ ва Суриянинг анча-мунча ҳудудини эгаллаган пайт Мўсулни ҳам олган эди.

Аммо, АҚШ бошчилигидаги коалиция кучлари ИДнинг асосий истеҳкомлари бўлмиш Мўсул ва Суриянинг Раққа шаҳарларида ИД жангчиларидан кўп жойларни тортиб олди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG