Линклар

Франция президенти Путин билан сўзлашувларда “қаттиқ турмоқчи”


Франция президенти Эммануэль Макрон ва Россия президенти Владимир Путин

Франциянинг янги президенти Эммануэль Макрон Россия президенти Владимир Путин билан Париж ташқарисидаги Версаль саройида 29 май куни бўлиб ўтадиган учрашув чоғида «талабчан» бўлишини айтди.

7 май куни яққол устунлик билан ғалаб қозонган Макрон, “Россия билан музокара қилиш зарур, чунки бир қанча халқаро масалаларни улар билан кескин мулоқотсиз ҳал этиб бўлмайди”, деди.

Икки президент муҳокама қилиши кутилаётган мураккаб масалалар орасида Москванинг Франция президенти сайловига аралашгани гумон қилинаётгани, унинг Сурияда давом этаётган фуқаролар урушида президент Башар Асадни қўллаб-қувватлаётгани, Украинанинг ички ишларига аралашаётгани бор.

Макрон учрашувни рус подшоси Буюк Пётрга бағишланган кўргазма билан мос тушиши учун собиқ қирол саройига тайинлади. Президентлар учрашуви Тошкент вақти билан 16:45 да бошланиши белгиланган.

Гвенола Фарман, Версаль саройи ва Франция-Россия дипломатия муносабатлари 300 йиллигига бағишланган кўргазма мутасаддиси:

“Кўргазма Буюк Пётрнинг улкан портрети билан очилишини кўрамиз, чунки унинг бўйи 2 метру 4 сантиметр бўлган. Бу унинг бўйи баробар портретидир”.

“Мен Россия [вакиллари билан] фикр алмашаётганда талабни қаттиқ қўяман», деди Макрон 27 май куни. Ўша куни «Еттилар гуруҳи» (G7) раҳбарлари, агар Украинадаги вазият ўнгланмайдиган бўлса, Москвага қарши янги чоралар кўришга келишиб олди.

Макрон “бирлашган Европа раҳбарларидан бири сифатида ўзининг янги мақомини белгилаб олиш”га интилмоқда, деди Москвадаги Сиёсий технологиялар марказининг Францияда истиқомат қилувчи таҳлилчиси Татьяна Становая “Дойче Велле” радиосига.

Путин Франциянинг экс президенти Франсуа Олланд билан муносабатлари совуқ бўлгани сабабли, янги президент, 39 яшар Макрон билан янги алоқалар ўрнатишни мўлжалламоқда.

64 яшар Путин Олланд, мен у билан фақат Сурия масаласида музокара қилиш учунгина кўришишни истайман, деганидан сўнг октябрь ойидаги сафарини бекор қилишга мажбур бўлган эди.

Франция президенти сайлови кампанияси вақтида Путин хуш кўрган номзод Марин Ли Пен билан курашган Макроннинг командаси Россияни ҳакерлик ҳужуми уюштириш ва жамоатчиликни нотўғри ахборот бериш йўли билан чалғитишда айблади.

Макрон командасининг айтишича, Ли Пенга қарши президент сайловининг иккинчи турдан бир неча кун олдин сайлов кампанияси вақтида алмашилган ва кейинчалик электрон почталарга бузиб кириб ўғирланган минглаб хабарлар Интернетга сиздирилди. Бу ишни Россиянинг ҳарбий разведкасига алоқадор гуруҳга тегишли айрим таҳлилчилар амалга оширгани гумон қилинмоқда.

Москва сайловга аралашгани хусусидаги иддаоларни рад этиб келади.

Айни чоқда машҳур “Ҳюман Райтс Уотч” инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилоти Макрондан Путин билан учрашув чоғида инсон ҳуқуқлари масаласини кўтаришни талаб қилиб чиқди. Ташкилот вакиллари Путинни сиёсатидан норози кишиларни жазолаш, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларининг ўзбошимчаликларига кўз юмаётганликда айбламоқда.

Кремлпараст сенатор, Россия парламенти юқори палатасининг халқаро масалалар бўйича машҳур сўзловчиси Алексей Пушков, Макрон масалаларга “прагматик” ёндашади, деб умид билдирди.

XS
SM
MD
LG