Линклар

Москвадаги довулда 16 одам ҳалок бўлди (видео)


Москва расмийларининг билдиришича, довулдан ҳалок бўлган 16 кишининг 11 нафари пойтахт, 5 нафари эса Москва вилоятида яшаган. Москва вилоятида ҳалок бўлганлардан 1 нафари балоғатга етмаган бола экани айтилди.

Москва вилоят соғлиқни сақлаш департаменти раҳбари Алексей Хрипун 30 май куни табиий офат туфайли жабрланган 168 одам тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирди. Улардан 108 нафари, жумладан, 22 нафар ёш бола касалхоналарга ётқизилган.

Хрипуннинг билдиришича, касалхонада қолаётганлардан 8 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Москва мэри Сергей Собянин бу сўнгги 20 йилда Россия пойтахтида юз берган энг қаттиқ довул бўлганини билдирар экан:

“Бу мисли кўрилмаган бир фожеа бўлди. Бу воқеа кундуз куни, айни тиғиз бир пайтда юз бергани учун ҳам қурбонлар сони кўп бўлди”, деб айтди.

Унга кўра, Москва ҳукумати бугун ҳалок бўлганларнинг оилаларига моддий ёрдам кўрсатиш масаласини ҳал қилади.

Москва нашрларига кўра, ҳукумат ҳалок бўлганларнинг оилаларига 1 миллион рублдан кўмак кўрсатишни режаламоқда.

Энергетика вазирлиги 29 май куни кундузги соат 4лар атрофида бошланган довул оқибатида Москвада 7,5 мингга яқин одам электр таъминотисиз қолганини билдирди.

Москва мэри Сергей Собянинга кўра. тезлиги соатига 110 километрни, секундига 28 метрни ташкил қилган довул 3500 дарахтни томири билан қўпориб ташлаган. Натижада ўнлаб автомобилга шикаст етган. Суғурта ширкатлари зиённи тўлаб бериш бўйича мурожаатлар оқими тўхтамаётганини хабар қилмоқдалар.

Табиий офат жамоат транспорти, хусусан, автобус, троллейбус, трамвай ва ҳатто бир жойда метро ҳаракатида узилишларга олиб келди.

Коммунал хизмат ходимлари табиий офат оқибатларини бартараф қилишга уринмоқдалар.

Россия пойтахти сўнгги 20 йил ичида бу каби табиий офат билан қаршилашмаган эди. 1998 йилги бўрон оқибатида Москвада, турли маълумотларга кўра, 8 кишидан 11 кишигача нобуд бўлган.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги довул хавфи 31 майгача сақланиб қолинаётгани тўғрисида москваликларга SMS огоҳлантирув жўнатмоқда.

Москвада бўлгани каби кучли довуллар Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам бўлиб ўтди. Қозоғистоннинг Тараз шаҳрида юз берган довулда, сўнгги маълумотларга қараганда 2 киши ҳалок бўлган. Секундига 27 метр тезликда эсган довул янги қурилган уйнинг томини ёпаётган бу икки кишини учириб кетган. Бундан ташқари табиий офатдан уч киши жароҳатланган.

Қирғизистоннинг Чуй вилоятида секундига 28 метр тезликда эсаган шамол қатор уйларнинг томни учириб кетгани айтилмоқда. Бишкекда шамолнинг кучи секундига 21 метр бўлган. Қирғизистон расмийлари ҳозир довулдан кўрилган зарар миқдори ўрганилаётганини, одамлар ҳалок бўлмагани ва жабрланганлар йўқлигини билдирмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG