Линклар

OzodMaktub: АҚШда яшаётган олим Мирзиёевдан "жирканч усулларга чек қўйишни" сўради


Чорак асрдан буён ўзининг биологик фарзандини қидираётган физика-математика фанлари доктори, 73 яшар Собир Тўлаганов 2016 йилнинг декабрида амалий ёрдам сўраб бош вазир қабулхонасига мурожаат қилгани тўғрисида Озодликка айтиб берган эди. Шу кунда АҚШда яшаётган ўзбекистонлик олимдан кеча Озодликка хат келди. Мактуб Озодликка келдию адресати бошқа.

Олимнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёвнинг номига ёзилган хатини OzodMaktub рукнида эътиборингизга ҳавола қилаяпмиз.

***

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевга, вактинча АҚШ да яшаётган ф.-м.ф.д. Собир Тўлагановдан

ОЧИҚ ХАТ

Муҳтарам Шавкат Миромонович!

Сизга аён бўлса керак, кечаги кунда куч ишлатар тизимларда, ўзига таъсир ўтказиш қийин бўлган ҳақиқат талаб инсонларни итоаткор қилиш учун, уларнинг якинларига босим ўтказиш каби жирканч усуллардан фойдаланилган ҳоллар ҳам бўлган.

Сиз олиб бораётган сиёсат туфайли, халкимизда ҳақчилликка умид-ишонч уйғонабошлаган бугунги кунда, ўша жирканч усулдан воз кечмаган мулозимлар бор кўринади.

Далил:

30-май куни кечаси, АҚШ вакти билан соат 2 да, Тошкентдан менга телефон қилишди. Аёлимнинг телефон орқали қўрқув асносидаги “оҳ-воҳ дашномлари”дан англаганим шу бўлдики, фарзанд кутаётган қизимга милициядан телефон қилишиб, мени суриштиришибди, уйимиз кимга қарашли эканини сўрашибди ва, тушинтириш хати ёзиб бериш учун, қизим ички ишлар бўлимига бориши зарурлигини айтишибди. Маҳалладан ҳам телефон қилишиб, қизим ички ишлар бўлимига бориши зарурлигини тайинлашибди.

Ҳеч қандай асоссиз милицияга чақириш, ҳеч қандай асоссиз тушинтириш хати ёзиш!

Бу ҳавотирли ҳолдан қўрқувга тушган қизимни тоби бўлмай қолибди. Шундан бери, улар мен билан алоқани узишди, телефон мурожаатларимга ҳам жавоб беришмаяпти. Қўрқув туфайли, мен билан алоқа қилмасликлари босимда енгиллик туғдиради, деб ўйлашаётган бўлишса керак. Қизимни аҳволи қандай, билаолмай ҳавотирдаман.

Ушбу босимнинг сабаби сифатида, менинг виртуал қабулхонангиз орқали Сизга ёзаётган мурожаатларим ва уларни “Дунё ўзбеклари” сайтида ёритиб бораётганимдан бошқа таҳмин мавжуд эмас.

Гап шундаки, юртимизда эса бошлаган ҳурлик шабадаларидан, халқ манфаати йўлида қилинажак ҳаракатлар режалари ҳақидаги чиқишларингиздан, оиламиз дуч келган муҳим бир ноҳаклик борасида Сизга мурожат қилишга менда ишонч уйғонди. Бу ишонч, сиёсий тажрибаси пухта бўлган, ҳур фикрли самимий юртдошларимиз томонидан ҳам асосли деб топилгач, туғруқхонада алмашиб қолган биологик фарзандимизни топишда кўмак сўраб, виртуал қабулхона орқали Сизга мурожат этдим.

Мурожаатномамга, прокурорлар мантиқ ва ҳақиқатга зид жавоб йўллашди. Шу тариқа, мен улар жавобларидаги ёлғон ва мантиқсизликларни кўрсатиб, такрор ва такрор, Сизга мурожаат юбораяпман. Прокурорларнинг, ҳақиқатни юзага чиқармаслик учун бундай жонбозлик кўрсатаётганлари боиси, аввал улар бу жиноят фош бўлмаслиги учун кўп қонунга зид ҳаракатларни амалга оширишганлигида, деб ўйлайман.

Муҳтарам Президент!

Менинг қизимга кўрсатилган бу асоссиз босим ташаббуси кимдан чиқганини аниқлаб, қонуний чора кўрилишини, бундай жирканж усулга чек қўйилишини сўрайман.

2017 йил 1-июнъ.

Ҳурмат билан, ф.-м.ф.д. Собир Тўлаганов.

Мурожаат рақами:

151713-s/17

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG