Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:02

Трамп Оқ Уй ходимлари билан боғлиқ йирик ўзгаришлар қилмоқчи


Президент Трамп АҚШнинг Сицилия оролидаги авиабазасида нутқ сўзламоқда

АҚШ президенти Доналд Трамп Яқин Шарқ ва Европага тўққиз кунлик сафаридан сўнг Вашингтонга қайтди. АҚШ матбуотига кўра, у Оқ Уйда ишловчи ходимлар билан боғлиқ йирик ўзгаришлар қилишни режалаган.

Президент Трамп Италиянинг Сицилия оролида савдо-сотиқ, террорчиликка қарши кураш ва иқлим ўзгаришининг олдини олиш масалаларини муҳокама қилиш учун саноатлашган “Катта еттилик”га (G-7) аъзо мамлакатлар раҳбарлари билан учрашгандан сўнг 27 май куни пойтахтга қайтди.

Трамп биринчи хоним Мелания билан уни саволга тутган журналистларга саломлашиш маъносида қўл силкидию ҳеч нарса демай, Оқ Уйга кириб кетди.

“Вашингтон Пост”, “Нью-Йорк Таймс”, Рейтер ва бошқа ОАВнинг хабар қилишича, Трамп ўзининг президент сайловолди кампанияси ва Россиянинг 2016 йилдаги АҚШдаги сайловга аралашгани билан боғлиқ тобора кўпайиб бораётган масалаларга ечим топиш учун “оператив марказ” ташкил қилишни мўлжалламоқда.

Журналистларга кўра, тахминан, бир йил олдин президентнинг сайловолди кампанияси менежери муовини бўлган, кейинчалик ишдан бўшатилган Кори Левандовски ва бош стратег Стивен Беннон “оператив марказ”га раҳбарлик қилиши мумкин.

Бундан ташқари, Оқ Уйда ишловчи ходимлар билан боғлиқ йирик ўзгаришлар қилиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

ОАВда Россиянинг АҚШ президентлик сайловига таъсири устидан тергов да Оқ Уйдаги Трампга энг яқин кишилар ҳам нишонга олингани тўғрисида хабар берилгач, ходимлар билан боғлиқ йирик ўзгаришлар бўлиши хусусида маълумотлар пайдо бўлди.

“Вашингтон Пост” ва “Нью-Йорк Таймс”нинг хабар қилишича, Трампнинг куёви ва асосий маслаҳатчиси Жаред Кушнер президентнинг 20 январь кунги қасамёд маросимидан олдин Москва билан махфий тарзда мулоқот қилишга ҳаракат қилган.

26 май куни Сицилияда бўлиб ўтган матбуот конференциясида Оқ Уй маслаҳатчилари Ҳ.Р.МакМастер ва Г.Кон ушбу хабарга изоҳ беришдан бош тортди.

Оқ Уй маъмурияти матбуотга бунинг ўрнига Трамп “чин маънода тарихий ҳафта”, деб атаган илк чет эл сафарига эътибор қаратиш кераклигини таъкидлади.

G7 раҳбарлари террорчиликка қарши курашишда қўйилажак кейинги борасида келишувга эришгани, савдо-сотиққа халақит берувчи амалиётлардан воз кечиш ниятида эканини билдирди.

Саммит чоғида қабул қилинган коммюникеда еттиликка аъзо қолган мамлакатлар Париж битимига “оғишмай” амал қилишини яна бир карра таъкидлади, аммо унда Қўшма штатлар Париж битими ва иқлим ўзгариши бўйича “қоидаларни қайта ўрганиб чиқаётгани, айни пайтда ушбу масалада муросага рози бўлишга тайёр эмаслиги” қайд этилди.

Трамп чет элга илк сафарини Сицилиянинг Сигонелла авиабазасидаги АҚШ ҳарбий хизматчилари ва оила аъзолари олдида нутқ сўзлаш билан якунлади ва сафари давомда кечган ҳафтани “чин маънодаги тарихий ҳафта” деб атади.

XS
SM
MD
LG