Линклар

17 декабр 2017, Тошкент вақти: 17:02

Қирғиз депутати миллатчиларни ватандошликдан маҳрум этишни таклиф қилди


Қирғизистон парламенти биноси.

Қирғизистон парламентининг 1 июнда ўтган умумий йиғилишида айрим депутатлар миллатлараро низо қўзитган ёки қўзитишга ҳаракат қилган одамларни ватандошликдан маҳрум қилиш, уларга нисбатан жазо чораларини кучайтиришни таклиф қилдилар.

Депутатларнинг бу масалани кўтаришларига журналист Улуғбек Бобоқуловнинг Фарғона.ру сайтида чоп этилган мақоласи сабаб бўлди.

Депутат Мурадил Мадеминов 2010 йилги Ўш воқеаларидан сўнг мамлакатда барқарорликни тиклаш ўта қийинчилик билан амалга оширилганини эслар экан, миллатлараро низо қўзғашга ҳаракат қилаётган одамларни ватандошликдан маҳрум қилиш керак, деган фикрни айтди.

Депутат Алтибаева эса:

-Ҳозиргача июнь қирғинида фарзандларини йўқотган аёлларнинг кўз ёши тўхтагани йўқ. Журналистнинг бу мақоласи фитна. Бу мақола воқеанинг навбатдаги йиллиги яқинлашиб келаётган бир пайтда ёзилди. Қирғизистондаги барқарорликни мана шу каби биргина сўз издан чиқариши мумкин. Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу каби мақолаларга эътибор қаратиб, баҳо бериши лозим, -деб фикр билдирди.

Журналист Улуғбек Бобоқулов бу каби танқидларга жавоб берар экан Озодлик радиосига айрим одамлар унинг мақоласи мазмуни ва моҳиятини тушунмай, нотўғри хулоса чиқарганларини айтди:

-Мен мақоламда ижтимоий тармоқларда миллатлараро низони қўзғатувчи постлар ва фикрлар ёзилмоқда деб, ўша фикрларни рус тилига таржима қилиб қўйганман холос. Бундан мақсад, бу каби ҳолатларга махсус хизматларнинг эътиборини жалб қилиш эди. Махсус хизматлар сиёсий масалалар билан шуғулланмай, бу каби ҳолатларнинг олдини олиши керак, -деди Улуғбек Бобоқулов.

Журналистнинг Фарғона ру сайтида чоп этилган мақоласида ижтимоий тармоқларда нотўғри ва провакацион маълумотларнинг жойлаштирлиши ортидан айрим миллатчилар Қирғизистонда ячшаётган бошқа халқларга нисбатан ҳақоратли ва зўравонликка даъват этувчи чақириқларни ёзиб қолдираётгани, бундай вазиятга махсус хизматлар панжа ортидан қарашда давом этаётгани айтилган.

Бу мақола чоп этилганидан сўнг Қирғизистон миллий жамоатчилик телеканали Улуғбек Бобоқулов “халқ душмани” сифатда тамсил этилган деярли 10 дақиқали махсус кўрсатувни намойиш қилди.

Телекўрсатувда иштирок этган экспертлар журналист Новкен туманида содир бўлган маиший низо тўғрисида тасдиқланмаган маълумотни ижтимоий тармоқларга жойлаштирилиши ортидан билдирилган “салбий фикрлар тўғрисидаги хабарни расмий халқаро сайтда эълон қилиш натижасида ижтимоий тармоқларда фикр қолдирган миллатчилардан кўпроқ зарар етказди”, каби фикрларни билдирганлар.

2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг жанубий вилоятларида юз берган миллатлараро тўқнашувлар натижасида 442 одам ҳалок бўлган эди.

XS
SM
MD
LG