Линклар

Озодлик радиоси қирғиз хизмати - "Азаттик"ка нисбатан суд жараёни тўхтатилди


Қирғизистон Бош прокуратураси илтимоси билан 31 май куни Бишкек шаҳар Октябрь туман суди Озодлик радиоси қирғиз хизмати -"Азаттик"нинг банк ҳисобларига қўйилган чекловни бекор қилди.

Олий суд матбуот котиби Айнура Токтошеванинг маълум қилишича, Бош прокуратура вакили суд жараёнида "Азаттик" радиосига нисбатан даъво аризаси қайтариб олинишини ҳам билдирган.

"Азаттик" радиоси март ойида мухолифатдаги “Ата Мекен” партияси раиси Ўмурбек Текебаевнинг баёнотларини эълон қилган эди. Бунинг ортидан Бош прокурор Индира Жолдубаева "Азаттик" радиоси президент Алмазбек Атамбаевнинг обрўсига путр етказди, деган айблов билан судга мурожаат қилган.

Бош прокуратура "Азаттик" радиоси 20 миллион сўм жаримага тортилишини талаб қилгани натижасида суд радионинг банк ҳисобларини музлатиб қўйган эди.

Президент Алмазбек Атамбаев 12 майда Бош прокуратурадан "Азаттик" радиосига нисбатан судга киритилган даъво аризасини қайтариб олишни таклиф қилган.

Президент матбуот хизматининг шу муносабат билан тарқатилган баёнотида айтилишича: “жорий йил 30 мартида президент Алмазбек Атамбаев “Озод Европа/Озодлик” медиа корпорацияси президенти Томас Кентнинг шахсий илтимоси ортидан у билан учрашган. Учрашувда воқеаларни ёритишда холислик ва тарафкашликдан тийилишни таъминлаш, айрим журналистлар қайсидир шахсларнинг манфаатларини кўзламоқда, деган нуқтаи назарнинг пайдо бўлиши сабаблари муҳокама қилинган”.

XS
SM
MD
LG