Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 02:26

Лондонда террор ҳужумида 7 киши ўлди, 3 ҳужумчи отиб ташланди (ВИДЕО)


Лондон кўпригида 3 шахс кичик юк машинасини йўловчилар устига солди ва ресторанга ҳужум қилди. Расмий маълумотга кўра, 3 июн оқшом амалга оширилган ҳужум "террор акти" сифатида баҳоланмоқда. Полиция, ҳодисадан 8 дақиқа ўтиб, 3 ҳужумчи отиб ўлдирилганини билдирди.

Британия ҳокимият идораларининг маълум қилишича, 3 июнь куни маҳаллий вақти билан соат оқшом соат 10да ҳужумчилар микроавтобусни Лондон кўпригидаги пиёдалар устига ҳайдаган, сўнгра ҳодиса яқинидаги ресторан мижозларига пичоқ билан ташланган.

Расмий маълумотга кўра, жами 10 киши ўлган - 7 киши террор ҳужуми қурбони бўлган, ҳодисадан, 8 дақиқа ўтиб, 3 ҳужумчи отиб ташланган.

Лондон тез тиббий ёрдам хизматининг 4 июнь куни маълум қилишича, ҳужум содир бўлгандан сўнг бутун шаҳар бўйлаб 48 киши касалхонага ётқизилди, кичик жароҳат олган бир қанча кишига воқеа рўй бўлган жойнинг ўзида тиббий хизмат кўрсатилди.

Лондон мэри Содиқ Хонга кўра, айрим яраланган кишиларнинг аҳволи ўта оғир.

4 июнь куни эрталаб пойтахт полициясининг террорчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи Марк Роули ҳужумчилар 3 киши бўлганига ишонилаётгани, терговчилар воқеани “террорчилик ҳужуми” деб суриштираётганини айтди.

Ҳокимият идораларининг айтишича, ҳужумчилар сохта портловчи нимчалар кийиб олган.

Ушбу террорчилик ҳужуми учун ҳеч бир гуруҳ масъулиятни зиммасига олмади.

Бу март ойи охиридан бери Британияда содир этилган учинчи террорчилик ҳужумидир, 22 март куни парламент яқинидаги Вестминстер кўпригида ҳам шундай фожиа рўй берган, 22 май куни Манчестер шаҳридаги стадионда америкалик эстрада хонандаси Ариана Гранденинг концерти вақтида бомба портлатилган эди.

Воқеа ҳужумчилар оқ микроавтобусни Лондон кўпригидаги йўлдан пиёдалар йўлагига бургани ва бир қанча пиёдани бостириб кетиши билан бошланди, деди ҳокимият идоралари вакиллари.

Сўнгра улар кўприк яқинидаги Боро маркетига бориб, полиция отиб ўлдиришидан олдин гавжум ресторан ва барларда беш-ўн кишини пичоқлади.

Ўша пайтда Лондон кўпригида бўлган Би-Би-Си мухбири Ҳолли Жонс “соатига 50 миля (80 километр) тезликда юриб келаётган” микравтобусни кўрганини хабар қилди.

Боро маркетидаги гувоҳларнинг билдиришича, пичоқ билан қуролланиб олган 3 киши бар ва ресторанларга бостириб кириб, дуч келган одамларни пичоқлай кетган, у ерда ишловчи кишилар ё қочиб кетган, ёки биноларнинг ичига яширинган.

Дастлаб ўлдирилган 7 киши кўприкдан ўтаётган пиёдалар ёки маркетдаги ресторан мижозлари бўлгани аниқ эмас эди.

Бош вазир Тереза Мэй воқеани “даҳшатли” ва “мудҳиш воқеа” деб атади. У 4 июнь куни ҳукуматнингCOBRA фавқулодда қўмитаси мажлисини ўтказди.

Лондон мэри Содиқ Хон ҳужумчиларни “баттол қўрқоқлар” деб атади ва “Лондон ҳеч қачон қўрқмайди”, деди.

Полиция “келгуси кунларда бутун Лондон бўйлаб фаолиятини кучайтиришини режалаётгани”ни хабар қилди.

Британия яқинда рўй берган террорчилик воқеалари ва 8 июнь куни бўлиб ўтадиган умумхалқ сайлови олдидан хавфсизлик чораларини кучайтирди.

Британияда кетма-кет рўй берган террорчилик ҳужумларини дунё мамлакатлари ва ҳукуматлари раҳбарлари, жумладан, АҚШ президенти Доналд Трамп, Германия канцлери Ангела Меркель, Франциянинг янги сайланган президенти Эммануэль Макрон ва бошқа раҳбарлар кескин қоралаб чиқди. Дунё раҳбарлари террорчиликка қарши курашда Британия халқи билан бирдам эканини изҳор қилмоқда.

XS
SM
MD
LG